Ёшлик ҳисоби сўраладиган неъматдир
Инсонга берилган неъматлар, имкониятларнинг энг бебаҳоси ва қадри баланди бу – вақтдир. Вақтнинг қийматини, жавобгарлигини ҳис қилиш учун ушбу ҳадис кифоя қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Қиёмат кунида банданинг қадами то тўрт нарсадан сўралмагунча жойидан жилмайди: умрини қандай ўтказгани, ёшлигини нимага сарфлагани, молини қаердан топиб, қаерга сарфлагани ва илмига қай даражада амал қилгани ҳақида” (Имом Термизий ривояти)
Ҳадисга эътибор беринг: қиёмат кунида бандадан энг аввал сўраладиган тўрт неъматнинг аввалги иккитаси айнан вақт ҳақидадир. Умри ва ёшлиги. Аллоҳ таолонинг бандага берган беҳисоб неъматлар ичида энг аввало вақт ҳақида сўрашининг ўзи ҳам, бу неъматнинг қадри қанчалар улуғлигини намоён этади.
Яна бир ажиб жиҳати шундаки, Аллоҳ таоло инсоннинг ёшлигидан алоҳида ҳисоб қилади. Агар тафаккур қилинса, инсон умридан сўрашининг ўзида инсон ҳаётининг барчаси, туғилгандан вафот этгунга қадар бўлган жараён, яъни ёшлигию қарилиги бирдек кириб кетиши керак эди. Бироқ айнан ёшлик давридан сўралишнинг алоҳида таъкидланиши, ёшлик даврининг ҳам алоҳида неъмат, алоҳида имконият эканини билдиради. Гарчи ёшлик умрнинг бир бўлаги ҳисобланса-да, унинг бошқа даврлардан ажраб турадиган ўзига хос қиймати, имконият ва шароитлари бор. У икки заифлик, яъни, гўдаклик ва қариликдан фарқли ўлароқ, куч-қувватга, ғайрат ва шижоатга тўлган бир даврдир.
Инсон балоғатга етгунга қадар баъзи имкониятлари чекланган бўлади. Унда шаҳват, гуноҳ
ва маъсиятга мойиллик ёки савоб ва гуноҳни ажратиш учун ақл-идрок бўлмайди. Кимнингдир ёрдамисиз ўзича бир ишни амалга оширолмайди. Доимо кимгадир муҳтож бўлади. Қариган чоғида ҳам худди шундай. Гарчи ақлидроки бўлса ҳам, шаҳватларга, гуноҳ ва маъсиятга мойил бўлиб турса-да, жисмонан куч-қувватдан қолгани, кўп имкониятлари чеклангани сабабли унда кўп гуноҳларни амалга оширишга имкон бўлмайди. Шунинг учун бу икки давр ҳам инсоннинг заифлик даври деб қаралмоқда.
Бу икки даврдан фарқли ўлароқ, ёшлик, ўсмирлик даври имкониятлар давридир. Инсонда куч-қувват, ғайрат ва шижоат, шаҳватларга мойиллик, моддий маблағ ва яна бир қанча имкониятлар берилган пайт бўлади. Нафс билан, шайтон билан курашиш учун энг муносиб давр бўлади. Синов ва имтиҳонлар майдони бўлади. Айнан шу пайтда, гуноҳ иш қилишга ҳам, савоб иш қилишга ҳам имконияти бўлиб турган ҳолда, ўз ихтиёри билан гуноҳ йўлни танлаган кишининг ҳам қиёматдаги саволи оғир бўлади. Ёки ўз ихтиёри, Раббисидан, дўзах азобларидан қўрқуви, Аллоҳнинг ваъдаларидан умидворлиги сабаб солиҳ амалларга шошилган, яхшилик ва ибодат йўлини танлаган кишининг ажри ва мукофоти эса жуда улкан бўлади. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг машҳур бир ҳадислари бор: “Етти киши борки, Аллоҳ Аршнинг соясидан бошқа соя бўлмаган кунда уларни сояга олади: адолатли имом-раҳбар; Раббисининг ибодатида улғайган йигит; қалби масжидга боғланган киши; Аллоҳ йўлида дўстлашган, Унинг йўлида бирлашиб, Унинг йўлида ажрашувчи икки киши; мансабли ва соҳибжамол аёл ўзига чорлаганда: “Мен Аллоҳдан қўрқаман”, деган киши; махфий ҳолда садақа берган, ҳатто ўнг қўли берганини чап қўли билмаган киши; Аллоҳни холи зикр қилиб, кўзёш тўккан киши” (Муттафақун алайҳ).
Ушбу ҳадисда қиёмат кунида, фақатгина Аллоҳ таолонинг ёрдамига муҳтож бўлинадиган, Унинг раҳматидан умид қилинадиган фурсатда Аллоҳ таоло етти тоифа инсонларни Арш соясига, Ўз ёрдамига, раҳматига дохил қилиши ҳақида хушхабар берилмоқда. Ушбу етти тоифа кишилар орасида “Раббисининг ибодатида улғайган йигит” дея ёшлигини ибодатга ва солиҳ амалларга бағишлаган йигитнинг зикр қилиниши ҳам бу даврнинг нечоғлик қадрли ва ғанимат эканига далолат қилади.
Хулоса шуки, бу даврда қилинган озгина солиҳ амал қариганда, куч-қувват ва имкониятлар кам қолган пайтда қилинган кўп амаллардан афзал ҳисобланади. Қолаверса, Аллоҳ таоло тақводор, ибодатли қариядан кўра, Раббидан қўрққан ёшларни кўпроқ яхши кўради. Демак, ҳар бир инсон ушбу ёшлик даврини ғанимат билиши, ундан оқилона фойдаланиши, дунё ва охирати учун, келажаги учун асқотадиган фойдали илм, муносиб бир касб – ҳунар, дин, миллат, юрт ва жамият ривожига ҳисса қўшадиган фойдали амаллар билан ўтказиши лозим бўлади.
Ёрбек ИСЛОМОВ,
Олмазор туманидаги “Мевазор” масжиди имом ноиби
“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 15-сонидан