Мақолалар

Савдода ихтиёр шарти

Чоп этилди Noyabr 5, 2020 Савдода ихтиёр шартиda fikr bildirishni o'chirish

Сотувчи ва харидорнинг савдолашувда савдони бироз муддатдан кейин қабул қилиш ёки бекор қилишни шарт қилиши “ихтиёр шарти” дейилади.

Икки тарафдан бирига ёки иккисига уч кун ва ундан камига ихтиёр шарти тўғри бўлади. Уч кундан кўпига бўлмайди.

Уч кундан кўпига келишилган бўлса, уч кун ичида ихтиёр бор, қолганида йўқ. Масалан: сотувчи ёки харидор: “Хоҳлаган пайтим айниб қолишим мумкин”, деб шарт қўя олмайди.

Бу ўринда савдолашув пайтида савдодан айниш ихтиёри ва муддати ҳақида гап кетяпти. Сотувчи: “Савдони бекор қилиш ихтиёри шарти билан сотаман”, харидор: “Савдони бекор қилиш ихтиёри шарти билан оламан”, дейиши мумкин. Фақат муддат уч кун бўлиши керак.

Ибн Умар розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ихтиёр уч кундир”, дедилар» (Имом Байҳақий ривояти).

Ҳиббон ибн Мунқиз розийаллоҳу анҳу савдода алданиб қолишидан шикоят қилиб Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига борди. Шунда у зот алайҳиссалом: “Алдаш йўқ, менда уч кун ихтиёр бор, дегин”, дедилар (“Туҳфатул фуқаҳо”).

Шарт муддатини доимий ёки номаълум қилиш жоиз эмас, балки икки ё уч кун деса тўғри бўлади, дейилган.

Харидор келишилган баҳони уч кун ёки ундан кўп кунда бермаса, сотувчи савдо бўлмаслигини шарт қилса бўлади.

Ихтиёр шартини сотувчи қилган бўлса, сотилган нарса унинг мулкидан чиқмайди. Уч кун индамаса, харидорнинг мулкига айланади. Масалан: сотувчи ихтиёр шарти билан сотди. Харидор уни олиб кетди ва мол унинг қўлида талофат кўрди. Шунда харидор худди баҳолашиб сотиб олган нарсага ўхшаш бўлиб, қийматини (ушбу нарса қанча турса, ўшани) тўлайди.

Агар ихтиёр харидор тарафда бўлса, мол сотувчининг мулкидан чиқади ва агар харидор қўлида ҳалок бўлса келишилган баҳони тўлайди. Лекин шу ихтиёр муддати ўтмагунча, харидорнинг мулкига айланмайди.

Савдони бузиш

Савдо вақтида сотувчи ёки харидор ихтиёр муддатини белгилайди. Шу муддат ичида савдодан айниб, уни бузмоқчи бўлса, буни иккинчи томонга билдириши керак. Иккинчи тараф хабарсиз бўлса, фасх – савдони бузиш кучга кирмайди.

Агар савдони бузиш фикридан қайтган бўлса, буни билдириш шарт эмас.

Муддат ўтиши, сотиб олинган нарсадан рози бўлиб уни ишлатиш ва розилик аломатини билдирадиган ишни қилиш ихтиёрни кетказади. Яъни, шарт қўйиш ҳаққи кетади. Синаш учун ишлатиб кўриш, миниб кўриш бундан мустасно.

Иккита ёки учтасидан бирини танлаб олиш мақсадида кийим савдосини қилса бўлади. Ундан кўпида бўлмайди. Битта кийимни икки марта кийгандан кейин ихтиёр шартини қўя олмайди. Ҳайвон ёки уловни синаш ва юргизиб кўришда ҳам ихтиёр шарти қолади.

Айб ва танлаш ихтиёри меросхўрга ўтишига ижмо қилинган. Савдони бекор қилиш ҳуқуқи ёки унинг акси меросхўрга ўтмайди.

Масалан: бир киши иккитадан биттасини танлаб олиш шарти билан савдо қилганидан кейин вафот этса, меросхўр биттасини танлаш ҳуқуқига эга. Ёки молдан айб чиқса, сотувчига қайтариб бериш ҳуқуқига ҳам эга. Лекин савдони бузиш ёки давом эттиришни ҳал қила олмайди. Шунингдек, вафот этган киши молни кўрмасдан савдо қилиб: “Кўрганимдан кейин оламан”, деб шарт қўйган бўлса, бу ҳуқуқ меросхўрга ўтмайди. Демак, келишилган молнинг пули тўланмаган бўлса, меросхўр ўшани тўлайди.

“Туҳфатул фуқаҳо” ва “Кифоя” китоблари асосида
Абдуллоҳ АЛИҚУЛОВ тайёрлади.

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 10-сонидан