“Қовунчи ота”
Фарғона вилояти Фарғона туманининг Араб қишлоғи 500 ўринли “Қовунчи ота” жоме масжиди билан машҳур. Қишлоқ нуронийлари бир ривоятни ёшларга уқтириб келишади: айтишларича, Шоҳимардон тоғи томон зиёратга кетаётган отахонлар қишнинг чилласида ерга ишлов бераётган деҳқонга дуч келадилар.
Салом-аликдан сўнг, нега қишнинг чилласида ерга ишлов бераётганини сўрайдилар. Аллоҳнинг қудрати билан қишнинг чилласида ҳам қовун етиштирмоқчилигини айтади. Бу гап сўроқчиларни ҳайратга солади. Улар ўз йўлларида давом этадилар. Ортга қайтишаётиб, не кўз билан кўришсинки, пайкалларда қовун пишиб ётган эмиш. Шунинг учун зиёратгоҳ “Қовунчи ота” ёки “Қалби чин, дуоси ижобатли ота” зиёратгоҳи дейилади.
Ушбу зиёратгоҳ бошқа кўплаб масканлар каби мустақиллик йилларида қайта чирой очди. Зиёратгоҳ таркибидаги масжид узоқ йиллар қаровсиз қолгани сабаб яроқсиз аҳволга тушганди. Қишлоқ аҳли бир ёқадан бош чиқариб, ҳашар йўли билан 500 ўринли янги бино қурилишига қўл урдилар. Саховатпеша кишилар кўмагида қисқа муддат ичида масжид биноси қайта қад ростлади. Шу билан бирга бутун зиёргоҳ таъмирланди, замонавий услубдаги янги иншоотлар билан бойитилди, кўкаламзорлаштирилди, сўлим маконга айлантирилди. Бугун файзли гўшага юртимизнинг турли бурчакларидан зиёратчилар келишмоқда.
“Қовунчи ота” зиёратгоҳидаги диққатга лойиқ жиҳатлардан яна бири бу ерда киши қулочига сиғмайдиган юзга яқин улкан чинорлар борлиги. Бу ерга келган ҳар бир инсон уларга боқиб азим тарихни, вақт чиғириғидан эсон-омон ўтиб бугунга келиб кўкка бўй чўзганича тик турган чинорларга боқиб, Ватанимиз ҳам улар каби азим, виқорли эканини ёдга олади. Юртнинг ободлиги, халқнинг фаровонлигини сўраб дуолар қилади.
Муҳаммад ТИЛЛАНАЗАРОВ,
меҳнат фахрийси
“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 10-сонидан