Ҳамкор тарбиячилар
Одам боласи аввало оила бағрида униб-ўсади, шахс сифатида шаклланади. Оиладаги таълим-тарбия, маънавий-ахлоқий қадриятлар кейинчалик одамлар орасида, маҳалла-кўйда, таълим муассасаларида сайқал топади.
Ҳар бир оилада соғлом муҳит бўлиши, уларда ижобий психологик иқлим ҳукм суриши фуқаро сифатида ўз давлатининг иқтисодиёти, ижтимоий ҳаёти тараққиётида ҳал қилувчи омил бўлган инсон камолотида аҳамияти беқиёсдир. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида: “Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга”, дейилган.
Бу борада муқаддас динимизда ҳам қатор кўрсатмалар мавжуд. Ибн Умар розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: “Огоҳ бўлинглар. Барчангиз раҳбарсизлар ва ўз қўл остингиздагилардан сўралурсизлар”.1
Ҳадисда жамият тараққиётига тўсқинлик қилувчи, уни инқирозга олиб келувчи кучлар оилада ҳам шаклланиши мумкинлиги таъкидланмоқда.
Ғоявий тарбия ишларининг самарадорлигини белгилайдиган шундай ҳаётий қонуният бор: бошқаларни бир ғояга ишонтириш учун, аввало, унга ўзинг юракдан ишонишинг, бошқаларни ғафлат уйқусидан уйғотиш учун ўзинг уйғоқ ва бедор бўлишинг шарт. Ҳамкорликда олиб борилган ғоявий тарбиянинг халқпарвар, тараққийпарвар эканлигига бўлган ишонч кундалик ҳаёт синовларидан ўтсагина, сўз ва иш бирлигига эришсагина, бу ғоя мустаҳкам эътиқодга айланади. Эътиқод устувор ерда чинакам инсоний ҳаёт бўлади, эътиқод учун, илғор ғоя тантанаси учун кураш жараёнида инсон шахси шаклланади, у бунёдкор кучга айланади.2
Оила, маҳалла, таълим муассасаси томонидан олиб борилган ғоявий тарбия ўзининг энг олий мақсади, вазифалари ва хусусиятларига эга. Унинг олий мақсади озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт, ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этиш йўлида халқимизни жипслаштириш, кишилар онгида мустақил дунёқараш ва огоҳлик ҳиссини камол топтириш, комил инсонни вояга етказиш, фуқароларда мафкуравий иммунитетни мустаҳкамлаш бўлиб қолаверади. Ушбу даргоҳларда ёшларни ижтимоий ҳимоялашни кучайтириш бўйича вазифалар биринчи ўринга чиқади. Чунки ёшлар миграциясига туртки бўлаётган ишсизлик, сифатли таълим олиш имкониятининг чекланганлиги ҳамда ўз навбатида, маданият ва билим даражасининг пастлиги экстремистларга қўл келаётган салбий омиллар бўлиб, айнан шу ҳолатлар ёшларни ҳимоясиз аҳволга солиб қўймоқда.3
Аммо ўз миллий ғоясига эга, маънавиймаърифий ишларда фаол, мафкураси соғлом, ғоявий ҳамда ахборот хуружларига қарши мафкуравий иммунитети кучли бўлган жамиятда бузғунчилик хуружлари пучга чиқаверади.
1 Бешовлари ривоят қилганлар. Маълумот учун қаранг: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Бахтиёр оила. –Т: Ҳилол-нашр, 2019. – Б. 185.
2 О. Қаршибоев. Миллий истиқлол ғояси. – Т: Маънавият, 2015. – Б. 179.
3 О.Юсупов, У.Ғофуров. Диний мутаассиблик: моҳият, мақсадлар ва олдини олиш йўллари. – Т: Мовароуннаҳр, 2013. – Б. 327.
Гулрух МАҲАМЕДОВА,
Тошкент ислом институти 4-курс талабаси
“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 11-сонидан