Ризқим мўл, умрим узун бўлсин десангиз…
Динимиз ота-она ва қариндошуруғларга яхшилик қилиш, улар билан ўзаро алоқаларни мустаҳкам боғлашга тарғиб қилади. Бу алоқаларни узиш эса катта гуноҳ саналади.
Халқимиз орасида “силаи раҳм” ибораси кенг ишлатилади. “Сила” сўзи луғатда “боғлаш”, “улаш”, “раҳм” сўзи эса “бачадон”, “қорин” маъноларини англатади. Шариатимизда “силаи раҳм” деб қариндошларга боғланиш, уларга раҳмшафқат, яхшилик қилиш, муҳтожларига ёрдам бериш, бир сўз билан айтганда, қариндош-уруғчилик вазифаларини адо этишга айтилади. Зеро, қариндош-уруғлар бир-бирининг қийинчилик ва хурсандчилигида шерик ва елкадош бўлади.
Афсуски, ҳозир кўплаб оилалар қариндошлик алоқаларини узиб қўйишган. Арзимаган низолар сабаб билан ака-ука, опа-сингил, тоға-жиян бир-бири билан юзкўрмас бўлиб кетиш ҳолатлари тез-тез учраб турибди.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Агар (имондан) юз ўгирсангизлар, яқинки, сизлар ер юзида бузғунчилик қилурсизлар ва қариндош-уруғингиз (билан ҳам алоқангиз)ни узурсизлар. Ундай кимсаларни эса Аллоҳ лаънатлагандур, бас уларнинг(қулоқларини панд-насиҳат эшитишдан) кар, кўзларини эса (тўғри йўлни кўра олмайдиган) кўр қилиб қўйгандир (Муҳаммад сураси, 22-23- оят).
Бошқа бир ояти каримада бундай дейилади: “Яна ораларингиздаги савол жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажрашиб кетишдан сақланингиз). Албатта, Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган Зотдир” (Нисо сураси 1-оят).
Имом Бухорий бобомиз биргина “Аладаб алмуфрад” (“Одоблар хазинаси”) китобларида қариндошлик алоқаларини боғлаш тўғрисида 28 та ҳадисни келтирганлар.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким ризқининг кенг бўлишидан, орқасидан асари кўп қолишидан хурсанд бўлса, силаи раҳм қилсин”, деганларини эшитдим».
Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтадилар: “Қариндошлик риштасини узган одам жаннатга кирмайди” (Жубайр ибн Мутъим ривояти). Бошқа бир ҳадиси шарифда бундай дейилади: “Салом билан бўлса ҳам, қариндошликни боғланглар”.
Саъид ибн Мусаййиб раҳматуллоҳи алайҳга: “Иброҳим ибн Муҳаммад ибн Талҳа вафот этди”, дейишади. У зот: “Қандай вафот топди?” деб сўрайдилар. “Уй босиб, унинг тагида қолиб кетди, бечора”, деб айтишади. “Бўлиши мумкин эмас! Вайронани кавланглар”, дейдилар. Бир неча кунлик излашдан сўнг Иброҳим ибн Муҳаммад ибн Талҳани вайронадан чиқариб олишганда у тирик, бирон ери синмаган, ҳатто шилинган жойи ҳам йўқ эди. Саъд ибн Мусаййибдан: “Буни қаердан билдингиз?” дея ажабланиб сўрашганида У: “Иброҳим силаи раҳмга эътиборли, қариндошлар билан яхши алоқада бўлган инсондир. Бундай инсонлар ёмон ўлим топмайди”, деб жавоб бердилар.
Ибн Умардан ривоят қилинади: “Ким Аллоҳдан қўрқса, силаи раҳм қилган бўлса, унинг умрига умр қўшилади, моли кўпаяди, аҳли уни яхши кўради”.
Маймун ибн Маҳрон айтади: “Уч нарсада кофир ва мусулмон баробардир: ким билан аҳдлашган бўлсанг, аҳдингга вафо қилгин – хоҳ кофир бўлсин, хоҳ мусулмон. Албатта, аҳд Аллоҳ учундир. Орада қариндошчилик бўлса, силаи раҳм қилгин – хоҳ кофир бўлсин, хоҳ мусулмон. Кимки сенга омонат берган бўлса, омонатини адо қилгин – хоҳ кофир бўлсин, хоҳ мусулмон”.
Юқоридаги оят ва ҳадислардан олинадиган фойдалар:
1. Силаи раҳм қилиш вожиб, уни узиш гуноҳ экани;
2. Ҳақиқий силаи раҳм қилувчи киши қариндошлари тарафидан унга қилинган алоқага жавоб сифатида муносабатда бўлаётган эмас, балки улар тарафидан алоқа узилган пайтда ҳам силаи раҳм қилган одамдир;
3. Силаи раҳм ризқнинг зиёда ва умрнинг узун бўлишига сабаб бўлиши;
4. Ёмонликка ёмонлик билан жавоб қайтариш дуруст эмаслиги.
Силаи раҳм инсонлар учун муҳим амаллардан бўлиб, жамиятни мустаҳкамловчи омилдир. Шундай экан, ўзимиз ва бошқаларни икки дунё саодатига элтувчи силаи раҳмга бепарво бўлмайлик. Шояд, айнан, шу туфайли нажот топгувчилардан бўлсак.
Муроджон МИРСОАТОВ,
Сирдарё туманидаги “Аҳмад Яссавий” жоме масжиди имом-хатиби
“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 11-сонидан