Бизга дунё тўлалигича берилганини биласизми?
Убайдуллоҳ ибн Миҳсон Ансорий Хотмий розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бошпанасида тинч, тани саломат, бир кеча-кундузлик озуқаси бор ҳолда тонг оттирса, гўё унга бутун дунё тўлалигича берилибди”, дедилар» (Имом Термизий ривояти).
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бандаларига санаб ҳисобига ета олмайдиган неъматлар ато қилганини айтади. Мусулмон киши доимо ана ўша беҳисоб неъматларга дили эътирофда, тили шукрда, бадани эса хайрли ва савобли амалларда бардавом бўлиши лозим.
Яратган Раббимиз берган ҳар бир катта-кичик неъматларнинг ҳаётимизда ўз ўрни бор. Тинчлик, саломатлик ва кифоя қилгудек ризқ кабилар эса неъматлар асоси, онаси саналади.
Ҳадиси шарифнинг ҳаётимиздаги ўрнига эътибор қаратайлик. Эрталаб уйқудан туриб, кўзимиз ни очсак, демак, ҳаёт эканмиз. Аллоҳ бизга яна яшаш имконини берибди. Сўнг атрофга қараймиз: ҳамма жой осуда, уй ҳам. Ўғри тушмаган, душманнинг хавфи йўқ. Ўзимизга қараймиз: танимиз соғ, аъзолардан шикоят йўқ. Уйимизда эса қорнимиз тўядиган даражада озиқ-овқатимиз етарлича бор. Дунёда инсон учун бундан зарур неъмат борми?!
Келинг, ҳадиси шарифни янада чуқур ўрганиб, ҳаётий мисоллар билан кўриб чиқайлик.
“Ким бошпанасида тинч…” Дарҳақиқат, тинчлик – улуғ, бебаҳо неъмат. Барча неъматларнинг қадри, баракаси, ибодатларнинг ҳаловати тинчликка боғлиқ. Тинчлик нафақат тирик инсонга, балки оламдан ўтган марҳумга ҳам керак. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрларни зиёрат қилганларида ҳам Аллоҳдан тинчлик сўраб дуо қилар эдилар.
Тинчлик ҳатто ҳайвонотлар учун ҳам муҳим экан. Зоолог олимларнинг таъкидлашича, нотинч жойлардан ҳайвонлару қушлар кетиб қолар экан.
«Иброҳимнинг: “Раббим, буни омонлик юрти қилгин ва аҳлидан Аллоҳга ва қиёмат кунига имон келтирганларини мевалар ила ризқлантиргин”, деганини эсла» (Иброҳим сураси, 7-оят).
Дуонинг мазмунига эътибор қаратинг. Унда жамият фаровонлиги ва турмуш тарзини яхшилашга хизмат қилувчи икки омил: тинчлик-омонлик ва ризқ-рўз айтилмоқда. Ҳақиқатда, ана шу икки нарса бор бўлса, ҳаёт бир маромда давом этади. Ҳар иккиси ёки бири йўқ бўлганда эса, ҳаётда қийинчилик ва машаққатлар бўй кўрсата бошлайди.
“…тани саломат…” Инсоннинг тану жони саломат бўлиши катта неъмат. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам саломатликни кўпчилик қадрига етмайдиган, улуғ неъмат, деганлар. Яна соғликни ғанимат билиб, ундан оқилона фойдаланишга тарғиб қилганлар. Танида бирор касаллиги бор кишининг ҳаётидан ҳаловат қочади. Фикру хаёлини ўша дарддан халос бўлиш эгаллаб олади. Бемор кишида на емоқ-ичмоққа, на ҳаётга рағбат қолади. Саломатлик неъматини бирор аъзосига зирапча кирган одам билади.
“…бир кеча-кундузлик озуқаси бор ҳолда..” Инсон ҳаётида емоқ-ичмоқнинг ҳам ўрни катта. Усиз ҳаётни тасаввур қилиб бўлмайди. Инсон овқатсиз 2 ҳафтагача, сувсиз 3 кунгача яшай олади. Ҳозирги кунда бутун дунёда 800 миллиондан ортиқ одам очарчиликдан азият чекмоқда. Бу сайёрамизда яшовчи аҳолининг 11 фоизини ташкил этади. Бир кунда 21 минг киши очликдан вафот этар экан. Бу ҳар 4 сонияда бир киши оламдан ўтади, деганидир. Уларнинг аксарияти болалардир. Африканинг баъзи ерларида туғилган чақалоқлар 3 ёшга тўлмагунча туғилганлик ҳақида гувоҳнома берилмас экан. Негаки, уларнинг ҳаммаси ҳам шу вақт ичида яшаб кетолмас экан. Очлик ҳам бир офат. Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи ва саллам дуоларида доим очликдан паноҳ сўраб, бундай деганлар: “Ё Аллоҳ, Сендан очликдан паноҳ тилайман. Чунки у қандай ёмон ҳамроҳдир”.
Саъдий Шерозий раҳматуллоҳи алайҳ “Гулистон” китобида бир бурда нонга эга бўлишини катта бойлик деб, ҳаммани унга шукр келтиришга чорлаб, айтадилар:
Булут, шамол, қуёш, ойу осмон
Етказиш учун сенга бир бурда нон.
Ҳаммаси ухламас, бедордир ҳар он,
Инсофдан эмас тутмасанг фармон.
“…тонг оттирса…”. Статистик маълумотларга кўра, бир кечада 18 минг киши уйқуга
ётиб, қайтиб ўрнидан турмас экан. Улар уйқудалик чоғида вафот этадилар. Уйқудан уйғониб, кўзини очган ҳар бир кишини биринчи
тилига келадиган сўзи шукрона бўлиши керак. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам уйғонишлари билан Аллоҳга ҳамд айтар эдилар.
“…тинч, тани саломат, бир кеча-кундузлик озуқаси бор…” Ҳадиси шарифда ана шу уч неъматни хослаб зикр қилиниши бежиз эмас. Чунки бу неъматлар юқорида айтганимиздек, инсон ҳаётида муҳим ўрин эгаллайди.
Аллоҳ таоло бизга берган неъматларини эътироф қилиб, уларнинг қадрига етиб, шукрини адо этиб яшашимиз ҳам фарз, ҳам қарздир.
Манбалар асосида “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта
махсус ислом билим юрти мударриси Равшанбек ЎРИНБОЕВ тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 10-сонидан