СОҒЛОМ МУҲИТ БАРҚАРОРЛИГИДА МОТУРИДИЯ ТАЪЛИМОТИНИНГ АҲАМИЯТИ
Мотуридия таълимотининг бугунги аҳамиятини очиб беришда Абу Муин Насафий илмий меросига мурожаат қилишни лозим топдик. Чунки ушбу аллома мотуридия таълимоти ривожига улкан ҳисса қўшган. Мулоҳазаларимизни алломанинг “Баҳр улкалом” асари асосида баён этамиз.
“Баҳр улкалом” “Табсират уладилла” ва “АтТамҳид ли қавоид аттавҳид” асарларидан анча енгил, равон тил ва услубда ёзилган. У илммаърифат ва Аллоҳни таниш каби ақидадаги энг зарурий масалалар баёни билан бошланади, мўътазилия, қадария ва жаҳмия каби адашган оқимларга раддиялар берилади.
Алломанинг фикрича, Аллоҳ олим Зотдир, илм Унинг жамики азалий сифатларидан бири. Шу сабабли ҳам У ҳодисаларнинг қачон, қандай ҳолатда содир бўлиш ёки бўлмаслигини билгувчи Зотдир. Чунки унинг илми жамики воқеалардан аввалдир. Насафий ушбу фикрга Намл сураси 65оятни далил қилади: «Айтинг: “Осмонлар ва ердаги бирон кимса ғайбни билмас, магар Аллоҳгина (билур)…”»
Шундан сўнг мўътазилий, рофизий ва қадарийларнинг: “Аллоҳ ҳали яратмаган ёки мавжуд қилмаган нарсаларнинг илмини билмайди”, деган ботил эътиқодини келтириб, уларга раддиялар беради. Сўнгра ақл ҳақида фикр юритилади. Абу Муин Насафий ақл илмдан устун эканини таъкидлайди. Замонавий экстремистик оқимлардан “Ҳизбут таҳрир” ақлдан илмни юқори қўяди. Лекин уларнинг наздида илм олиш мандуб ҳисобланади. Мотуридия таълимотида эса фойдали илм олиш фарзлиги таъкидланади.
Насафийнинг таъкидлашича, аҳли сунна вал жамоа наздида пайғамбарлар ақли авлиёлар ақлидан юқори бўлади ва ўз навбатида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ақллари бошқа пайғамбарлар ақлларидан устун. Аммо мўътазилийлар, барча инсонларнинг ақли бир хил деб даъво қилади.
Мотуридия таълимотига кўра, ваҳий етиб бормаган халқ Аллоҳни танишда узрли бўлмайди. Балки у ўз ақли ва тафаккури билан Аллоҳни танишга интилиши керак. Насафий ушбу фикрга Каҳф сураси, 14-оятини далил келтиради: «Биз уларнинг диллари (имонларини) қувватлантирдик – ўшанда улар (золим шоҳ қаршисида) туриб дедилар: “Бизнинг Раббимиз осмонлар ва Ернинг Парвардигоридир. Бизлар Ундан ўзга “илоҳ”га сира илтижо қилмаймиз. Акс ҳолда, ноҳақ сўзни айтган бўлурмиз».
Шунингдек, мотуридия инсонларни ақл юритиб, тафаккур қилишга тарғиб этади.
“Баҳр улкалом”да мўминга тўғри таъриф, қандай инсонни мўминмусулмон ҳисоблаш кераклиги ҳақидаги баҳсга лўнда ва аниқ жавоб берилган.
“Баҳр улкалом”да хорижийлар ҳақида бундай дейилган: “Хорижийлар ҳар қандай гуноҳи кабира қилган мўмин диндан чиқиб қолади”, деб даъво қилади. Абу Муин Насафий ушбу оятни далил қилиб, уларга раддия берган: “Ким Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига итоатсизлик қилиб, Аллоҳнинг белгилаб қўйган ҳадларидан тажовуз қилса, уни абадий қоладиган жойи бўлмиш дўзахга киритур. Ва унинг учун хор қилгувчи азоб бордир” (Нисо сураси, 14-оят).
Ундаги “холидийна” (абадий қолиш) “имондан чиқиш” деб тафсир қилинган. Насафий уларга раддия бериб, оятда – Аллоҳ таоло кофирларни назарда тутган. Чунки Аллоҳнинг ҳадларидан тажовуз қилиб чиқиб кетиш куфрдан бошқа нарса эмасдир, дейди. Хорижийлар намозни адо этмайдиган мўминларни диндан чиққанликда айблаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Албатта намоз диннинг устунидир. Ким уни бажарса, бас, дин устунини қурган бўлади. Кимда ким уни бажармаса, динни вайрон қилган бўлади” (Суютий “ал-Аҳадис ал-мунтасира”да келтирган) ҳадисини далил сифатида келтиради.
Абу Муин Насафий хорижийларнинг бу ақидасига шундай раддия беради: “Барчаларингиз Аллоҳга тавба қилинглар, эй мўминлар! Шоядки (шунда) нажот топсангизлар” (Нур сураси, 31-оят). Насафий мазкур оятдаги “тавба қилингиз” калимасига ишора қилиб, тавба қилиш гуноҳи кабира орқасидан бўлади. Агарда мўмин гуноҳи кабира билан диндан чиққанда, Аллоҳ уларни тавба қилишга буюрмаган бўлар эди. Шу тариқа Абу Муин Насафий хорижийларнинг мутаассиб ақидасига қарши ўзининг раддияларини бериб ўтган.
Шу ўринда Нисо сураси, 93оятга диққат билан эътибор қаратадиган бўлсак, Насафий “Баҳр улкалом”да ушбу оятни мўътазилийларнинг фикрига қарши далил қилган. Унинг фикрлари бугунги кундаги Ислом ниқоби остидаги бузғунчи тоифаларга ҳам раддия сифатида эътиборга моликдир. Чунки ИШИД каби экстремистик гуруҳлар уларнинг йўлига юрмаган, уларга қарши чиққан ҳар қандай мусулмонни қатл қилишни ўзларига ҳалол деб ҳисобламоқдалар. Демак, агар тавба қилмасалар уларнинг охиратдаги аҳволлари аянчли бўлишига ушбу оятни биз аниқ далил сифатида кўрсатишимиз мумкин.
Хулоса қиладиган бўлсак, Абул Муин Насафий “Баҳр улкалом”да мотуридия таълимотининг нафақат ақидавий мавзулари, балки инсон ҳаётида, турмушида ҳалол йўл билан яшашига тарғиби намоён бўлади. Шунингдек, асарда Насафий ўз давридаги адашган оқимларга ақидавий масалаларда раддиялар берган. Насафийнинг “Баҳр улкалом” асарида нафақат мотуридия таълимоти, балки аҳли сунна вал жамоа ақидасида бўлган бошқа уламоларнинг фикрлари ҳам бағрикенглик нуқтаи назаридан ёритилганига гувоҳ бўламиз. Шу жиҳатдан мазкур асарнинг бугунги кунда ҳам жамиятимизда барқарорликни таъминлаш, ёшларимиз онгини турли ёт ғоялардан ҳимоя қилиш ва боқимандалик каби иллатлардан огоҳ этишдаги аҳамияти каттадир.
Саидмухтор ОҚИЛОВ,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси “Исломшунослик ва ислом
цивилизациясини ўрганиш ISESCO” кафедраси доценти, тарих фанлари номзоди
“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 11-сонидан