Маслаҳатлашиш суннатдир
Инсон амалга оширмоқчи бўлган муҳим ишларида, мушкул вазиятга дучор бўлганда муносиб кишилар билан маслаҳат қилишдан тортинмаслиги керак. Чунки киши ўзини ақлли санаб, маслаҳатсиз иш қилганда кўпинча хатога йўл қўяди. Маслаҳатлашиш эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидан саналади. Ҳатто инсонлар ичида энг юксак ақл-заковат эгаси бўлсалар-да, у зот ҳам баъзи ишларда саҳобаи киромлар билан маслаҳатлашишга буюрилган:
“(Эй Муҳаммад), Аллоҳ томонидан бўлган бир марҳамат сабабли уларга (саҳобаларингизга) мулойим бўлдингиз. Агар қўпол, қалби қаттиқ бўлганингизда эди, албатта, атрофингиздан тарқалиб кетган бўлар эдилар. Бас, уларни афв этинг, улар учун Аллоҳдан мағфират сўранг ва (у хусусда ваҳий нозил қилинмаган) ишларингизда уларга маслаҳат солинг! Энди (маслаҳат қилгач, бирон ишни) қасд қилсангиз, Аллоҳга таваккул қилинг – суянинг! Албатта, Аллоҳ таваккул қилувчиларни (У Зотга суяниб иш қилувчиларни) севади” (Оли Имрон сураси, 159-оят).
Саҳобаи киромлар ҳам ҳаётлари мобайнида ушбу суннатга оғишмай амал қилиб яшадилар. Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан кўра кўпроқ маслаҳатлашувчиларни кўрмадим”.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда охиратдаги боқий неъматлар ва ажру мукофотларга сазовор бўлувчи бандаларининг сифатларини баён қилар экан, жумладан бундай марҳамат қилади: “Улар Раббиларига ижобатитоат этган ва намозни тўкис адо қилган зотлардир. Уларнинг ишлари (мудом) ўзаро маслаҳат (билан) бўлур ва Биз уларни ризқлантирган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилурлар” (Шўро сураси, 38-оят).
Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу: “Бирор киши маслаҳатлашишдан ҳалок бўлмади”, яъни зарар кўрмади, дейди.
Бироқ, маслаҳат муносиб киши томонидан берилсагина, натижа муваффақиятли бўлади. Акс ҳолда кутилган мақсад ҳосил бўлиши қийин. Искандар Зулқарнайнга устози насиҳат қилиб бундай деган: “Эй Искандар, маслаҳатлашадиган бўлсанг, ақлли ва доно кишиларни топиб маслаҳатлаш, олийҳиммат кишилардан ёрдам сўра, ҳар бир масалани шу масалани тушунадиган ва шу масалага дахли бор одамлар билан бирга ҳал қил, ҳиммати паст кишилардан ҳеч вақт яхшилик ҳосил бўлмайди!”
Олимлардан Аҳнаф ибн Қайс айтади: “Очнинг қорнини тўйдирмай, ташнанинг чанқоғини бостирмай, асир кишини озод қилмай, камбағалнинг ҳожатини чиқармай туриб, бирор иш юзасидан улар билан маслаҳату машварат қилма!”
Айниқса, диний масалалар хусусида илмсиз кимсалардан ёхуд эътироф этилмаган ишончсиз шахслардан маслаҳат сўраш тўғри йўлдан адашишга, турли бидъат-хурофотларнинг пайдо бўлиши ва тарқалишига олиб келади. Жаъфар Содиқ Суфён Саврий раҳимаҳуллоҳга бундай насиҳат қилди: “Ишинг ҳақида Аллоҳ таолодан қўрқадиган зотлар билан (яъни, илмига амал қилувчи етук уламолар билан) маслаҳатлаш”.
Шунинг учун бундай масалаларда Аллоҳ таолонинг: “Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлидан (яъни, илм аҳлларидан) сўранглар!” (Наҳл сураси, 43-оят) оятига амал қиладиган бўлсак, дунёю охиратда муваффақиятга эришамиз, иншоаллоҳ.
Асрорхон МАҲМУДОВ, “Мир Араб” олий мадрасаси ўқитувчиси
“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 10-сонидан