Мақолалар

Сўраган эдингиз…

Чоп этилди Noyabr 16, 2020 Сўраган эдингиз…da fikr bildirishni o'chirish

Савол: Коронавирус юртимиздан тезроқ кўтарилиб кетиши учун баъзилар жамоавий ўзаро келишиб, Қуръонни хатм қилиш ташаббуси билан чиқишди ва кўнгиллилар томонидан Қуръони карим бир неча марта хатм қилинди. Шу иш динимизда қандай асосга эга? Умуман олганда, Қуръони каримни ўзаро бўлишиб, жамоавий тарзда хатм қилиш жоизми? Баъзилар бу иш аввалда салафи солиҳларда бўлмаган, бидъат иш, дейишмоқда.

Жавоб: Қуръони каримни тақсимлаган ҳолда хатм қилиш салафи солиҳлар давридан бўлган амал саналади. Буни ҳеч бир аҳли илм мункар иш санамаган. Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ машҳур асарларидан бири “Ат-Тибён” номли китобида бундай дейди: «Қуръонни давра бўлиб ўқиш ҳақидаги фасл: бу бир жамоа тўпланиб, улардан бири Қуръонни ўндан бирини ёки бир порасини ёки бошқача миқдорини ўқийди ва жим бўлади. Кейин иккинчи киши биринчиси тўхтаган жойдан бошлаб ўқийди. Бу иш жоиз ва яхши ишдир. Имом Молик раҳимаҳуллоҳ бу ҳақда сўраганида: “Бунинг зарари йўқ”, деб жавоб берган» (“Ат-Тибён фи одоби ҳамалатил Қуръон”).

Имом Моликнинг мазкур жавобини моликий мазҳабининг етук олимларидан бири аллома Совий ўзининг “Шарҳус соғийрга ёзган ҳошия”сида ҳам зикр қилиб ўтган.

Қуръони каримни жузларга бўлиб, ўзаро тиловат қилишни бугунги кундаги ҳар нарсани бидъат ва хурофотга чиқарадиган тоифалар қаттиқ ҳурмат қиладиган шайхулислом Ибн Таймия ҳам машруъ эканини таъкидлаб ўтган. Жумладан, бу масала юзасидан бундай деган: “Қуръони каримни давра бўлиб ўқиш аксар уламолар наздида яхши иш саналади” (“Фатаво ал-кубро” китоби, 5-жуз, 345-бет).

Қуръони каримни хатм қилган чоғда дуо қилишга келсак, саҳобаи киромлар ва улардан кейинги салафи солиҳларнинг суннатларидир. Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «У (қори) учун хатми Қуръон чоғида мустажоб бўладиган дуо ва жаннатда дарахт бор», дедилар» (Имом Байҳақий ривояти).

Имрон ибн Ҳусойн розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қуръон ўқиб, у ила одамлардан сўрайдиган қавмлар келмай туриб, Қуръон ўқиб, у ила Аллоҳдан сўраб қолинглар», дедилар» (Имом Аҳмад ривояти).

Ҳакамдан ривоят қилинади: «Мужоҳид ва Абда ибн Абу Лубоба менга одам юборишди. Кейин: “Биз Қуръонни хатм қилмоқчи эдик, шунга сенга одам юбордик. Хатми Қуръон чоғида дуо мустажоб бўлади, дейилар эди”, дейишди. Улар Қуръонни хатм қилгач, дуолар қилишди» (Имом Байҳақий ва Имом Доримий саҳиҳ санад билан ривоят қилишган).

Муҳаммад ибн Зурайс «Қуръон фазилатлари»да Иброҳим Таймийдан қуйидагича ривоят қилади: «Абдуллоҳ ибн Масъуд: “Ким Қуръонни хатм қилса, унинг учун мустажоб дуо бордир”, дерди. Абдуллоҳ ўзи қачон Қуръон хатм қилса, аҳли оиласини тўплаб, дуо қилар, улар “Омин!” деб туришар эди».

Аъламуддин Саховий раҳимаҳуллоҳ: «Дуонинг баракоти кўп, фойдалари қамровлидир. Хусусан, хатми Қуръон чоғида раҳмат нозил бўлиб турган пайтда бўлса», деганлар.

Демак, Қуръон хатм қилганда дуо қилишни шахсан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари тавсия этган, суннат қилганлар. Саҳобалардан тортиб, барча улуғ имомлар бу суннатга амал қилишган. Валлоҳу аълам.

Савол: Мен дорихонада ишлайман. Дори олиш учун келадиган кўпчилик мижозлар: “Мана бу дори яхши тузатадими?”, “Яхши тузатадиган доридан беринг”, деган гапларни ишлатишади. Менимча, бу ширк бўлмоқда (Аллоҳ асрасин). Шу каби ҳолатларда қандай йўл тутайлик?

Жавоб: “Бу дори мени тузатади”, дейиш ширк ҳисобланмайди. Балки бунда ўша дори касалликни тузатишда восита бўлиши назарда тутилади. Аслида, касалликларни ёлғиз Аллоҳ таоло тузатишини ҳамма билади. Бу каби ҳолат Қуръони каримда ҳам келган. Масалан, Аллоҳ таолонинг Ўзи ўлим фариштасига ўлдириш феълини нисбат бериб:

«Айтинг: “Сизларга вакил қилинган ўлим фариштаси жонларингизни олур, сўнгра Раббингиз ҳузурига қайтарилурсиз”», деган (Сажда сураси, 11-оят).

Ваҳоланки, аслида ўлдириш ҳам, тирилтириш ҳам ёлғиз Аллоҳ таолонинг феъли ҳисобланади. Ўлим фариштаси эса худди дардни тузалишида дори восита бўлгани каби бир воситачи, холос. Валлоҳу аълам.

Савол: Ажали яқинлашган кишининг олдида бўлганлар нима қилишлари керак?

Жавоб: Ажали яқинлашган кишининг оёқлари бўшашади, юзининг ранги ўчиб, бурни бир томонга оғади, териси бўшашади. Ажали яқинлашган киши ёнида бўлганлар уни ўнг томони билан, юзини қиблага қаратиб ётқизиши суннатдир. Агар бунинг имкони бўлмаса, чалқанча ётқизиб, бошини кўтариб, оёқларини қиблага қаратиб, қибланинг ҳурматидан тиззасини бироз кўтариб қўйилади. Бу ҳолатлар унга ноқулайлик туғдирадиган бўлса, уни ўз ҳолига қўйилади. Унинг ҳузурида таҳлил (“Лаа илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадур расулуллоҳ”)ни эшиттириб айтиб турилади. Аммо унга “айт” дейилмайди. Агар таҳлил калимасини бир марта айтса, бошқа айтилмайди (“Мухтасар”, “Фатавои ҳиндия”, “Ҳидоя”). Валлоҳу аълам.

Савол: Одамлар орасида ғийбат қилиш ҳоллари кўп учрамоқда. Илтимос, бунга динимизнинг кўрсатмаси ҳақида маълумот берсангиз.

Жавоб: Ғийбат гуноҳи кабиралардан биридир. Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий айтади: “Бир кишидаги айб-нуқсонни бошқаларга айтиб юриш ғийбатдир. У қилмаган ишни ёки унда йўқ нарсани айтиш туҳматдир”. Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради:

“Эй мўминлар! Кўп гумон(лар) дан четланингиз! Чунки баъзи гумон(лар) гуноҳдир! (Ўзгалар айбини қидириб) жосуслик қилмангиз ва бирингиз бирингизни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирор киши ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни хоҳлайдими?!” (Ҳужурот сураси, 12-оят).

Абу Саид Худрий розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: “Исро кечаси бир қавм танасидаги бир қисм гўштни кесиб, уни еб турганларида, уларнинг олдидан ўтиб қолдим. Шунда уларга Жаброил алайҳиссалом: “Биродарларингизнинг гўштини еганингиздек, еяверинглар”, деб айтди. Мен ҳайратланиб: “Эй Жаброил, улар кимлар эди?” деб сўрадим. Жаброил: “Улар умматларингиз орасидаги ғийбатчилардир”, деб жавоб берди» (Имом Аҳмад, Имом Абу Довуд ривояти). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 14-сонидан