Деҳқонки дона сочар – элга ризқ йўлин очар
Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар, Пайғамбаримиз алайҳиссаломга салавоту дурудлар бўлсин. Аллоҳ таоло Наҳл сурасининг 10-11-оятларида:
“У осмондан сизлар учун ундан ичимлик бўладиган сувни (ёмғирни) ёғдирган зотдир. (Ҳайвонларингизни) боқадиган гиёҳлар ҳам ўша сувдан (суғорилур). У сизлар учун ўша (сув) билан (турли) экинларни, зайтун, хурмо, узум ва барча меваларни ундирур. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломат бордир”, деб марҳамат қилган.
Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло инсонлар ва ҳайвонлар чиройли яшашлари учун ер юзини обод қилиб, осмондан баракот сувларини ёғдириб, шу сув орқали дарахтлар, ўт-ўлан ва барча набототларни ўстириб қўйди.
Ойша розийаллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ризқни ердан (яъни, деҳқончилик қилиш билан) изланглар”, деганлар (Байҳақий ва Табароний ривоят қилган).
Деҳқончилик ер юзини обод қилувчи касблардан биридир. Ислом дини деҳқончилик ва боғдорчилик ишларига катта эътибор беради ва тарғиб қилади.
Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қайси бир мусулмон бирорта дарахт ўтқазса ёки бирор экин экса ва ундан бирорта қуш ёки инсон ёки ҳайвон тановул қилса, у сабабли унга садақа (савоби) бўлади” – дедилар» (Имом Бухорий ривоят қилган).
Жобир розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким Аллоҳга ишониб, савоб умид қилган ҳолда қаровсиз ерни обод қилса, унга ёрдам ва барака бериш Аллоҳга лозим бўлади”, дедилар» (Байҳақий ва Табароний ривоят қилган). (“Аллоҳга лозим бўлади” дегани – мазкур бандага Аллоҳнинг фазл-карами бўлади, деганидир).
Аллоҳ таолонинг ушбу ҳадисда зикр қилинган ваъдасига етишиш учун деҳқонлар қилаётган ишларни ибодат деб қилишлари лозимдир. Ҳалол-покиза йўллар билан меҳнат қилса, иншоаллоҳ, зироатига барака кириб, албатта, мўл-кўл ҳосилга эга бўлади.
Саҳобалардан бир қанчалари деҳқончилик билан машғул бўлганлар. Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу саҳобалар ичида зоҳидлардан бири бўлса-да, деҳқончилик қилар эди. Саъд ибн Абу Ваққос розийаллоҳу анҳу деҳқончиликдан мўл ҳосил олиш учун ўз ерига ўғитлар билан ишлов берар эди.
Деҳқончилик улуғ ва фазилатли амалдир. Чунки кўплаб ояти карималарда боғлар ва далаларнинг ҳосили Аллоҳ таолонинг изни ва иродаси билан етилиши баён этилган. Бу эса, деҳқон ва боғбонларнинг меҳнати Аллоҳ таолонинг назари остида эканига ва Аллоҳ таоло уларга мададкор эканига далолат қилади.
Аллоҳ таоло Қоф сурасининг 9-оятида: “Ва осмондан барака сувини туширдик ҳамда у билан боғ-роғларни ва дон ҳосилини ўстирдик”, деб хабар берган. Ушбу оятда барча ҳосиллар Аллоҳ таоло томонидан инсонларга ризқ қилиб берилгани баён этилади. Инсон эса ўз ризқига бефарқ бўлиши мумкин эмас.
Халқимиз томонидан деҳқончилик борасида айтилган кўплаб мазмунга бой мақолларни келтириш мумкин. Масалан: “Деҳқон бўлсанг қошида бўл, Сипоҳ бўлсанг бошида бўл”, “Деҳқон ишлаб дон сочар, элга ризқ йўлини очар” каби мақоллар халқимиз деҳқончилик ишларига қанчалик эътиборли эканини ҳамда деҳқончилик мавсумининг ҳар бир кунини ғанимат билишини англатади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ерда экин-тикин қилиб, ризқ-рўзингизни талаб қилингиз”, деганлар.
Аллома Мовардий розийаллоҳу анҳу айтадиларки: “Инсоннинг тирикчилиги уч нарсага боғланган: деҳқончилик, тижорат ва ҳунармандчилик. Менинг наздимда деҳқончилик энг покизаси ва энг афзалидир”.
Чунки деҳқончиликда Аллоҳ таолога таваккал қилиш кўпроқ бўлади ва инсонлар ва бошқа жонзотлар ризқига сабаб бўлиш бўлади. Шу сабабдан энг афзал касб ҳисобланади. Бундан ташқари ер юзида кўкариб турган дарахтлар борки, Аллоҳ таолога сажда қилади, ўз ҳоли, тили билан тасбеҳ айтади. Қуръони каримда Аллоҳ таоло бу ҳақда Ар-Раҳмон сурасининг 6-оятида: “Ўт-ўлан ҳам, дарахтлар ҳам сажда қилурлар”, деб марҳамат қилган.
Деҳқончилик қилаётган кишиларнинг қалби Аллоҳ таолонинг итоатига яқин бўлади. Деҳқон экин уруғини экади. Осмондан ёмғир ёғишини Аллоҳ таолодан сўрайди, сўнг ўша эккан уруғидан ўсимлик униб чиқишидаги Аллоҳ таолонинг қудратига гувоҳ бўлиб туради. Бу билан деҳқонда икки сифат – Аллоҳга имон ва таваккул жамланган бўлади. Ерга уруғ экилади, энди қолгани Аллоҳдан, деҳқон одам шунда таваккал қилади. Қалби Аллоҳ таолога доим боғланиб туради. Шунинг учун ҳам баъзи уламоларимиз деҳқончиликни энг афзал касб деганлар.
Ер юзида экин экиб, деҳқончилик қилиш ризқ топишнинг энг яхши воситасидир. Инсон ҳалол ризқ талабида касб қилиши унинг азизлигини зиёда қилади. Динимизда экин, кўчат экиш, деҳқончилик билан шуғулланишнинг ҳукми фарзи кифоядир. Баъзилар адо қилсалар, қолган инсонлардан соқит бўлади. Агар ҳеч ким қилмаса, барча одамлар бирдек гуноҳкор бўладилар.
Аллоҳ таоло деҳқонларимизга, боғбонларимизга, барча қишлоқ хўжалик ходимларига ҳосиллари мўл-кўл бўлишини, юртимизга Ўзининг баракотлари ёғилишини, етиштирилган ҳосилларини нес-нобуд ва увол қилмай йиғиб-териб олишларини насиб этсин.
Меҳмонхон ЖАББОРОВ,
Жиззах вилоят бош имом-хатиби
“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 10-сонидан