Мақолалар

Имом Термизийнинг “Ал-Жоме” асарида фиқҳий масалалар

Чоп этилди Noyabr 17, 2020 Имом Термизийнинг “Ал-Жоме” асарида фиқҳий масалаларda fikr bildirishni o'chirish

Ҳадис илмига бағишланган асарларда аҳком масалаларини ўрганиш ҳижрий иккинчи асрнинг ўрталаридан, Имом Молик ибн Анас давридан бошланган эди. Мана шу пайтдан бошлаб ҳадисларни фиқҳий бобларга кўра тадвин этиш (тартиблаш) амалга оширилди, натижада муватто тартибидаги асарлар пайдо бўла бошлади. Ҳадислардаги фиқҳий масалаларни тадқиқ этишда Молик ибн Анасга эргашган айрим муаллифлар (масалан, Ибн Абу Шайба, Абдурразоқ Шофиъий) ҳам шу услубда асарлар тасниф этишди. Мана шу муаллифлар асарларини, шунингдек, аҳли раъйнинг фиқҳий масалалардаги фикр-мулоҳазаларини ҳар томонлама чуқур ўрганиб, тадқиқ этган Имом Бухорий ўзининг “Саҳиҳ” асарида фиқҳий масалаларга алоҳида эътибор қаратди ва уни янада юқори поғонага кўтарди. Имом Бухорийдан кейин бу соҳага қўл урган муҳаддислардан бири унинг шогирди Имом Термизийдир. Бу  айтга келиб, фиқҳий масалаларда қатор ҳадис асарлари яратилиб, маълум даражада тараққий этганди. Мана шу даврда Имом Термизий “Ал-Жоме” асарида ўзига хос услубни қўллайди. Муаллиф фиқҳий масалалар ва аҳкомларни ўз боблари мазмуни жумласига киритади. Фуқаҳоларининг фикр-мулоҳазаларини келтириб, уларнинг мазҳабларини, баъзи ҳолларда эса энг мақбули ва афзалларини ажратиб кўрсатди. Илм аҳли наздида мақбул бўлган ҳадисларга таяниб, фикр билдирди. Имом Термизийнинг фиқҳий масалалардаги услубларини умумлаштирган ҳолда шундай хулоса ясаш мумкин: таржималарга эътимод қилиш; боб мавзусига оид уламо ва ровийлар фикрини ҳадисларда ифода этиш; қарашлар ўртасидаги афзалларини алоҳида кўрсатиш; бобларни улардан келиб чиқадиган аҳкомларга кўра бўлиш.

Имом Термизийнинг “Ал-Жоме” асари баҳсли масалаларни талқин қилишда йирик манба ҳисобланади. Айниқса, қадимий (қарийб унутилаёзган) таълимотларни ўрганиш масаласида тенги йўқ асарлардан бири сифатида тан олинган. Масалан, Имом Авзоъий, Ироқда яшаган машҳур имомлардан Суфён Саврийларнинг фиқҳий мазҳаблари узоқ муддат амалда жорий бўлган. Ибн Роҳавайҳ номи билан машҳур бўлган хуросонлик олим Имом Исҳоқ Иброҳим Ҳанзалий, мовароуннаҳрлик аллома Абдуллоҳ ибн Муборак Марвазий каби зотларнинг мазҳабларини ўрганишда ҳам “Ал-Жоме”нинг аҳамияти беқиёс. Бу асар нафақат қатор мазҳабий қарашлар, балки уламолар ўртасидаги ихтилофли масалаларни ҳар томонлама ўрганишда ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Шу боис бу асар «Ихтилофли масалалар ҳақида бизгача етиб келган энг қадимий манба» дея алоҳида таъкидланади.

“Ал-Жоме” асарининг мазҳаб соҳиблари ва пешволари яшаган даврга яқинлиги унга ишончли манба сифатида қарашни тақозо қилади. Бу ҳол, айниқса, илм аҳллари ва тадқиқотчилар учун алоҳида аҳамият касб этади. Қолаверса, нақллардаги хатосининг камлиги билан ҳам айрича устунликка эга.

Фиқҳий масалаларни тадқиқ этишда “Ал-Жоме”нинг учта муҳим жиҳати бор: биринчиси, муаллифнинг мазҳаби; иккинчиси, ҳадислардаги мазҳаб санадларнинг ўрни; учинчиси, фиқҳий масалалар ифодаси.

Имом Бухорий, Имом Термизий каби йирик муҳаддислар Қуръони карим, ҳадиси шариф ва саҳобаи киромларнинг асарларини мазмун-моҳияти билан тўлиқ эгаллашди. Улар ўз ижтиҳодий ғоялари ҳақида баралла гапириб, унга амал қилишар, бу ҳолат, айниқса, ихтилофли масалаларда кўпроқ кўзга ташланарди. Турли мазҳаблар ва қарашларга муносабат масаласида Имом Термизийнинг тутган йўли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадислари ва фақат далил-исботлар билан хулоса чиқаришга асосланган эди. Албатта, бундай ҳолларда фақат саҳиҳ ҳадислар ва энг кучли далиллар муҳим роль ўйнар эди. Масалаларни таҳқиқ ва тадқиқ (истинбот) этиш ҳамда ўз фикр-мулоҳазаларини баён этишда устозлари, айниқса, Имом Бухорий ва бошқа муҳаддисларнинг таъсири катта бўлди.

Имом Термизийнинг яна бир ўзига хос жиҳати аҳли раъй ҳақида гапирганда, уларга нисбатан “Куфа аҳли айтди” ёки “Куфа аҳлидан баъзиси деди” каби ибораларни қўллайди. “Ал-Жоме” асарида кўп учрайдиган иборалардан яна бири “асҳобуно” (асҳобларимиз) иборасидир. Муаллиф бу билан Молик ибн Анас, Муҳаммад ибн Идрис Шофиъий, Аҳмад ибн Ҳанбал, Исҳоқ ибн Роҳавайҳ каби аҳли ҳадислардан бўлган мужтаҳидларни назарда тутган.

Имом Термизий уламоларнинг сўзлари ва уларнинг фиқҳий қарашларини фақат ҳадисларга хос бўлган ишончли санадлар билангина келтиради ва уларга таяниб илмий хулосалар чиқаради. Бинобарин, мазҳаб соҳибларидан нақл қилинган фикр-мулоҳазаларни билишда санадлар муҳим аҳамиятга эга. Имом фиқҳий санадларни Суфён Саврий, Муҳаммад ибн Усмон Куфий, Убайдуллоҳ ибн Мусо Абасий, Мактум ибн Аббос Термизий, Муҳаммад ибн Юсуф Фарёбийдан нақл қилган. Бир қанча буюк муҳаддислар бу соҳада баракали ижод қилган. Улардан Имом Аҳмад ибн Ҳанбал, Имом ал-Бухорий, унинг устози Али ибн Абдуллоҳ Мадийний, Муслим ибн Ҳажжож, Имом Термизий, Ибн Абу Ҳотам, Дорақутнийларни зикр қилиш мумкин.

Авазбек ЖУМАБОЕВ
ЎХИА магистранти.

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 14-сонидан