ХОЖА ОРИФ РЕВГАРИЙ ДЕЙДИЛАР:
Дунёни тарк этмоқ дегани Аллоҳдан бошқа нақш (ном)ни қалбдан ўчирмоқ (йўқотмоқ) демакдир. Ва бу иш олий даражага етмоғингга ҳужжат бўлгай… Бир мақом (даража)дан иккинчи мақомга кўтарилмоқ аҳли нақлия ва кашфия учун оғир риёзатлар орқали ҳосил бўлади. Зеро, ҳою ҳавас ва нафси аммора юқорига кўтарилмоққа тўсиқдир ва ушбу қусурлар мўминлар дилининг бузилмоғига боис ҳисобланур.
Одамни саодатга яқинлаштирувчи хислат шуки, ўзини малоикага монанд этсин. Яъни, ўз нафсини бўйсундирсин ва афиф (покиза) бўлсин ва ҳамма вақт зокир (Аллоҳни зикр этувчи) ва мудом бандалик аҳду паймонига жидду жаҳд айлаб, саъйҳаракат қилсин. Яъни, Ҳақ азза исмиҳу ва зотиҳудан ўзга зотни ўзига маҳбуб этмасин ва Аллоҳдан ўзгадан умидвор ҳам бўлмасин!
(Солик) ҳушёр бўлсинки, “Ал-вақту сайфун қотиун”, яъни, – вақт шамшир каби кескирдир! Турфатул айн (дақиқа)ни ҳам ғафлат ва беҳудага ўтказмасин ва Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан бошқа зот хаёли билан хушхурсанд бўлмасин.
Эй ориф! Эндиги вазифанг – Қуръони вужубут таъзим (таъзимга сазовор Қуръондан) ва Расули акрамнинг ҳадисларидан ва парҳезкор аҳлуллоҳлар, яъни Аллоҳга яқин кишилар панду насиҳатлари, ҳикматларидан баҳра олиб, бошқаларни ҳам баҳраманд этгайсен ва тўғри йўлга бошлагайсен. Зеро, улар ҳам сенинг ҳақиқий биродарларингдир.
Эй ориф! Сен ҳамма ҳол ва афъол (феълатвор) ва ҳамма аҳволда (қавл, сухан, гапда) паришон бўлмай, доимо Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннат ва шариатларига амал қил ва зинҳор шак келтирмагил, токи ноумид этилган ва қувилганлар (шайтонга эргашувчилар) қаторига кириб, расвои жаҳон бўлмагайсен.
Эй, ориф! “Муту қабла ан тамуту!” (“Ўлим келишидан олдин ўлинг!”) Бу Ҳақ таолонинг хос одамлари сифатидир. Сен ҳеч қачон дунё оройишига алданиб, унинг жилвагар зийнатларига учма, нафсоний муродотинг талабларини фаромуш айлаб, жисму жонингга илашиши мумкин бўлган иллатлару бузуқ хаёл ва фосиқ фикрлардан ўзингни мосуво қил!
Ва барчабарчага молу жонинг билан баббаравар хизмат қил ва ҳеч кимга хизмат буюрмагил, тоатибодатнинг барча арконларига сидқидилдан риоя эт!
Янги иморат ва янги тўн (либос) ҳою ҳавасидан ҳазар қил, нафратлангил! Зоҳир ва ботинингни хиралик ва кудурутдан пок айлаб, ўзингни Аллоҳ йўлига тўла бағишла ва ҳаргиз юксак мартабаю олий даража, мақомотларга талабгор бўлма!
Ва фақиру ғанийликда аҳволингда ҳеч қандай ўзгариш сезилмасин ва ҳаргиз сенга Қуръони карим тиловати ила тоатибодат этмоқ малол келмасин.
Ва ҳамиша таважжуҳ (диққат) ва иқболинг муқаддас илоҳий даргоҳга қаратилган бўлсин. Ва андак луқмага қаноат этиб, тоатибодат, риёзат ва зикрга ҳарис бўл!
Эй ориф! Пок эътиқодли бўл! Зеро, қора юрак, чиркин кўнгил бутун аъзойи баданни палид (нопок) қилгай! Ахир, Аллоҳнинг бизни қабул қилиши ёқилмаслиги айни шу кўнгил туфайлику!
“Орифнома”дан Олим ОЛТИНБЕК тўплади
“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 11-сонидан