Мақолалар

Қарзни чиройли беринг

Чоп этилди Noyabr 6, 2020 Қарзни чиройли берингda fikr bildirishni o'chirish

«Аллоҳга “чиройли қарз” берадиган (Унинг йўлида ўз бойлигидан сарфлайдиган) киши бормики, унга бир неча бор баробар кўп қилиб қайтарса? Ҳолбуки, Аллоҳ (ризқни) танг ҳам, кенг ҳам қилур ва (сизлар) Унинг ҳузурига қайтарилажаксиз» (Бақара сураси, 245-оят).

Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: «Исро кечаси жаннат эшигида: “Садақага ўн баробар, қарзга ўн саккиз баробар”, деган ёзувни кўрдим. Сўнг Жаброилга нима учун қарзга садақадан кўпроқ?” дедим. Жаброил алайҳиссалом: “Чунки садақа муҳтожу номуҳтожнинг қўлига тушаверади, қарз эса фақат муҳтожга берилади”, деди» (Ибн Можа ривояти).

Абу Лайс Самарқандий “Бўстонул-орифин”да бир бобни Қарз сўраш ҳақида” деб номлаган ва унда шундай фикрларни баён қилган: “Зарурати бўлган кишининг қайтариш нияти билан қарз сўрашида зарар йўқ. Қайтариб бериш нияти бўлмаган қарз олувчи порахўрдир. Ойша розийаллоҳу анҳо қарз сўрардилар. “Сиз қарзни нима қиласиз?” дейишганда: «Расулуллоҳнинг “Кимнинг бўйнида қайтариш нияти билан олган қарзи бўлса, унга Аллоҳдан ёрдам бўлади”, деганларини эшитганман. Мен ҳам Аллоҳнинг ёрдами билан юришни хоҳлайман», деб жавоб берган.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Бир киши маҳр бермаслик ниятида бир хотинга уйланса, қиёмат куни зинокор ҳолида келади, пулини бермаслик ниятида бир нарса сотиб олган киши қиёмат куни ўғри ҳолида келади» (Абу Нуайм ривояти).

Ишлаган одамнинг ҳақини пешона тери қуримасдан, яъни жуда тез адо этиш лозим бўлгани каби, қарз сўраган кишининг қийин ҳолини ўйлаб, уни хижолат қилмаслик, ранжитмаслик керак.

Пайғамбар алайҳиссалом вафотларидан олдин қавмларига бундай деганлар: «Эй одамлар! Кимдан мол олган бўлсам, мана молим, ундан олсин». Шунда бир киши ўрнидан туриб: «Ё Расулуллоҳ, бир қашшоққа садақа қилиб бериш учун ёнингизда пулингиз бўлмаганида, мендан уч дирҳам пул олган эдингиз», деди. Пайғамбаримиз воқеани хотирлаб қарзларини тўладилар ва у кишига раҳмат айтдилар. Сўнг бундай дедилар: «Охиратда Аллоҳ олдида уялишдан кўра бу дунёда одамларнинг олдида уялиш яхшироқдир” (Имом Байҳақий ривояти).

Баҳодир УСМОНОВ,
Янгийўл туманидаги “Пусур оқсоқол” жоме масжиди имом-хатиби

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 10-сонидан