Асрга қасам
“Аср билан қасамёд этурманки, (ҳар бир) инсон зиёнда (бахтсизликда)дир! Фақат имон келтирган ва солиҳ амалларни қилган, бир-бирларига ҳақиқатпарвар бўлишни тавсия этган ва бир-бирларига сабрли бўлишни тавсия этган зотларгина бундан мустаснодирлар”.
“Аср билан қасамёд этурманки…” Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу: “Аср”дан мурод “юз йиллик вақт”, деган. Яна “аср” деб бир йилга ҳам айтилади, деганлар ҳам бор. Бир ўринда: “Аср, яъни ўрта (аср) намозига қасам. Чунки у энг афзал намоз”, деб айтилган.
“(Ҳар бир) инсон зиёнда (бахтсизликда) дир!” Муфассирлар оятдаги “инсон”дан мурод барча инсонлар дейишган. Ибн Аббос, Абу Солиҳ ва Имом Заҳҳок: «Ундан мурод бир гуруҳ мушриклар жамоасидир. Улар Валид ибн Муғийра, Ос ибн Воил, Асвад ибн Абдулмутталиб ибн Асад ибн Абдулуззо, Асвад ибн Абду Яғус», деб тафсир қилишган.
“Фақат имон келтирган ва солиҳ амалларни қилган, бир-бирларига ҳақиқатпарвар бўлишни тавсия этган ва бир-бирларига сабрли бўлишни тавсия этган зотларгина бундан мустаснодирлар”. Мужоҳид раҳимаҳуллоҳ бундай дейди: «(Ҳар бир) инсон зиёнда (бахтсизликда)дир! Фақат имон келтирган ва солиҳ амалларни қилган (Аллоҳ таолога имон келтириб, Унга ширк келтирмаган, Унинг ваҳдониятини тасдиқлаган, Унга ибодат этган ва яхши амалларни бажарган, фарзларни адо этган ва гуноҳлардан четланганлар) бир-бирларига ҳақиқатпарвар бўлишни тавсия этган ва бир-бирларига сабрли бўлишни тавсия этган зотларгина мустаснодирлар».
Убай ибн Каъб розийаллоҳу анҳу бундай ривоят қилади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Аср сурасини ўқиб бериб: “Ё Набияллоҳ, бунинг тафсири нима?” деб сўрадим. У зоти алайҳиссалом дедилар: “Аср билан қасамёд этурманки…” яъни, Аллоҳ таоло куннинг охири билан қасам ичмоқда. “(ҳар бир) инсон (Абу Жаҳл) зиёнда (бахтсизликда)дир!” “Фақат имон келтирган (Абу Бакр) ва солиҳ амалларни қилган (Умар), бир-бирларига ҳақиқатпарвар бўлишни тавсия этган (Усмон) ва бир-бирларига сабрли бўлишни тавсия этган (Али) мустаснодир”. Аллоҳ уларнинг барчаларидан рози бўлсин». Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу минбарда туриб: «“Бир-бирларига тавсия этган”, яъни бир бирингизга муҳаббатли бўлинглар, бир-бирингизга насиҳат қилиб, бир-бирингизни қизиқтиринглар”. “Ҳақиқатпарвар бўлишни”, яъни тавҳидни”, дея хитоб қилган».
Аср сураси ҳажми ва оятлари жиҳатидан Қуръони каримдаги энг кичик суралардандир. Лекин маъно жиҳатидан буюкдир. Имом Табарий Убайдуллоҳ ибн Ҳафсдан ривоят қилади: “Набий алайҳиссалом асҳоблари кўришиб қолишса, бир-бирларига Аср сурасини ўқиб бермагунча ажралишмас эдилар”. Имом Шофиъий: “Агар инсонлар бу сурани тўлиқ тадаббур этсалар, улар (ҳидоятда юришлари) учун етарли бўларди”, деб айтган.
“Тафсири Насафий”,“Тафсири Мунир”,
“Тафсири Қуртубий” ва “Тафсири Табарий” асосида
“Кўкалдош” ўрта махсус билим юрти талабаси
Талъатжон УМАРОВ тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 10-сонидан