Мақолалар

Сидқ мақоми

Чоп этилди Noyabr 6, 2020 Сидқ мақомиda fikr bildirishni o'chirish

“Эй, имон келтирганлар, Аллоҳга тақво қилинглар ва содиқлар ила бирга бўлинглар” (Тавба сураси, 119-оят).

“Сидқ” арабча сўз бўлиб, “ростгўйлик”, “садоқат”, “ваъдага вафо қилиш” маъноларини англатади. У кизб (ёлғон)нинг тескарисидир. Сидқи бор киши содиқ дейилади. Руҳий тарбия илми устозлари таърифида қуйидагича:

Роғиб раҳимаҳуллоҳ: “Сидқ гапнинг инсоф ва хабари берилаётган нарсага тўғри келишидир”, деб таъриф берган.

Абдулвоҳид ибн Зайд: “Сидқ Аллоҳ субҳонаҳуга амал ила вафо қилишдир”, деб айтган.

Аҳмад ибн Ходравия айтади: «Ким Аллоҳ таоло у билан бўлишини истаса, сидқни маҳкам тутсин. Чунки Аллоҳ таоло: “Албатта, Аллоҳ содиқлар билан биргадир”, деган».

Содиқ ва сиддиқнинг фарқи

Содиқ “сидқ” сўзидан олинган бўлиб, “ростгўй” маъносини, сиддиқ эса, унинг муболағаси, яъни ростгўйлиги содиқликдан-да кучли бўлишини англатади.

Содиқликнинг паст даражаси кишининг ичи ва сирти бир хил бўлишидир. Сиддиқ эса барча сўз, иш ва ҳолда ростгўй кишидир.

Абу Али Даққоқ айтади: “Сидқ ишдаги асосдир. Иш у ила мукаммал бўлади. У пайғамбарликка яқин даражадир. “Ким Аллоҳга ва Расулга итоат қилса, бас, ана ўшалар Аллоҳ неъмат берган набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлар билан биргадирлар. Ва уларнинг рафиқ (дўст) лари қандай ҳам яхши!” (Нисо сураси, 69-оят).

Оятда сиддиқ – ростгўй кишилар набийлардан кейин зикр қилинмоқда ва Аллоҳ таоло неъмат ато этган зотлар деб, таърифланмоқда.

Сидқнинг маънолари

  • Тилда содиқлик

Жунайд Бағдодий айтади: сидқ ёлғондан бошқа чора йўқ пайтда рост сўзлашдир.

Абу Саид Араший бундай дейди: «Ўлимга доим тайёр ва сири очилганда уялиб қолмайдиган киши содиқдир. Чунки Қуръони каримда: «Айт: “Агар Аллоҳнинг ҳузуридаги охират ҳовлиси бошқа одамларсиз холис сизга бўладиган бўлса, гапингизда ростгўй бўлсангиз, ўлимни орзу қилинг”, дейилган» (Бақара сураси, 94-оят).

  • Ният ва иродада содиқлик

Абу Амр Зажжоний бундай ҳикоя қилади: “Онам вафот этди. Менга ундан бир ҳовли мерос қолди. Уни эллик динорга сотиб, ҳажга йўл олдим. Бир жойга етганимда ер остидан сув чиқарадиганлардан бири: “Ниманг бор?” деди. Ичимда рост айтган яхши, деб: “Эллик динорим бор”, дедим. У: “Уни менга бер”, деди. Мен бердим. Санаб кўриб, “Ростгўйлигинг мени маҳв этди”, деди-да, уловидан тушиб, менга: “Унга мин!” деди. Мен: “Хоҳламайман”, дедим. У мени қўймай, уловига миндирди ва: “Энди мен сенинг асирингман”, деди. Кейинги йил мени учратиб қолди ва ўлгунича мендан ажрамади.

  • Азму қарорда содиқлик

Талҳа ибн Абдуллоҳ розийаллоҳу анҳудан Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда бир аъробий Пайғамбар алайҳиссаломдан Ислом ҳақида сўради. Набий алайҳиссалоту вассалом унга қисқа қилиб беш вақт намоз, Рамазон рўзаси ва закотни айтдилар. Аъробий қасам ичиб, бундан зиёда ҳам, кам ҳам қилмайман, деб қайтиб кетди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар гапида содиқ бўлса, ютди”, дедилар.

  • Амалда содиқлик

Бунда ичи ва таши бир хил бўлиши керак. Абдурраҳмон ибн Зайд айтади: “Ҳасан розийаллоҳу анҳу бир нарсага буюрса, ўзи ўшани ҳаммадан яхши қилар эди. Бир нарсадан қайтарса, ўшандан ҳаммадан кўра узоқда бўлар эди. Мен у каби ичи ташига ўхшаш одамни кўрмаганман”.

  • Дин мақомотларида содиқлик

Бу содиқликнинг олий даражаси бўлиб, соликнинг мақомларда самимияти, ихлоси, ростгўйлигида кўринади.

Аллоҳ таоло сидқни мадҳ қилиб бундай дейди: «Аллоҳ: “Бу – ростгўйларга ростгўйликлари манфаат берадиган кун. Уларга остларидан анҳорлар оқиб турган жаннатлар бор, уларда мангу қолурлар. Аллоҳ улардан рози бўлди. Улар ҳам Аллоҳдан рози бўлдилар. Ана ўша буюк ютуқдир”, деди», (Моида сураси, 119-оят).

Сидқ ана шундай улуғ даража, буюк мақомдир.

“Рисолатул қушайрия” ва “Руҳий тарбия” китобларидан
Абдуллоҳ АЛИҚУЛОВ тайёрлади.

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 10-сонидан