Мақолалар

Пора олган ва берган малъундир

Чоп этилди Noyabr 16, 2020 Пора олган ва берган малъундирda fikr bildirishni o'chirish

Ҳақсизни ҳақ, янглишни тўғри, ёмонни яхши, салоҳиятсизни салоҳиятли этиб кўрсатиш учун бирон кимсадан пул олиш порахўрликдир. Бундай ношаръий иш учун воситачи бўлиш ҳам ҳаром амал.

Жамиятни поракандаликка юз туттирадиган, Яратганга осий, одамларга, атроф-муҳитга хиёнат қилишга бошлайдиган иллатлардан бири порахўрликдир. Ушбу амални шариат қаттиқ қоралайди. Инсонларнинг молларини ботил йўл билан ейишга тенглаштиради: “Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг. Билиб туриб одамларнинг молларидан бир қисмини ейишингиз учун ҳокимларга гуноҳкорона ташламанг” (Бақара сураси, 188-оят). Имом Қуртубий раҳимаҳуллоҳ оятдаги: “молларингизни ботил йўл билан еманг” жумласи ҳаромнинг барча турлари: қимор, алдамчилик, порахўрлик, ҳаром нарсаларни сотиш, ҳаром касб орқали даромад топиш каби номақбул амалларни ўз ичига олади”, деб тафсир қилган (Тафсири Қуртубий).

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда бундай келади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳукмда пора берувчи ва пора олувчини лаънатладилар” (Имом Аҳмад ва Имом Термизий ривояти). Савбон розияллоҳу анҳу ривоятида: “Набий алайҳиссалом пора берувчи, пора олувчи ва уларга воситачини лаънатладилар”, дейилган (Имом Аҳмад ривояти). Имом Табароний ривоятида эса: “Пора олган ва берган жаҳаннамда”, деб келтирилган. Уламолар: “Пора берувчининг мақсади мусулмонга озор етказиш ёки ҳақи бўлмаган нарсани қўлга киритиш бўлса, у малъундир” , деб айтишади

Пора аслида – ҳақсизни ҳақ, янглишни тўғри, ёмонни яхши, салоҳиятсизни салоҳиятли этиб кўрсатиш учун бирон кимсадан олинадиган эваздир. Ушбу эвазнинг ози ҳам, кўпи ҳам ҳаром бўлиши билан бирга, диёнатли кишиларнинг ҳаётларини издан чиқариб юборадиган даражада хавфли ҳамдир. Йиллар давомида кунни тунга улаб, фарзандини билимли қилган ота-онанинг меҳнатини саробга айлантирувчи, мазлумнинг ҳақини золимга қолдирувчи разолатдир.

Пора аслида – ҳаромдан кийиниш, ҳаромдан маскан тутиш, ҳаромдан маркаб минишдир. Содда тил билан айтганда ўткинчи “роҳат”ни деб жаннат эшикларини ўз қўли билан ўз бетига ёпишдир. Ҳаром топилган мўмай даромад орқали ҳали она сути оғзидан кетмаган, норасида болажонларга луқма едиришдир. Кун келиб, ноқобил фарзандларга айланишганларидан сўнг бошни чангаллаб: “Қайси гуноҳларим учун?” деб надомат чекишдир.

Пора аслида – қўлида ҳужжат, ишга лаёқат, касбига садоқати бор кишининг ўрнига, масъулиятсиз, лаёқатсиз, билимсиз шахсни иш билан таъминлашдир. Одамларнинг: “Кун келиб, бирим икки бўлар”, деб йиллар давомида йиққанларини бир зумда ботил йўл билан ўзлаштиришдир.

Порахўрлик ҳеч қачон кишига бахт келтирган эмас. Буни порахўрлик билан шуғулланадиган одам яхши англайди. Олдин ҳалол яшаб, кейинчалик порахўрликка ружу қўйганнинг ўзи бунга иқрордир. Сабаби у – “Инсон ўзининг зарарига гувоҳлик берувчидир” (Қиёмат сураси, 14-оят). Аслида инсонга ўзидан бошқа гувоҳнинг кераги ҳам йўқ. Пора олмай юрган вақтидаги тинч, тотув, осойишта ҳаёти, ундаги роҳат йўқ. Пули кўп, барча инжиқликлари муҳайё, лекин роҳат йўқ. Бу Аллоҳ таолонинг суннати. Ўзганинг молини ботил йўл билан еган инсон ҳеч қачон, дунё ва охиратда ҳам тотувликка эришмайди.

Ҳазрат Умар розийаллоҳу анҳу халифалик вақтида умр йўлдоши билан қишлоқлардан бирини зиёрат қилди. Қишлоқ аёллари халифанинг хотинига турли-туман ҳадялар беришди. Уйга қайтганида ҳазрат Умар совғалар қаердан келганини сўраб билди ва: “Халифа бўлмаганимда сенга ҳадя беришмасди. Чунки авваллари сенга ҳадя беришмасди-ку?!” деди ва барча совғаларни байтулмолга топшириб юборди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳаром еб ўсган вужуд жаннатга кирмайди”, деб огоҳлантирганлар. Муоз ибн Жабал розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий алайҳиссалом уни Яманга (ишга) юборганлар. Жўнаб кетганидан кейин орқасидан одам юборганлар. Қайтиб келганида: “Сенга нима учун одам юборганимни биласанми? Рухсатимсиз бирор нарсани олмагин. Чунки у ғулулдир. Ким ғулул олса, қиёмат куни ғулул (давлат мол-мулкидан ўғирланган нарса) олган нарсаси билан келади”, деб огоҳлантирдилар.

Ибн Бурайдадан, у ўз отаси розийаллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда Набий алайҳиссалом: “Қозилар учта. Биттаси жаннатда. Иккитаси дўзахда. Ҳақни таниб у билан ҳукм қилгани жаннатда. Ҳақни таниб туриб, ҳукмда жабр қилгани дўзахда. Ҳақни танимай, одамлар устидан жоҳиллик билан ҳукм чиқаргани дўзахда”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти). Демак, бу иллат ҳеч бир касбни четлаб ўтмаган. Фиқҳ китобларида қозиларнинг адолатли бўлишлари ҳақида кўплаб ҳукмлар келган. Уларнинг ҳаттоки ҳадя олишга ҳам ҳақлари йўқлиги айтилади.

Убайдуллоҳ ибн Масъуд “Анниқоя Мухтасарул виқоя” китобида: “Қози ҳадяни қабул қилмайди. Фақат хусумат иши бўлмаган маҳрами ва қози бўлишидан илгари ҳадя беришга одатланган шахсдан аввалги миқдордаги ҳадяни олса, майли”, деб келтиради. Ушбу рухсатдан ташқари ҳолда қози олган ҳадя пора деб эътибор қилинади.

Акмалуддин Бобартий “Алиноя шарҳул Ҳидоя” асарида айтади: “Қози фақат оммавий чақирилган жойларга боради. Агар таклиф қилган кишининг қозихонада иши бўлса, қозининг бундай ҳамма чақирилган жойга ҳам бориши мумкин эмас. Яна, қози ўзаро даъвогарлар орасида ўтириш ва қарашни баробар қилади. Улардан бири билан пичирлашиб гаплашмайди, меҳмон қилмайди, кулишмайди, ҳазиллашмайди, унга ишора қилмайди ва ҳужжатни айтиб бермайди”.

Умар ибн Хаттоб розийаллоҳу анҳу Абу Мусо Ашъарийга мактубида: “Икки томон орасида юзингни, мажлисингни ва адолатингни бир хил қил. Токи, бой киши сени ўзига оғдиришга тама қилмасин, ночор киши сенинг адолатингдан ноумид бўлмасин”, деган.

Золим одамнинг зулмидан динини, жонини, молини аҳли аёлини сақлаш учун унга мол бериш пора ҳисобланмайди. Чунки динимиз бу нарсаларни сақлашга қаттиқ буюради.

Набий алайҳиссалом ҳам тили ёмон шоирларнинг зарарини даф қилиш учун уларга мол берардилар. Хаттобий Икрима розийаллоҳу анҳудан мурсал ҳолда ривоят қилади: «Бир шоир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келганда у зот алайҳиссалом: “Эй Билол, манавининг овозини ўчир”, дедилар. Шунда Билол розийаллоҳу анҳу унга 40 дирҳам бердилар» (Абдулҳамийд Маҳмуд Таҳмоз, “Ал фиқҳул ҳанафийю фий савбиҳил жадийд”).

“Муаллафатул қулуб”, яъни қалби улфат қилинадиганларга закот молидан бериш ҳам бунга мисол бўлади. Чунки бу иш билан уларнинг қалбларини динга мойил этиш ёки уларнинг зараридан сақланиш ва шу каби манфаатлар қасд қилинган.

Мусулмон ҳам дунёсини, ҳам динини сақлаши учун порахўрликнинг барча кўринишларидан сақланиши, шунингдек, жамият тараққиёти учун порахўрлик каби иллатларга кўз юммаслиги, лоқайд қарамаслиги лозим.

“Хадичаи Кубро” аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти катта ўқитувчиси
Сурайё Иброҳимова тайёрлади

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 14-сонидан