Мақолалар

Хавф мақоми

Чоп этилди Noyabr 15, 2020 Хавф мақомиda fikr bildirishni o'chirish

“…Улар Раббиларига қўрқув ва умидворлик ила дуо қилурлар” (Сажда сураси, 16-оят).

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган кўз сут елинга қайтиб кирмагунча дўзахга кирмайди”, дедилар (“Рисолатул қушайрия”).

“Хавф” сўзи луғатда “қўрқиш” маъносини англатади. Истилоҳда Аллоҳ таолодан қўрқиш, У зот ҳар дамда ташию ичини кўриб турганини билишга айтилади.

Абулқосим Қушайрий айтади: хавф келажакка оид нарса бўлиб, ёқтирмаган нарсанинг содир бўлиши ёки яхши кўрганидан ажраб қолиш қўрқувидир.

Аллоҳ таолодан қўрқиш эса охират ёки дунё ишларида У зотнинг азобига учрашдан хавфсирашдир. Аллоҳ азза ва жалла Ўзидан қўрқишни фарз қилган. Шунингдек, хавфни имон шарти қилган. “Бас, агар мўмин бўлсангиз, улардан қўрқманглар, Мендан қўрқинглар” (Оли Имрон сураси, 175-оят).

Хавф илмнинг ҳам шартидир. “Аллоҳдан бандалари ичидан фақатгина олимларигина қўрқарлар” (Анкабут сураси, 28-оят).

Абу Ҳафс раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Хавф қалбнинг чироғидир. У ила қалбда яхши ва ёмондан бирон нарса бор ёки йўқлиги кўрилади”.

Яҳё ибн Муоз айтади: “Одам боласи фақирликдан қўрққани каби дўзахдан қўрқса, албатта, жаннатга киради”.

Абулқосим Ҳаким: “Ким бир нарсадан қўрқса, ундан қочади. Ким Аллоҳдан қўрқса, у томон югуради”, деган.

“Инсонларда хавф бор экан, улар тўғри йўлдадир. Қачон улардан хавф кетса, йўлдан адашурлар” (Зуннун Мисрий).

Ҳотамул Асом айтади: “Ҳар бир нарсанинг зийнати бор. Ибодатнинг зийнати хавфдир. Хавфнинг аломати орзунинг камлигидир”.

Абу Сулаймон Дороний айтади: “Хавф – қалб доим муҳтож бўладиган нарса. Агар Аллоҳ кечириб юборади, деган умид хавфдан устун келса, қалб бузилади”.

Қуръони каримда фаришталар пайғамбарлар хавфи бундай васф қилинган:

“Улар устиларидаги Раббларидан қўрқурлар ва ўзларига амр қилинган нарсаларни қилурлар” (Наҳл сураси, 50-оят).

“Улар Аллоҳнинг рисолатини етказадиган, Ундангина қўрқадиган, Аллоҳдан бошқа ҳеч кимдан қўрқмайдиганлардир” (Азҳоб сураси, 39-оят).

Анас розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Огоҳ бўлинг, Аллоҳга қасамки, мен Аллоҳдан энг кўп қўрқадиганингизман, Унга энг кўп тақво қиладиганингизман”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ва Имом Насоий ривояти).

Ривоятларда келадики, Умар розийаллоҳу анҳу кўчадан ўтаётганда ўйнаб юрган болалардан бири шеригига: “Қараб тур, ҳозир уни йиғлатаман”, деб: “Эй Умар, Аллоҳдан қўрқ”, деди. Шунда Умар ибн Хаттоб розийаллоҳу анҳу йиғлаб юборди. Ҳалиги бола: “Ана кўрдингми?” деди.

Албатта, Аллоҳдан қўрқиш йиғлаш дегани эмас. Хавф Аллоҳнинг шариатида маҳкам туришдир. У зотга ибодатларни адо этиш, инсонлар, ҳайвонлар бошқалар билан муомалада нафсига ёқмаса-да, шариатдан чиқмасликдир. Кимнидир йиртқич ҳайвон қувса, албатта, қочади. Ҳар қанча мажбурлашса ҳам кўнмайди. Аллоҳдан қўрққан банда ҳаромдан худди йиртқичдан қочгандек қочади. Унинг ҳамласи тишлаш, ғажиш билан тугайди. Ҳаромники эса дўзахнинг турфа азоблари билан давомий бўлади.

Саҳл Тустарий айтади: «Тоғам бизникига келди. Кечаси намоз ўқиди. Мени кузатиб турганимни кўриб, “Эй Саҳл, ҳар куни ётишингдан олдин уч марта: “Аллоҳ мени кўриб турибди, эшитиб турибди, У мен билан бирга”, дегин, деди. Мен уни такрорлаб юрдим. Тоғам яна келганида, “Саҳл, айтганимни қиляпсанми?” деди. “Ҳа”, дедим. “Энди ўшани ўн бир мартадан айтгин”, деди. Мен унга амал қилдим ва қалбимда тароватини туйдим. Тоғам кейинги келганида унга буни айтиб бердим. Шунда у: “Эй жиян, Аллоҳ сени кўриб, эшитиб турибдими? Аллоҳ сен билан биргами?” деди. “Ҳа”, дедим. У: “Энди У зотга гуноҳ қилмагин”, деди. Саккиз ёшимда Қуръонни ёд олдим. Мана шу даражага етишимга ўша нарса сабаб бўлди».

Уламолар хоиф – хавф қилувчиларни даражаларга бўлишган:

Авомлар даражаси. Охират азоби ва савобдан маҳрум бўлишдан қўрқувчилар авомлар даражасида бўлишади.

Хослар даражаси. Хослар Аллоҳдан узоқлашиб қолишдан қўрқувчи кишилардир.

Хослар хоси даражаси. Хавфнинг олий кўриниши бўлиб, Аллоҳнинг висолидан тўсилиб қолишдан хавфда бўлишади. Бу даража соҳиблари юқоридаги икки босқичдан ўтган, қалби жаннат ва роҳат ҳақида эмас, Аллоҳнинг жамолини кўриш илинжидаги кишилардир.

Бу сифат Аллоҳга етишмоқчи бўлган соликнинг доимий ҳолатига айланиши керак. Бир муддат қўрқиб, бир муддат эсдан чиқарса, мақом бўлмай қолади. Мақом ўша сифатда доим туришдир.

“Рисолатул қушайрия” ва “Руҳий тарбия” китоблари асосида
Абдуллоҳ АЛИҚУЛОВ тайёрлади.

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 14-сонидан