Уммат залолат устида жам бўлмайди
Ислом дини инсонпарвар, ривожланган, юксак адолатли, маънавиятли ҳаётни таъминлашга қаратилган. Зеро, тинчлик Ислом динининг ҳам луғавий, ҳам истилоҳий маъно ва мақсадларидан биридир. Тинчлик инсон тараққиёт кўрсаткичи ўсишининг асосий омилидир. Ислом дини номидан амалга оширилаётган ҳар бир иш тинчликни ўрнатишга ёки тинчликни асраб-авайлашга қаратилган бўлиши лозим. Кўр-кўрона мутаассибликка асосланган сохта салафийлик ғояларига мусулмон шарқи мамлакатларининг уламолари ҳам ўз раддияларини бермоқдалар. Қатор халқаро илмий анжуманлар минбарларидан Ислом дунёсининг етакчи олимлари бундай мутаассиблик беқарорлик, низолар, уруш ва вайронагарчиликлар, ихтилофлар ва энг аянчлиси қон тўкилишига олиб келаётганини афсус билан қайд этмоқдалар. Сохта салафийлар томонидан айрим исломий тушунчаларнинг ғаразли талқин қилиниши эса носоғлом тасаввурларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлмоқда. Айниқса, жиҳод сўзининг маъносини сохталаштириш аянчли оқибатларга олиб келаётгани қатор минбарларда афсус ва надомат билан тилга олинмоқда. «Жиҳод» сўзи «қитол», яъни «уруш» сўзининг синоними эмас. Шунингдек, ҳар қандай жиҳод уруш ва аксинча, ҳар қандай уруш жиҳод бўлавермайди. Шаръий матнларни ўрганиш шуни кўрсатадики, Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қиладиган ҳар қандай иш борки, жиҳод ҳисобланади. Масалан, ота-онага яхшилик қилиш ҳам жиҳод. Бунга: «У иккиси (яъни ота-она) борасида жиҳод қилгин», ҳадиси далил бўлади. Аллоҳ таолога итоат қилиб, нафсга, шайтонга тобе бўлмаслик ҳам жиҳод саналади. Бу борада Имом Аҳмаддан ривоят қилинган ҳадисда: «Мужоҳид – Аллоҳ таоло итоатида ўз нафсига қарши курашган кишидир», дейилади.
Шундай экан, ислом жаннатга киришга ҳамда дўзахдан узоқлашишга сабаб бўлувчи Аллоҳ таолонинг зикри, бунёдкорлик ишлари, инсонларга яхшилик қилиш, ер юзида осуда ҳаёт кечириш каби жиҳодга, яъни саъй-ҳаракат қилишга чақиради. Зеро, асл жиҳод – Ислом таълимотига кўра – Аллоҳ таолога яқинлаштирувчи солиҳ амалларни ўз ичига олади. Бинобарин, ҳалол тижорат, ишлаб чиқариш ёки қудуқ қазиб сув чиқариш каби ишлар ҳам шулар жумласидандир. Уруш маъносидаги жиҳодга келадиган бўлсак, у – шариат ҳимоясини вожиб қилган нарсалар, шунингдек, ватанни ҳимоя қилиш эканлигига ҳозирги замон Ислом уламолари иттифоқ қилганлар.
Қуръони каримда ҳам ҳар бир мусулмондан тинчликнинг бир учқуни сезилган заҳотиёқ уни қабул қилиш талаб қилинади: «Агар улар сулҳга мойил бўлсалар, сиз ҳам унга мойил бўлинг ва Аллоҳга таваккул қилинг!» (Анфол, 61). Бу борада Ислом тарихида юз берган Ҳудайбия сулҳида Пайғамбар алайҳиссаломнинг тинчлик учун кўрсатган марҳаматлари маълум ва машҳурдир. Шундай экан, Ислом динининг соф моҳиятини англаган мусулмон киши тажовузкорлик ва зўравонликка юз тутиши мантиққа зид. Зеро, «… Аллоҳ ҳақ билан ботилни (мана шундай мисол билан) баён қилур. Бас, кўпик ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетур. Одамларга фойдали бўлган нарса эса Ерда қолур… » (Раъд, 17).
Шундай қилиб, сохта салафийлик мазкур ғоялари Ислом дини таълимотларига зид бўлиб, мусулмонларнинг дунёвий соҳаларда тараққиётга бўлган интилишига тўсқинлик қилувчи йўналишдир. Бунга уларнинг диний матнларни ҳарфий, зоҳиран тушунишлари, хос ва қайдланганмасалаларга оид фатволарни умумий ҳолатлар учун қўллаш мумкин, деб ҳисоблашлари сабаб бўлмоқда. Мана шу ёндашувлар мўмин-мусулмонлар ўртасида тўхтовсиз уруш, низо ва келишмовчиликларни келтириб чиқармоқда. Сохта салафийлар пайдо бўлгандан бери мусулмонларни кофирга чиқариш ва уларга қарши “жиҳод” эълон қилиш каби бузуқ ғояси билан дунёнинг аксар мусулмон давлатларида беқарорликнинг юзага келишининг асосий сабабчилари ҳисобланадилар. Бу эса, ушбу йўналиш ортида Ислом динини бузиб кўрсатиш орқали мусулмонларни бир-бирларига қарши қўйиш, мусулмон мамлакатларида беқарорлик келтириб чиқариш, натижада мусулмонлар доимо қолоқликда бўлишларини режа қилган учинчи кучлар борлигидан далолат беради. Сохта салафийлар эса ўзлари билган ва билмаган ҳолда ана шу УЧИНЧИ КУЧларнинг қуроли сифатида уларга хизмат қилмоқдалар.
Қуръон ва суннатдаги диний матнлар кишиларни тадаббур этишлари, турли масалалар бўйича тафаккурларини ишлатишларига йўл очиб берди. Натижада, турли мазҳаб ва қарашлар шаклланди. Ислом динининг бой илмий мероси, жумладан, юртимиз алломалари яратган нодир илмий асарлар мазмун-моҳияти ўрганилса, уларнинг Қуръон ва суннатга тўлиқ мослиги, мустаҳкам тафаккур асосида юзага келганини кўриб-билиш мумкин. Ушбу улкан бебаҳо мерос қаршисида сохта салафийларнинг қарашлари таги пуч, ҳарфий, зоҳиран ёндашилган саёз қарашлар мажмуаси экани аён бўлади.
Шундай экан, Ислом динига баҳоли қудрат амал қилмоқчи бўлган инсонлар минг йиллар оша, миллиардлаб мусулмонларнинг йўли бўлган, эътиқод ва амал борасида Қуръон, ҳадис ва мужтаҳидлар ижмоси асоси бўлган ҳамда ҳадисда «савод ал-аъзам», яъни “катта оломон” деб аталган умматдан бир қарич ҳам ажралмасалар, асл мақсадга эришадилар. Зеро, Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Умматим залолат устида жам бўлмайди» деб, умматни турли тоифаларга бўлинмаслик ва тўғри йўлда собит бўлишга чорлаганлар.
Шукрулло ЖЎРАЕВ,
Дин ишлари бўйича қўмита мутахассиси
“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 10-сонидан