Мақолалар

Фитналардан қандай сақланамиз?

Чоп этилди Noyabr 15, 2020 Фитналардан қандай сақланамиз?da fikr bildirishni o'chirish

Бугунги даврга келиб инсонлар, айниқса, ёшларнинг ҳаёти ва келажагига хавф солувчи турли фитналар пайдо бўлмоқда. Шу боис ҳар биримиз улардан сақланиш йўлларини билишимиз зарур.

Фитналар Аллоҳ таолонинг иродаси ва буюк ҳикмати ила ҳар биримизнинг ҳаётимизда турли кўринишда содир бўлади. Биз ана шу ҳикматлардан жуда ҳам озини идрок этамиз. Масалан, эр киши аҳли аёли ва молу мулки билан фитна (синов)га учрайди. Кўпинча киши улар сабаб дин ишидан чалғиб қолади.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Албатта, мол-мулкларингиз ва фарзандларингиз синовдан бошқа нарса эмас. Ва Аллоҳнинг ҳузурида улуғ ажр бор” (Тағобун сураси, 15-оят).

Инсонда нафсий истак-хоҳишларга мойил бўлувчи табиат бор. Шу боис Парвардигор ҳар бир табиий ва нафсий истакларни ҳалол йўл билан амалга оширишни жорий қилган. У ила инсон ҳаром ишлардан сақланади. Ким ҳалол йўл туриб, ҳаромга талпинса, Яратганга осий ва гуноҳкор бўлади.

Кишига етадиган меҳнат ва машаққатлар, ишлар мувозанатининг бузилиши ҳам фитнадир. Фитнанинг яна бир кўриниши мусулмонлар орасида ихтилоф ва келишмовчиликлар юзага келишидир.

Хўш, мусулмон киши фитнага учраганда ўзини қандай тутиши керак? Динимиз бу борада кўплаб тавсиялар беради. Аввало, Аллоҳдан ошкора ва яширин фитналардан асрашини сўраб дуо қилиш лозим. Бу амал фитналарнинг олдини олади.

Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидаги дуони ўргатганлар: “Ё Аллоҳ! Сендан хайрли амалларни бажаришимга муваффақ этишингни, ёмон ишларни тарк қилишимни, мискин­фақирларга меҳр­муҳаббатли қилишингни, гуноҳларимни кечиришингни, менга раҳм этишингни, Ўзингга юзлантиришингни ва агар бандаларингни (фитна) синовдан ўтказмоқни ирода этсанг, мендан омонатингни имтиҳонга дучор бўлмаган ҳолимда олмоғингни сўрайман” (Имом Термизий ривоят қилган). Бошқа бир ривоятда Набий алайҳиссалом: “Аллоҳ таолодан фитналарни зоҳирию пинҳонасидан муҳофаза этмоғини сўранглар”, дея таълим берганлар (Имом Муслим ривояти).

Мусулмон киши фитналардан олдин ва унга учраганда эътиқодини мустаҳкамлаши зарур. Ҳар бир фитна ва балолар фақат Аллоҳнинг тақдири билан содир бўлади. Банда Аллоҳнинг қазои қадарисиз ҳеч бир мусибат етмайди, деган эътиқодда бўлиши керак.

Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Сизга Аллоҳнинг изнисиз ҳеч бир мусибат етмас. Ким Аллоҳга имон келтирса, У Зот унинг қалбини ҳидоятга солур. Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчидир(Тағобун сураси, 11-оят).

Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадисларидан бирида: “… Ва билгинки, сенга етган мусибат адашиб бошқага ўтиши мумкин эмас. Агар бошқага бўлса, сенга етмасди…”, деб марҳмат қилганлар.

Қуръони карим ва суннатга амал қилиш, ўзаро бирдамлик, ҳар қандай тортишув ва келишмовчиликнинг олдини олиш бандани кўп фитналардан сақлайди.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Барчангиз Аллоҳнинг арқонини маҳкам тутинг ва бўлиниб кетманг” (Оли Имрон сураси, 103-оят). Ояти каримадаги “Аллоҳнинг арқони” иборасидан Қуръони карим назарда тутилмоқда.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ўзимдан сўнг сизларга икки нарса, яъни Аллоҳнинг каломи Қуръон ва суннатимни қолдириб кетмоқдаман. Агар уларга амал қилсангиз, ҳаргиз адашмайсиз ва менга ҳавзи Кавсарда йўлиқасиз”, деганлар.

Мусулмон киши ҳимояланадиган яна бир амал фитна бўлаётган пайтда ибодатга қаттиқ бел боғлаш, тавба, истиғфорни, Аллоҳнинг зикрини кўпайтиришдир.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Бизнинг баломиз уларга етганда, тазарруъ қилсалар эди! Лекин қалблари қаттиқ бўлди ва шайтон уларга қилаётган ишларини зийнатлаб кўрсатди” (Анъом сураси, 43-оят). Ҳазрат Али розийаллоҳу анҳу: “Инсонларга бало фақатгина гуноҳлари сабаб келади ва тавба туфайли қайтади”, деганлар.

Мусулмон киши шаръий илмларни эгаллаши лозим. Чунки илм ила фитна моҳияти ва қоронғу йўллар ёришади. Илмсизлик, жоҳиллик ва маърифатсизлик кишини жарлик ва ҳалокатга элтувчи нурсиз йўлдир. Бу борада мусулмонлар олим ва имомларнинг кўрсатмаларини маҳкам тутмоқлари лозим.

Фитнани даф қиладиган йўллардан бири киши ўзини бўш қолдирмай, фойдали ишга банд қилиши, ҳар бир фурсат ва илоҳий неъматларни қадрлашидир. Ҳаёт, соғлик-саломатлик ва навқирон ёшлик – буларнинг ҳаммаси неъматдир. Агар инсон улардан ўз ўрнида фойдаланмаса, машаққат ва фитнага дучор бўлади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом умматларини имкон борида, хайрли ишларга фаоллик ва хоҳиш борлигида уларни бажариб олишга шошилишга ундаганлар.

Фитналардан сақланишнинг яна бир йўли енгиллик ёки омонатни топширадиган вақт келгунича сабр қилишдир. Банда бошига тушган синов ва машаққатларга сабр қилса, мукофот сифатида Аллоҳнинг розилиги ва раҳматига ноил бўлади.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Албата, Биз сизларни бир оз қўрқинч ва очлик билан, мол-мулкга, жонга меваларга нуқсон етказиш билан синаймиз. Ва сабрлиларга башорат бер. Улар мусибат етганда: “Албатта, биз Аллоҳникимиз ва, албатта, биз Унга қайтувчимиз”, дерлар. Ана ўшаларга Раббиларидан салавотлар ва раҳмат бор. Ана ўшалар ҳидоят топганлардир» (Бақара сураси, 155–157-оятлар).

Қанчадан-қанча фитна ва балолар борки, сабр ва бардош ила барҳам топади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ибн Аббос розийаллоҳу анҳуга: “Билгинки, Аллоҳнинг нусрати сабрдан сўнг, хурсандчилик ато этиши ғам­қайғудан сўнг, енгиллик бериши машаққатдан сўнг бўлади”, деб хабар берганлар.

Фитналардан ҳимояланишда мунофиқлардан четланиш, яшаш шароитида тежамкор ва камтар бўлишга ҳаракат қилиш мустаҳкам дастак бўлади.

Аллоҳ таоло барчаларимизни турли фитналардан паноҳида асрасин, синов-балоларни ҳам тез орада бошимиздан кўтарсин.

Жалолиддин ҲАЙДАРАЛИ ўғли,
Тошкент ислом институти ўқитувчиси

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 14-сонидан