Кўчар мулк савдоси
Кўчар мулкни сотиб олган киши уни қўлга киритмасдан туриб сота олмайди. Чунки шариат бўйича ўзида йўқ молни сотиб бўлмайди.
Ҳаким ибн Ҳизом розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ўзингда йўқ нарсани сотмагин”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
Савдо келишувидан кейин харидор молни қўлига олмаган бўлса, сотувчи молнинг эвазига олган (пул ёки бошқа) нарсани ишлатиши мумкин.
Бу пайтда сотувчи мол нархини ошириш ёки камайтиришга ҳам ҳақли. Чунки ҳали мол харидорга топширилмаган, савдо охирига етмаган. Сотувчи мол эгаси нархни ошириш ҳақи бор. Шунингдек, мол харидорга етмасидан олдин сотувчи уни камайтириши ёки кўпайтириши мумкин.
Шу ўринда баъзи инсонлар орасида “сен лафз қилгансан, энди лафзингда туришинг керак”, деб ўзларича қонун ясаб олишганини айтиб ўтиш ўринлидир. Кўп можаролар, дилхираликлар шу каби хато тушунчалар сабаб юзага келади. Ҳуқуқлар маҳаллий тушунчалардан устун туришини тушуниш керак.
Агар бу савдо шериклар ўртасида бўлса, молни шеригига сотаётган нархни оширса ёки камайтирса, харидор шерик камига олади.
Фузулий савдоси
Ким ўзининг мулки бўлмаган нарсани сотиб юборса, ҳақ мол эгасида бўлади. Хоҳласа, савдога рози бўлади, хоҳласа, бекор қилади.
Урва Боқирий розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам у кишига қурбонлик ёки қўй олиш учун бир динор бердилар. У киши унга иккита қўй олди. Бирини бир динорга сотиб, у зотнинг ҳузурларига бир қўй ва бир динорни олиб келди. У зот унинг савдоси баракали бўлишини сўраб дуо қилдилар. Бас, тупроқ сотиб олса ҳам, фойда кўрар эди” (Имом Бухорий, Абу Довуд, Термизий ривояти).
Уламолар бу ҳадисни далил қилиб, изнсиз фойдали савдо қилган фузулийнинг ишини мол эгаси қабул қилиши мумкин, дейишган.
Ҳуқуқлар (чегаралар) боби
Бу боб кўчмас мулк савдоси ҳақида. Фиқҳ китобларида уй олди-сотдисида унинг қайси қисми савдо ичига кириши ёки кирмаслиги баён қилинган. Араб тилида “байт”, “манзил” ва “дор” каби сўзлар уй маъносини англатса-да, бир-биридан фарқ қилади. Уларни бизда уй, ҳовли ва квартира дейилса, тушунарлироқ бўлади.
“Мухтасарул виқоя”да бундай дейилган: “Ҳовли сотганда, унинг савдосига бино, калитлар, болохона ва таҳоратхона киради. Эшик устидаги соябон кирмайди. Аммо “ҳовлини унга оид барча ҳақ билан ёки шаҳобчалари билан ёки ундаги каттаю кичик нарсалар билан сотдим деса, у ҳам ҳовлига киради. Ерни сотганда дарахтлар киради. Ундаги экинлар кирмайди. Дарахтни сотганда (ўша пайтдаги) меваси кирмайди” (“Кифоя”).
Абдуллоҳ АЛИҚУЛОВ тайёрлади
“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 13-сонидан