Маросимларнинг афзали
Айни кунларда хавотир аралаш бўлса-да, рухсат берилиши билан тўй қиламан, деб ўтирганлар кўп. Чунки ота-онанинг интиқлиқ билан кутадиган орзуларидан бири фарзанди тўйида бош-қош бўлиш, келган меҳмонлар кўнглини олиб, уларни хурсандчилик билан кузатиб қўйишдир. Бир қараганда бу иш осон туюлади. Шариат аҳкомларига амал қилинган ҳолда бўладиган тўй аслида ҳам шундай.
Таассуфки, “обрўни сақла”, “кўпи кетиб ози қолди”, “қирқига чидаган, қирқ бирига ҳам чида” каби сўзлар билан ўзимизни юпатамиз. Аслида бу юпатишнинг нафақат охират, балки бу дунёда ҳам сариқ чақалик фойдаси йўқ эканини ўйлаб кўрмаймиз. Бу борада Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши чиқарган фатво барча юртдошларимиз учун фойдали эканини ҳисобга олиб, унинг асосий мағзини яна бир бор эслаб ўтишни жоиз билдик.
Ислом шариати мусулмонларга ҳаргиз қийинчиликни раво кўрмайди, чунки Қуръони каримда: «Аллоҳ таоло сизлар учун бу динда ҳаргиз қийинчилик яратмади» (Ҳаж сураси, 78-оят), бошқа бир оятда: «Аллоҳ таоло ҳеч бир бандага қўлидан келмайдиган ишларни буюрмайди» (Бақара сураси, 286-оят), дейилган. Мазкур оятлар мусулмонлар маросимларни осонлик билан ўтказиши ва бемалол ибодат қилиши учун нозил бўлган.
Никоҳ тўйлари ва ақиқа каби маросимларни ниҳоятда иқтисод ва тежамкорлик билан ўтказиш шариатимиз таълимотига жуда мувофиқдир.
Шунингдек, мусибат етган хонадонда муайян кунга боғламасдан бақадри ҳол оила иқтисодига зарар етказмайдиган ҳолда бир марта эҳсон ўтказилса, кифоя. Уни ҳам илмий мажлис тарзида, Қуръон тиловати, ҳадиси шарифлар асосида файзли мавъизалар билан қилинса, мақсадга мувофиқ бўлади. Мусибатхоналарда пайшанбалик ва якшанбалик номи билан қилинаётган эҳсон маросимлари динимизнинг бирор-бир манбасида ёзилмаган ва айтилмаган.
Барча диний ва миллий маросимлар тежамкорлик билан, исрофгарчиликсиз ўтказилса, мақсадга мувофиқ бўлади. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Албатта, исрофчилар шайтонларнинг биродарлари бўлганлар», деб огоҳлантирган (Исро сураси, 27-оят).
Юқорида зикр этилган сўзлар шариатимиз кўрсатмаларидан бўлиб, унга амал қилмоқ ҳар бир мусулмон учун икки дунёда ажр-савоб қозонишига сабаб бўлади, иншоаллоҳ.
Абдулазиз АБДУЛЛАЕВ,
Қамаши туманидаги “Чим” жоме масжиди имом-хатиби
“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 14-сонидан