АДАШГАНЛАР УММАТНИ ФИТНАГА СОЛАДИ
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. “Аллоҳ қаерда?” деб сўрасалар, нима деб жавоб берамиз?! Биз Раббимизни Унга нолойиқ бўлган нарсалардан поклаймиз. Биз Раббимизни бирор жиҳатга хослашдан поклаймиз ва Уни олийлик билан сифатлаймиз. Аллоҳнинг Ўзи Ўз зотини олийлик билан сифатлади. Биз ҳам Уни олийлик билан сифатлашимиз керак. Аллоҳ таоло Каломида: “Улуғлик ва Икром соҳиби бўлмиш Раббингизнинг исми баракотлидир”, деди. Бошқа оятларда ҳам шунга ишора бор. Лекин бу билан Аллоҳни бирон жиҳатга хослашимиз мумкинми? Йўқ асло! Бир киши “Аллоҳ азза ва жалла юқорида”, дейди. “Юқори” дегани қаер? Анави тепами ёки бу томонми? Аллоҳга нисбатан шундай деб, Уни бирон жиҳатда деб айтишимиз жоизми ўзи?! Йўқ, асло. Сен Аллоҳни Ўзи сифатлаган олийлик билан сифатлагин. У одам олийликни у ер ёки анави ер деб тушунади. Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ. Мутлақ куч ва қувват қудратли ва буюк Аллоҳдан ўзгада йўқдир.
Адашганлардан (Аллоҳни томонлардан бирида деювчилар) бири Европа ва Америкада маъруза қилди. Улар тарқалиб кетаётган умматни жамлаш ўрнига, уларни парчалаб ташлашни истаётган кишилардир. Улар биз Аллоҳга олийликни собит қилишимиз керак, деб олийликни жиҳат, яъни қайсидир томон деб тафсир қиляпти. Яъни, кимдир биздан “Аллоҳ қаерда?” деб сўраса, унга қўлимиз билан осмонга ишора қилишимиз кераклигини айтяпти. Кимдир бизга “Аллоҳ қаерда?” деса, биз Аллоҳга Унинг ўзи айтганидек олийлик сифатини собит қиламиз. Лекин ақидада адашганлар: “Биз олийлик деганимизда осмонни тушунишимиз керак”, дейди. Мажлисда ўтирганлардан бири унга: “Хўп, яхши, эй саййидим, биз ҳозир ернинг бу томонидамиз. Сиз олийликни юқорида, деб айтяпсиз. Агар биз ернинг бу томонига муқобил бўлган нариги томонига борсак, яъни ернинг нариги – иккинчи қутби томонга ўтсак, сиз айтаётган юқори томон у ер учун паст бўлиб қоладику?! Энди кимдир биздан “Аллоҳ қаерда?” деб сўраса, биз унга пастни кўрсатишимиз керакми? Шу ақлга тўғри келадими? Шундай дейиш мумкинми? Нима учун биз улуғларимиз ўтмаган қизил чизиқдан ўтиб кетишимиз керак? Нима учун биз Аллоҳнинг сифатларини кўз олдимизга келтириб, уни бирон нарсага ташбеҳ қилишимиз керак? Ўртада адоват сабабларини келтириб чиқариш учунми?! Ўтган солиҳ аждодларимиз асло бундай қилмаганларку!
Шайх Рамазон БУТИЙ
(Таржимон Абдуллоҳ ҒУЛОМОВ)
“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 11-сонидан