Мақолалар

Абу Абс ибн Жабр Ансорий (розийаллоҳу анҳу)

Чоп этилди Noyabr 3, 2020 Абу Абс ибн Жабр Ансорий (розийаллоҳу анҳу)da fikr bildirishni o'chirish

Орамизда халқи, касби ва оиласига фидокор инсонлар кўплаб топилади. Ҳатто уларнинг айримлари одамлар осойишта ҳаёти, тинчлиги йўлида жонларини ҳам аяшмайди. Қиссамиз қаҳрамони ана шундай фидойи инсонлардан. У динимиз равнақи йўлида кўп меҳнат қилган, ҳатто соғлигини ҳам йўқотган.

Абдурраҳмон ибн Жабр Ансорий, Авсий, Ҳорисий. Жоҳилиятда исми Абдул Уззо (баъзи ривоятларда Маъбад) бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг исмини Абдурраҳмонга ўзгартирганлар. У Абу Абс кунияси билан машҳур. Онаси Лайло бинти Рофеъ. Фарзандлари: Муҳаммад, Маҳмуд, Убайдуллоҳ, Зайд ва Ҳумайда.

Нубувват келганда Абу Абс розийаллоҳу анҳу Аллоҳнинг чақириғига лаббай дея жавоб берди, Набий алайҳиссаломга эргашиб, барча фатҳларда елкама-елка курашди. Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ бундай ривоят қилади: “Абу Абс Ансорий буюк саҳобалардан бири. Набий алайҳиссалом Абу Абсни Муҳаммад ибн Маслама, Салкон ибн Салома ва Аббод ибн Бишр розийаллоҳу анҳум билан Каъб ибн Ашрафни ўлдиришга юборганлар. Сабаби, Каъб ибн Ашраф ва Абу Рофеъ ибн Абу Ҳуқайқ мусулмонларга кўп озор берарди. Аллоҳнинг изни билан Абу Абс розийаллоҳу анҳу Каъб ибн Ашрафни қатл этади. Бу ҳодиса Бароат сураси нозил қилинишидан олдин бўлади. Абу Абс розийаллоҳу анҳу Абу Бурда ибн Нийор билан Бану Ҳориса қавмининг бутларини синдиришга бош бўлган.

Жоҳилият замонида Абу Абс розийаллоҳу анҳу араб хатида яхши ёзарди. У пайт араб ёзувини биладиганлар оз бўлган. У Исломга кирганидан кейин Набий алайҳиссалом Хунайс ибн Ҳузофа Саҳмий билан оға-ини тутинтириб қўйдилар.

Зубайр ибн Баккор “Ал ахбарул муваффақият” китобида бундай ёзади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Абсга кўзлари кўрмай қолганда асо ҳадя қилиб: “Мана шу билан ёруғлан”, дедилар.

Анас розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Абс ибн Жабр Ансорий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни таом тайёрлаб чақирди. Шунда Набий алайҳиссалом дастурхон атрофига келиб ўтирмоқчи бўлганларга: “Таом олдида ковушларингизни ечиб ўтиринглар. Бу гўзал суннатдир”, дедилар.

Язид ибн Абу Марям розийаллоҳу анҳу Абоя ибн Руфоъанинг: “Абу Абс ибн Жабр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Қайси банданинг оёқлари Аллоҳ йўлида ғуборланса, Парвардигор у оёқларга жаҳаннамни ҳаром қилади”, деганларини ривоят қилган. Абу Абс розийаллоҳу анҳу Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан ривоят қилган ҳадисни ўғли Зайд ва набираси Абу Абс ибн Муҳаммад ибн Абу Абс ва Абоя ибн Руфоъалар ривоят қилишган.

Абу Абс Ислом дини равнақи йўлида тинимсиз меҳнат қилди. Олдин кўз нуридан, кейин эса хотирасидан айрилди. Ҳазрат Умар ва ҳазрат Усмон розийаллоҳу анҳумо халифалик даврларида Абу Абсни одамларга садақа тарқатиш учун юборишарди. Кунларнинг бирида ҳазрат Усмон розийаллоҳу анҳу Абу Абснинг ҳолидан хабар олиш учун унинг хонадонига боради. Шу пайт Абу Абс ҳушсиз эди. Сўнг у ўзига келгач, ҳазрат Усмон розийаллоҳу анҳу: “Ўзингни қандай ҳис қиляпсан?” деб сўрайди. Абу Абс розийаллоҳу анҳу: “Барча амалларимдан кўнглим хотиржам. Фақат кўп йиллик тинимсиз меҳнат орқасидан хотирам заифлашди. Мана шундан халос бўлолмадим”, деб жавоб беради.

Абу Абс Мадинада етмиш ёшида вафот этган. Жанозасини ҳазрат Усмон розийаллоҳу анҳу ўқиган. Бақиъ қабристонига дафн этилган.

Манбалар асосида Маъмура СИДДИҚОВА тайёрлади.

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 9-сонидан