Мақолалар

Қийинчилик неъматми?

Чоп этилди Noyabr 6, 2020 Қийинчилик неъматми?da fikr bildirishni o'chirish

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “…сизлар ёқтирмаган нарса (аслида) ўзларингиз учун яхши, ёқтирган нарсангиз эса (аслида) сизлар учун ёмон бўлиб чиқар. Аллоҳ билур, сизлар эса билмайсизлар” (Бақара сураси, 216-оят).

Аллоҳ таоло бандаларининг ҳолатларини яхши билади. Инсоннинг табиати қизиқ: машаққатни, қийинчиликни ёқтирмайди. Лекин Ислом одамларга ёқадиган нарсаларни эмас, балки уларга фойда, икки дунёда бахт-саодат келтирадиган амалларни таклиф қилади.

Баъзан кутилмаганда бошимизга нохуш ҳолатлар тушиб қолади. Буни қарангки, Аллоҳ таолонинг ҳикмати билан ёмон кўрганларимиз биз учун неъмат бўлиши ҳам мумкин экан.

Бугун қишлоқда ва шаҳарда яшайдиган аёллар меҳнатига бир эътибор қаратинг-а. Шаҳарда ҳамма шароит муҳайё. Аммо қишлоқда яшайдиган аёлларга рўзғор юмушлари бироз машаққат туғдиради. Айниқса, бу қийинчиликлар қиш кунлари янада ортади.

“Бас, албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир. Албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга осончилик бордир” (Шарҳ сураси, 5–6-оятлар). Мана сизга Аллоҳ таолонинг ваъдаси.

Бир йигитни танийман. У ёшлигидан спортга қизиқарди. Ўзича турли ҳаракатлар билан танасини чиниқтириб юрарди. Бир куни у турникдан йиқилиб, тўшакка михланиб қолди. Фалокат сабабли йигит Аллоҳни таниди, ибодатга кирди…

Ҳаётимизда кўнгилсизлик ёки йўқотишлар бўлса, қайғурмайлик. Аксинча, шукр қилайлик, зотан, бундан баттари ҳам бўлиши мумкин эди-ку! Кўпинча одамлар камбағалликдан нолишади. Аслида динимизни, саодат асрини ўргансак, саҳобалар деярли ночор яшашган. Лекин сабр қилишган, ўзларини бахтли санашган. Кимлардир машина минмай ўтяпман, деб қайғуради. Эҳтимол, унга шу яхшидир?! Бугун янги машина миниб, автоҳалокатга учраб, у дунёга риҳлат қилаётганлар қанча?!

Фарзанди гўдаклигида нобуд бўлганлар Аллоҳга исён қилиб йиғлашади. Ахир, у сизга жаннат учун “калит”-ку! Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Норасида (ҳолида вафот этган) фарзанд ота-онаси учун дўзахдан парда бўлади” (Имом Байҳақий ривояти). Демак, ота-онанинг гўзал сабри эвазига фарзанди уларга дўзахдан парда бўлар экан.

Ким сабрли ва шукрли бўлса, албатта, Аллоҳ у билан биргадир. Зеро, Аллоҳ таоло бундай дейди: “Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман” (Иброҳим сураси, 7-оят).

Демак, банда борига шукр қилса, қийинчиликларга сабр этса, Аллоҳ таоло уни хурсанд қилади. Ҳолбуки, шукроналик бандага фойда келтиради, холос.

Сабоҳат КЕНЖАЕВА,
Денов тумани, ўқитувчи

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 10-сонидан