Динимиз жоҳилликни қоралайди
Ислом дини тарихидан яхши маълум, ҳали Аллоҳнинг мўминларни эзгуликка чорловчи муқаддас китоби Қуръони карим Пайғамбар алайҳиссаломга нозил қилинишидан олдин жоҳилият замонлари бўлган. Жаҳолат замони одамлари яхшилик ва ёмонлик, эзгулик ва баднафслик, ҳалол ва ҳаромнинг фарқига боришмаган. Муқаддас динимиз аҳкомлари айнан ана шу қараш, яшаш тарзини тарозуга соладиган инсонларни фақат яхшиликка, эзгуликка чорлайдиган амалларни бизларга суннат ва фарз қилди.
Ўргимчак тўри аталмиш интернет саҳифаларига ин қуриб олган жоҳил, мутаассиб кучлар эса муқаддас Қуръон оятларини, ҳадисларни бузиб талқин қилиш орқали ёшлар онгини заҳарлашяпти, уларни қадим қадриятларимиздан узоқлаштириб, охири вой бўлган йўлларга тортяпти. Бунга алданиб қолаётганлар озми-кўпми борлиги ачинарли, албатта.
Шуни яхши эсда сақлаб қолиш керак – динимиз тинчлик, бағрикенглик, инсонпарварлик, бир сўз билан айтганда эзгуликни ўзида мужассам этган. Пайғамбар алайҳиссаломдан ривоят қилинган ҳадиси шарифларда ҳам инсонлар ни яхши амаллар қилиш, ҳар қандай ёмонликлардан қочишга буюрилади:
“Мусулмон – қўли ва тилидан ҳеч ким зиён кўрмаган киши.
Мўмин – бошқаларнинг моли ва жонига тажовуз этмайдиган киши.
Муҳожир – гуноҳ ва маъсиятларни тарк этган киши”.
Яна бир ҳадисда айтиладики: “Умматим ҳеч қачон залолатда бирлашмайди”.
Залолат жаҳолатнинг бир кўриниши, инсоннинг икки дунёсини барбод қиладиган, барча ёмонликлар жамланган бир ахлат ўрасидир. Кўп минг йиллик қадриятлар аслида буюк бобокалонларимиз амал қилган, даъват этган, ўзларининг гўзал хулқлари, инсоний одоблари, кўп савоб амаллари негизида сайқалланган. Ўз умрларини диний ва дунёвий илмларни эгаллашга, бошқаларга шу йўлда ибрат бўлишга бағишлаган буюк қомусий олимларимиз ҳаётлари, яратган ўлмас асарлари, қилинган яхши амалларини ўргансак, бунга яна амин бўлаверамиз. Бу буюк аждодларимизни бутун жаҳон афкор оммаси устозлар мақомида билади, буюк кашфиётларини тан олади. Бу буюк зотлар чуқур билим эгаси бўлиш билан бир қаторда, маърифатли ҳам эдилар. Ҳеч қачон хато йўлга юрмаган, жаҳолатдан доимо огоҳ бўлган, ўз замондошларини бундан огоҳ қилган, ҳатто ўта оғир замонларда ҳам ўз эътиқодларини сақлаган, имонидан айро тушмаган шундай улуғ зотларнинг ҳаётий сабоқларини билишимиз, ўрганишимиз ва албатта уларнинг муносиб ворислари бўлишимиз керак. Узоқ ёки яқин тарихда ўтган манфаатпараст, жоҳил, бузғунчи кимсаларни бугун ким яхши маънода эслайди? Қайсидир минтақаларда номлари қолган бундай кимсаларни аслида ёмонликдан огоҳ қилиш учун эслаймиз ва ёмон амалларни лаънатлаймиз. Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 195-оятида қатъий огоҳлантиради: “Ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламанг!”
Бугун ёвуз кучларнинг пуч ғоялари, сохта даъватларига билмасдан учиб, йўлидан адашган ёшларимизни жаҳолат ботқоғидан қутқариш, уларни маърифат сари йўналтириш ҳар биримизнинг вазифамиздир.
Боймурод АВАЗОВ, фахрий ўқитувчи
“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 14-сонидан