Мақолалар

Сўраган эдингиз…

Чоп этилди Noyabr 5, 2020 Сўраган эдингиз…da fikr bildirishni o'chirish

САВОЛ: Араб тилини яхши билган киши Қуръондан ўзича ҳукм чиқарса бўладими?

ЖАВОБ:  Йўқ, араб тилини яхши билишнинг ўзи Қуръони карим ва ҳадиси шарифдан ҳукм чиқариш учун кифоя қилмайди. Балки бунинг учун киши бир қанча шаръий илмларни ҳам билиши шарт. Жумладан, биринчи навбатда, араб грамматикасини (наҳв, сарф) ва балоғат илмини мўътабар манбалар асосида таълим олган бўлиши даркор. Кейин Қуръон ва ҳадис илмини, ундаги оятларнинг нозил бўлиш сабабларини билмоғи, носих-мансух, мутлақ ва муқайяд, омм ва хос каби усулул-фиқҳ қоидаларини пухта билиши ва улардан ўз ўрнида фойдалана олиш кўникмасига эга бўлиши лозим. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким Қуръонни ўз фикрича тафсир қилса, дўзахдан ўзига жой тайёрласин”, деганлар (Имом Термизий ривоят қилган). Валлоҳу аълам!

САВОЛ: Менинг Рамазон ойи рўзасидан қарзим бор. Нафл рўза тутсам бўладими ёки олдин қарз рўзамни тутишим керакми?

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Рамазон рўзасидан қазоси бор кишининг нафл рўза тутиши ҳақида Алоуддин Косоний «Бадоиус саное» китобида бундай дейди: “Рамазон рўзасидан қазоси бўлган киши нафл рўза тутиши макруҳ эмас”.

Мазкур китобнинг бошқа бир ўрнида бундай дейилган: “Қазони ўтаб бериш ҳақидаги буйруқ муайян вақтда вожиб бўлмайди, балки мутлақ вақт (яъни, банда имкон топган)да вожиб бўлади”. Шунга биноан Рамазон рўзасидан қарзи бор киши қазосини тутмай туриб ҳам, нафл рўза тутиши мумкин. Валлоҳу аълам.

САВОЛ: Аёл киши узрли бўлган (ҳайз ва нифос) пайтида истиғфор, тасбеҳ ва зикрларни айтиб юрса бўладими?

ЖАВОБ: Авваламбор, мусулмон киши доимо таҳоратли юриши мустаҳабдир. Аёллар узрли бўлган пайтларида таҳоратли ҳолатда юришларининг имкони йўқ. Шундай бўлса-да, шариатимиз уларга бундай пайтларда ҳам зикр қилиш, тасбеҳ, таҳлил, истиғфор ва салавотлар айтиб, дуолар қилиш каби савобли ишларни бажаришларига рухсат берган. Узрли аёллар суннатга амал қилиш мақсадида ҳар бир яхши ишни “Бисмиллаҳ” деб бошлашлари мумкин.

Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ “Ал-Азкор” китобида бундай деган: “Таҳоратсиз, жунуб, ҳайз ва нифос ҳолатидаги кимсалар қалблари ва тиллари билан зикр қилишлари жоиз эканига уламолар ижмо (иттифоқ) қилганлар. Зикр қилиш – тасбеҳ (Субҳааналлоҳ), таҳлил (Лаа илааҳа иллаллоҳ), ҳамд (Алҳамдулиллоҳ), такбир (Аллоҳу акбар) ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтишдир”. Узрли аёллар Қуръони каримни ушламайди ва ўқимайди. Лекин эшитишлари жоиз. Валлоҳу аълам!

САВОЛ: Жума намозида имом қироат қилаётганда баъзи кишилар хам бирга овоз чиқариб қироат қилиши қулоққа чалиниб туради. Шу амал дурустми?

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Имом қироат қилаётган пайтда унга иқтидо қилган киши ҳам ичида қироат қилиши макруҳ амал саналади. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Аъроф сурасида: «Қуръон ўқилганда унга қулоқ тутинг ва жим бўлинг. Шунда раҳм қилинурсиз», деган (204-оят).

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ушбу оят намозда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ортларида туриб овоз чиқариш ҳақида нозил бўлган” (Ибн Жарир, Ибн Абу Ҳотим, Ибн Мардавайҳ ва Ибн Асокир ривояти).

Кўплаб ҳадиси шарифларда имомнинг қироати иқтидо қилган шахс учун ҳам кифоя қилиши очиқ айтиб ўтилган. Масалан, Жобир розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий алайҳиссалом: “Имомнинг қироати унга иқтидо қилганнинг қироатидир”, деганлар (Имом Аҳмад ривояти).

Машҳур муҳаддис олим Бадриддин Айний: “Саксонга яқин саҳобалар имом ортидан қироат қилишдан қайтаришган”, деган (“Ал-Биноя фи шарҳил Ҳидоя”).

Имом Шаъбий айтадилар: “Мен Бадр ғазотида қатнашган саҳобаларнинг етмиш нафари билан учрашдим. Уларнинг ҳаммаси имомга иқтидо қилувчини қироатдан қайтаришар эди”.

Ушбу ва ундан бошқа ривоятларга кўра барча мазҳаб фуқаҳолари имом жаҳрий (овоз чиқариб) қироат қилганда унга иқтидо қилган киши қироат қилиши жоиз эмас, деганлар.

Ҳанафий мазҳаби манбаларидан бўлган “Табйинул ҳақоиқ шарҳу Канзид дақоиқ” китобида: “Имом жаҳрий ўқиганда ҳам, махфий ўқиганда ҳам эргашувчи қироат қилмайди”, дейилган. Валлоҳу аълам!

САВОЛ: Аллоҳ таоло бошлаган ишларингизни хайрли қилсин. Саволим шуки, саломга алик олмаслик гуноҳ деб эшитдим. Шу тўғрими?

ЖАВОБ: Салом бериш суннатдир. Саломга алик олиш вожибдир. Икки мўмин бир-бирига дуч келганида, хоҳ таниш, хоҳ нотаниш бўлсин, салом беришлари савобли ишлардан ҳисобланади.

Саломни «Ассалому алайкум» ёки «Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ» деб тўлиқ айтиш лозим. Жавобда «Ва алайкум ассалом» ёки «Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ» дейилади. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Қачон сизларга бирор саломлашиш (ибораси) билан салом берилса, сизлар ундан чиройлироқ қилиб алик олингиз ёки ўша (ибора)ни қайтарингиз. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсани ҳисобга олувчи зотдир» (Нисо сураси, 86-оят).

Абу Умома Суҳайл ибн Ҳанифдан, у отасидан ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким “Ассалому алайкум” деса, унга ўнта яхшилик бор, ким “Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳ” деса, унга йигирмата яхшилик бор, ким “Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ” деса, унга ўттиз яхшилик бор”, дедилар» (Имом Табароний “Мўъжамул кабир”да ривоят қилган).

Абдуллоҳ ибн Ҳорис розийаллоҳу анҳу: «Агар бир киши бир қавмга салом берса, унга бир даража фазл бўлади. Агар қавм унга алик олмаса, фаришталар унга алик олишади ва у қавмни лаънатлашади», деган.

Агар бир киши бошқа кишига бировдан салом айтиб юборса, ўртадаги одам саломни етказса, дарҳол жавоб бериш вожиб. Агар мактубда салом битилса, уҳолда ҳам жавоб лозим бўлади. Баланд овозда салом берилади ва жавоб ҳам салом берувчига эшиттирилади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Саломни ораларингизда ёйинглар», деганлар. Зеро, салом бериш билан бир-биримизга соғлик ва тинчлик неъматларини тилаймиз. Валлоҳу аълам!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 10-сонидан