ПОРЛАБ ТУРУВЧИ НУР
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг* набавий гўзаллик тўлиқ намоён бўладиган нурлари ҳақида бир қанча сифатларни айтиб ўтдик.
Бу порлоқ нурни Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти каримаси ҳам тасдиқлайди:
«Дарҳақиқат, Aллoҳдaн сизлaргa нур вa рaвшaн Китoб кeлди» (Моида сураси, 15-оят).
Кўпчилик олимлар: «Ушбу оятдаги “нур”дан мурод Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, деганлар. Имом Табарий, Ибн Абу Ҳотим ҳамда Қуртубий мазкур оятни худди шундай тафсир қилишган.
Қатода айтади: «Ушбу оятдаги “нур” Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам назарда тутиляпти».
Пайғамбар алайҳиссалом туғилганларида оналари ана шу нурни кўргани ва бу нур Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга чиқиб, Шом қасрларини ёритгани ҳақида собит бўлган кўпгина ривоятлар ҳақиқатда ҳам у зотнинг нуроний бўлганларини қўллаб-қувватлайди.
Бу нуронийликни Имом Табаронийнинг ҳадисида зикр қилинган мана бу жумлалар ҳам тасдиқлайди: «Набий алайҳиссалом (гапирсалар,) оғизларидан худди нур чиқаётгандек ҳолатни кўрар эдик». Бу ҳадисни Ибн Аббосдан ривоят қилинган ҳадис ҳам қувватлайди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам гапирсалар, тишлари орасидан нур порлаётгандек кўринар эди».1
Имом Термизий «Шамоил»да Ибн Абу Ҳоладан ривоят қилган ҳадисда ул зот соллаллоҳу алайҳи ва салламни таърифлаб бундай дейилган: «Расулуллоҳда у зотни улуғвор қилиб кўрсатадиган нур мавжуд эди».
Ойша розийаллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Бир куни ўтирган эдим, Набий алайҳиссалом эса оёқ кийимларини таъмирлаётган эдилар. Шунда пешоналари терлай бошлади, терларидан нур пайдо бўла бошлади. Буни кўриб, ҳайратим ошди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сенга нима қилди, ҳайратланиб қолдинг?» дедилар. Мен: “Пешонангиз терлай бошлади, кейин шу терлардан нур пайдо бўлди, агар Абу Кабир Ҳузалий сизни кўрганида эди, айтган шеърига сиз ҳақлироқ эканингизни билар эди”, дедим». Чунки Ҳузалий ўз шеърида бир кишини мақтаб, шундай деган эди:
У ёмонлар чангию, бузуқлигидан покдир,
Юзига боқсанг, бамисли ҳеч ўчмас чироқдир.
Юқоридаги маълумотлардан «Пайғамбар алайҳиссалом нур таратувчи жисм бўлган эканлар», деган фикрга бормаслик керак. Бундай фикрга бориш хато бўлиб, бу билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни чироқ ёки нур таратувчи воситага чиқариб қўйилган бўлади. Ваҳоланки, Пайғамбар алайҳиссаломдаги нурни чироқ ёки бошқа бирор ёритувчи воситанинг нурига ўхшатиш тўғри эмас. Чунки чироқ ёки шам каби атрофни ёритувчи воситаларнинг нури моддиятга боғлиқ нурлардир, яъни бу воситалар нур таратишда маълум бир ёнилғига ёки қувват манбаига муҳтождир. Пайғамбар алайҳиссаломдаги нур эса ҳеч қандай ёруғлик манбаига муҳтож бўлмаган маънавий нурдир. Шам ва фонуснинг ёнилғиси тугаши билан улардан таралаётган нур ўчади, Пайғамбар алайҳиссаломнинг нурлари эса ҳар доим муборак юзларида барқ уриб турган.
Шуни таъкидлаш лозимки, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юзларидаги нур» деганда мажозий маънодаги нур тушунилади. Бироқ баъзида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламда нур чиқарувчи жисмлардаги каби нур пайдо бўлиб турганлиги ҳақида ҳам ривоятлар бор. Фақат бундай ҳолат у зотда доимий бўлмаган, балки қачон ўша нарсага эҳтиёж туғилса, шунда пайдо бўлар эди. Ундай нурнинг чиқиши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мўъжизаларидан бири ҳисобланган. Қолаверса, бу каби ҳолат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларида ҳам кузатилган. Бунга улуғ саҳобий Усайд ибн Ҳузайр ва Аббод ибн Бишр розийаллоҳу анҳумо билан содир бўлган воқеани мисол қилиб келтиришимиз мумкин.
Анас розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Усайд ибн Ҳузайр билан Аббод ибн Бишр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида қоронғи тушгунча гаплашиб ўтириб, кейин уйларига қайтишди. Йўлда кетаётганларида икковларидан бирининг қўлидаги таёқ чарақлаб, йўлни ёритди ва икковлон унинг ёруғида юришда давом этишди. Бир-бирларидан ажралганларида ҳам ҳар бирининг таёғи ўзидан нур таратиб, атрофни ёритди. Ҳар бирлари шу нур ёғдусида уйларига кетишди».2
1 Зарқоний бу ҳадисни Имом Термизий ва Имом Доримий ривоят қилганини айтган.
2 Имом Бухорий «Саҳиҳ»ида зикр қилган.
Саййид Муҳаммад Ҳасанийнинг «Икки олам сарвари» китобидан
Ғиёсиддин ҲАБИБУЛЛОҲ таржимаси
“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 10-сонидан