Мақолалар

Биз қайси қавмданмиз?

Чоп этилди Noyabr 18, 2020 Биз қайси қавмданмиз?da fikr bildirishni o'chirish

Бугунгидай ташвишли дамларда қўлини дуога очиб, бошқа дамларда Аллоҳдан бехабар каби яшайдиганлар ҳақида Қуръони каримда бундай дейилади: “Инсонга зарар етганда, ётган ҳолда ё ўтириб ёки тик туриб ҳам Бизга илтижо қилади. Ундан зарарини кетказганимизда эса, гўё етган зараридан Бизга дуо қилмагандек кетаверади. Мана шу тарзда исрофчи (тажовузкор)ларга ўз қилмишлари зийнатли (чиройли) қилиб қўйилди” (Юнус сураси, 12-оят).

Бу инсон зотининг одатий ҳаёт тарзига берилган ҳақиқий баҳодир. Одам соғлиги жойида, аҳволи мўътадил пайтда ҳаётнинг оқимида индамай оқиб кетаверади. Гуноҳ, хато ишлар қилади, белгиланган ҳадлардан ошади. Аллоҳ муҳофазасига олган, марҳамат кўрсатган маънан уйғоқ кишилардан бошқалар куч-қуввати жойида пайти яқин келажакда ожиз, муҳтож бўлиб қолишини ўйлаб ҳам кўрмайди. Айниқса, тўқлик кўп нарсани унуттиради. Ўзини бой санаш кишини йўлдан оздиради. Кутилмаганда эса ўзини қамраб олган бало сабабли бўйни эгик, қадди букик бечорага айланади. Бундай офатдан қутулиш учун Аллоҳга ёлвора бошлайди. Қачонки бошидан бало аритилса, яна ортига боқмай, хулоса қилмай, борар йўли қаерга элтишини билмай кетаверади. Тағин эски ҳаёт тарзини давом эттиради.

Истаганини истаган пайтида қилишга қодир бўлган Аллоҳ инсонни синаш учун ҳаёт ва ўлимни яратган. Ҳаётнинг бир имтиҳон эканини доимо эсда сақлаш лозим. Дуойим ижобат бўлсин деган киши буни ҳеч унутмаслиги керак. Зеро, дуо фақат эҳтиёжларимиз ечими учун илтижо эмас, балки шайтон билан мужодалада имонимизни ҳимоя қилиш, фақат Аллоҳдан мадад сўраш лозимлигини англаб етишимиз ҳамдир.

Аслида биз доим ягона дўст – Аллоҳга суянишга муҳтожмиз. У Зот эса бизнинг дуо ва шукримизга муҳтож эмас. Аллоҳ ҳар қандай эҳтиёждан покдир. Биз қуллар эса ҳар нафасда Унинг марҳаматига муҳтожмиз. У биз бандаларини яхши кўради ва дуолар туфайли мақомимиз юксалиб, Ўзига яқин бўлишимизни истайди. Демак, биз қуллар нафсимизнинг туганмас ёмон орзуларига қарши чиқиб, яшашдан асл мақсад нима эканини идрок қила олишимиз керак.

Дуонинг асоси Аллоҳни эслаш, зикр қилишдир. Бизни яратиб, ўз ҳолимизга ташлаб қўймаган, яратилишдан муродимиз нелигини билдириб, ғафлатдан асраган Раббимизни ҳар дам хотирлаб, сўз ва амалимизда Уни васф этишимиз даркор.

Бу ўткинчи дунёда моддий мақсадларга етишдан бошқа ташвиши бўлмаган бечора инсон эса мавжудлигининг асл ғоясини унутгандир. Худди робот сингари нафсининг дастурларини бажариб, эришганда ҳам балки ҳеч қачон эҳтиёжи бўлмайдиган ашёларга эга бўлиш иштиёқи билан умрини беҳуда ўтказиб, Аллоҳни унутади. Бундай тақдирдан Ўзи асрасин. Энди имкон борида ўзимизга савол берайлик: Биз ҳозир қайси қавм, қайси тоифаданмиз?!

Абдулатиф АБДУЛЛАЕВ тайёрлади.

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 15-сонидан