Вазифамизни бажарайлик
Табибнинг иши даволаш, ўқитувчининг иши ўқитиш ва ҳоказо. Аммо ҳамманинг банда сифатидаги умумий иши Аллоҳнинг амрларини адо этиш, қайтариқларидан қайтишдир. Амрлар бошида эса имондан кейин албатта намоз келади.
Меърожда амрини олиб, намознинг қандай ўқилишини бизга ўргатган Пайғамбар алайҳиссалом ва саҳобалари ҳатто қийин ҳолларда ҳам (қисмларга бўлиниб бўлса-да) жамоавий ибодат қилишдан воз кечмаган. Бугун эса арзимас сабаб ва баҳона билан шундай муҳим ибодатни вақтида ёки умуман ўқимай юрганлар бор. Ҳолбуки, Қуръони каримда намоз ўқишга кўп маротаба амр қилинган. Шунинг ўзи унинг қандай аҳамият касб этишини билдирмайдими?!
Ислом оламининг улуғлари, азиз ва муттақийлари ўлим тўшагида ҳам тарк этмаган бу ибодатни сизу биз қайси ақл билан ортга ташлаймиз?! Ахир ейишдан, ичишдан, уйқудан, ҳаводан воз кечмаймиз-ку. Нега энди уларни бизга восита қилган Аллоҳга шукр учун истиғфор айтиб, раҳматидан умидвор бўлиб ибодат, яъни итоат қилмаймиз? Моддий ҳаёт таъминотини узлуксиз, баъзан керагидан ортиқ бажариб қўямиз. Маънавий, руҳий оламимиз эса ғарибдан ғариб ҳолда. Унинг озуқасини қачон берамиз?!
Бир тасаввур қилинг: университетга ҳужжат топширган абитуриент (илм толиби) имтиҳон куни ухлаб қолди ва синовда қатнаша олмади. У уйғонганда қандай аҳволга тушади. Ёки ўзингиз ишлаётган идора раҳбари сизга бир топшириқ бериб, муддат белгилади. Сиз эса унутибми, эринибми, бажара олмадингиз. Жамоангиз ичида топшириқнинг ижроси сўралса, қандай ҳолга тушасиз? Ёхуд яқин ва қадрдон бўлган бир киши сизга 24 тилла ҳадя қилиб: “Шундан биттасини мен учун сарфласанг, сенга яна мислсиз бойлик бераман”, деса нима қилган бўлардингиз?.. Албатта, бу мисоллар нисбийдир. Аммо кунига 24 соат вақтни биз ўзимиз ижод қилиб топмаяпмиз, ахир. Агар беш вақт намознинг жами вақтини (таҳорат билан) қўшиб ҳисобласак ҳам бир, бир ярим соат бўлади. Шундай экан, неча соатлаб интернет титкилаб ё бўлмаса, телевизор (футбол ёки сериал) кўриб кунлар, ойлар, йиллар ҳавога учганда, Аллоҳ инсон фойдаси учун буюрган амр адосига вақт етмаслиги мантиққа мос келмайди. Ҳадисда мўмин мўмин учун кўзгу бўлиши айтилган. Шундай экан, бир-биримизга жавобгармиз. Ҳаммамиз Одам алайҳиссалом болалари эканмиз, Аллоҳга ибодат қилишда сусткашликка йўл қўймайлик. Токи қиёмат куни юзимиз ёруғ бўлсин!
Аббос ХУДОЙБЕРДИЕВ,
Қашқадарё вилояти
“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 14-сонидан