РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВА САЛЛАМНИНГ ЖИСМОНИЙ КУЧ-ҚУВВАТЛАРИ
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шижоатли ва довюрак бўлиш билан бирга, жисмонан ҳам бақувват эдилар. Бу нарса эркак кишидаги комиллик ва етукликни билдиради.
Жобир розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Хандақ куни чуқур қазиётганимизда бир катта тош чиқиб қолди. Саҳобалар Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларига бориб, бу ҳақда айтишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен ўзим чуқурга тушаман», деб жойларидан қўзғалдилар. Ҳолбуки, ўша пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам очликдан қоринларига тош боғлаб олган эдилар. Биз ҳам уч кундан бери ҳеч нарса тотмаган эдик. У зот чўқмор билан ҳалиги катта тошни бир урган эдилар, тош қумдек сочилиб кетди» (Имом Бухорий ва бошқалар ривоят қилишган).
Бошқа ривоятларда бу тош харсангтош бўлгани, саҳобалар ҳар қанча уринсалар ҳам, уни жойидан қўзғата олмай, ҳатто чўқморлари ҳам синиб кетгани, шундан кейин Пайғамбаримиз алайҳиссаломга арз қилганлари ҳамда у зот харсангтошни уч зарбада парчалаб юборганлари баён этилган. Харсангтошни парчалашга бир неча бор уринганларидан кейин саҳобаларнинг қўллари толиқиб кетгани, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса тошни бор-йўғи уч зарбада парчалаганлари у зотнинг куч-қувватлари қай даражада эканини кўрсатади. Ҳолбуки, ўшанда ул зот уч кундан бери туз тотмаган, оқибатда очликдан қоринларига тош боғлаб олган эдилар. Очлик инсон жисмини қанчалик заиф ва нимжон қилиб қўйиши ҳаммага маълум. Уч кундан бери туз тотмаслик оқибатида келиб чиқадиган қаттиқ очликни таърифламасак ҳам бўлади. Агар оч бўлмаганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қувватлари бундан-да зиёда бўлиши шубҳасиз эди.
Исҳоқ ибн Ясор розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рукона ибн Абду Язидга: «Мусулмон бўл», дедилар. Рукона: «Сен айтаётган нарсани ҳақ деб билганимда, қабул қилган бўлардим», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Руконанинг курашга моҳирлигини ва бирор марта ҳам кураги ерга тегмаганини инобатга олиб: «Нима дейсан, агар сени курашда енгсам, айтганларим ҳақлигига ишонасанми?» дедилар. Паҳлавонлиги билан танилган Рукона: «Ҳа», деб жавоб берди. Расулуллоҳ бир зумда унинг курагини ерга теккиздилар. Бу ҳолдан ажабланган Рукона: «Яна бир марта кураш тушайлик, эй Муҳаммад», деди. У зот яна унинг ёқасидан тутиб, бирпасда ерга қулатдилар. Бундай бўлишини кутмаган Рукона: «Бу сеҳрдан бошқа нарса эмас, бунга ўхшаш сеҳрни ҳеч қачон кўрмаганман. Аллоҳ номи билан қасам ичиб айтаманки, сен курагимни ерга теккизганингда ҳеч нарса қила олмай қолдим», деб тан берди» (Имом Байҳақий ривояти).
Бу ҳадис Руконанинг ўзидан ҳам ривоят қилинган бўлиб, унда мағлуб бўлган Руконанинг Исломни қабул қилгани очиқ-ойдин келтирилган. Руконанинг «Аллоҳ номи билан қасам ичиб айтаманки, сен курагимни ерга теккизганингда ҳеч нарса қила олмай қолдим», деб тан олаётганидан кўриниб турибдики, Пайғамбар алайҳиссалом паҳлавонлар ҳам ип эша олмайдиган даражада бақувват бўлганлар. Яна шуни таъкидлаш лозимки, Рукона Қурайш орасида жисмонан бақувват ва норғул киши сифатида танилган бўлиб, Пайғамбар алайҳиссаломдан олдин ҳеч кимдан енгилмаган эди.
Саййид Муҳаммад Ҳасанийнинг «Икки олам сарвари» китобидан
Ғиёсиддин ҲАБИБУЛЛОҲ таржимаси
“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 14-сонидан