Сўраган эдингиз…
САВОЛ: Турли хил тез тарқалувчи вабо, ўлат касаллиги ва шу каби эпидемиялар рўй берган пайтда мусулмон киши ўзини қандай тутиши керак?
ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Бундай ҳолатларда мусулмон киши Аллоҳ таолонинг тақдир қилгани юзага чиқишига қаттиқ ишонган ҳолда, касалликдан сақланиш чоратадбирларини кўриши лозим. Вабо ва шу каби тез тарқаладиган касалликлар чиққан жойга кирилмайди ва қаттиқ зарурат бўлмаса, у ердан чиқиб кетилмайди. Тиббий соҳа вакиллари кўрсатмаларига тўла амал қилинади. Мана шу шартларга амал қилиб, вабо, ўлат ва шу каби касалликлардан вафот этган мўмин-мусулмонлар шаҳидлик мартабасини топадилар.
Коронавирус (COVID19) касаллиги шиддат билан тарқалиб, унинг географик ҳудуди кенгаяётган ва одамлар орасида юқумли касаллик ваҳимаси кучаяётган пайтда дунё ислом уламолари бу касалликнинг шаръий муолажаларини эслатмоқдалар. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Қаерда бўлсангиз ҳам, ўлим сизларни топади, ҳатто мустаҳкам қалъалар ичида бўлсангиз ҳам” (Нисо сураси, 78-оят).
Бошқа бир ояти каримада эса: “…ўз қўлларингиз (бахиллигингиз) билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!” дейилган (Бақара сураси, 195-оят).
Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг вабо ҳақидаги сўзлари юқоридаги оятларининг тасдиғидир. У зот алайҳиссалом бундай деганлар: “Албатта, бу вабо – Аллоҳ у билан сиздан аввалги қавмларни ҳалок қилган азобдир. Ер юзида ундан бир ози қолган. Гоҳида келади, гоҳида кетади. Агар бир ерда вабо пайдо бўлса, у ердан чиқиб кетманглар. Агар бир ерда вабо борлигини эшитсангиз, у ерга борманглар” (Имом Аҳмад ривояти).
Мадинага ҳижрат қилингандан кейин бир муддат ўтгач, Абу Бакр ва Билол розийаллоҳу анҳумони иситма (безгак, вабо) тутди. Бу ҳақда Пайғамбаримизга хабар берилганда, у зот алайҳиссалом вабонинг кўтарилиши ва Жуҳфа деган жойга кетишини сўраб дуо қилдилар. Аллоҳ таоло у зотнинг дуоларини қабул қилди (Имом Байҳақий ривояти).
Вабо ва ўлат (эпидемиялар) сабабидан вафот этган мусулмонлар ҳақида Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундай деганлар: “Вабо – ҳар бир мусулмон учун шаҳидликдир” (Имом Бухорий ривояти).
Тарихда Юсуф алайҳиссалом Миср азизи (вазири)нинг аёли уни зинога чорлаган пайтда энг аввало Аллоҳ таолодан паноҳ сўраган. Марям онамизга Жаброил алайҳиссалом одам қиёфасида кўринганида у зот ҳам энг аввало: “Мен Раҳмондан сендан паноҳ беришини сўрайман”, дедилар. Демак, мусулмон киши бирор мусибатга йўлиқса, аввало, Аллоҳ таолодан бу балоларни даф қилишини, машаққатларни енгиллатишини сўраб дуо қилиши лозим бўлади. Банданинг бошига келадиган касаллигу ташвишларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг тақдири илоҳийсидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қазои қадарни дуогина қайтаради”, деганлар (Имом ибн Можа ривояти). Дуони ижобат бўлиши учун аввало инсоннинг луқмаси ҳалол бўлиши, дуосининг қабул бўлишига қатъий ишониши ва дуо ижобат бўладиган муборак вақтларни эътиборга олиши лозим.
Қуръони карим инсоннинг ҳиссий ва маънавий касалликларига шифо бўлади. Аллоҳ таоло Исро сурасиниг 82оятида бундай марҳамат қилган: “Биз Қуръонни мўминлар учун шифо ва раҳмат ўлароқ нозил қилурмиз”.
Инсоннинг имон-эътиқоди қанча кучли бўлса, Қуръони каримнинг шифоси ҳам шунча зиёда бўлади. Бу борада Аллоҳ таоло Фуссилат сурасиниг 44оятида бундай марҳамат қилган: “У (Қуръон) имон келтирганлар учун ҳидоят ва шифо, деб айт”.
Қуръони каримнинг барчаси шифо бўлиб, хусусан, Оятал Курсий, Фотиҳа, Ихлос, Фалақ ва Нас суралари билан даволанишни уламоларимиз тавсия қилишган. Хусусан, Ихлос, Фалақ ва Нас сураларини эрталаб ва кечқурун уч мартадан ўқиб юрса, барча касаллик ва балоларни даф қилишга етарли бўлади.
Шунингдек, Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Ким Бақара сурасининг охирги икки оятини тунда ўқиса, унга етарли бўлади”, – дедилар (Имом Бухорий ривояти). Яъни, бу оятларнинг баракасидан Аллоҳ бандасини турли бало-офатлардан асрайди.
Киши беш вақт намоз ўқиб юриши, хусусан, бомдод намозини жамоат билан адо қилишда бардавом бўлса, турли касалликлардан омонда бўлади.
Имом Муслим ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Ким бомдод намозини ўқиса, у (киши) Аллоҳнинг ҳимоясидадир”, деганлар. (Жундуб ибн Абдуллоҳ розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган).
Ҳадиси шарифларда инсон бирор мусибат ёки касалликка йўлиққанда ўқийдиган махсус дуолар ҳам келган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Кимки: “Унинг исми туфайли еру осмонда бирор нарса зарар бера олмайдиган Аллоҳнинг номи билан паноҳ сўрайман. У ўта эшитувчи ва билувчи зотдир”, деб уч марта айтса, унга бирор нарса зарар бермайди», дедилар. (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).
Банда зикр ва истиғфорни кўп айтиши унинг турли бало-қазолардан омонда бўлишига сабаб бўлади. Аллоҳ таоло Анфол сурасида бундай марҳамат қилган: “Модомики, улар истиғфор айтар эканлар, Аллоҳ уларни азобловчимас”. Аллоҳ янада билувчидир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати
“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 11-сонидан