Мақолалар

Дуо ҳақида нималарни биласиз?

Чоп этилди Noyabr 18, 2020 Дуо ҳақида нималарни биласиз?da fikr bildirishni o'chirish

Дуонинг кучи нималарга қодир?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қазони фақатгина дуо қайтаради, умрни яхшилик зиёда қилади”, дедилар. (Имом Термизий ривояти)

Кимнинг дуоси қабул бўлади?

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Учта дуо шак-шубҳасиз қабул бўлади: мазлумнинг дуоси, мусофирнинг дуоси ва ота-онанинг фарзанди ҳаққига қилган дуоси”, дедилар. (Имом Бухорий ривояти)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Уч тоифанинг дуолари рад қилинмайди: рўзадорники, то оғзини очгунча; одил имомники; мазлумнинг дуосини Аллоҳ булут устига кўтаради ва унга осмон эшикларини очади. Сўнгра Робб: “Иззатим билан қасамки, сенга кейинроқ бўлса ҳам нусрат берурман”, дейди”. (Имом Термизий ва Ибн Можа ривояти)

Қайси дуо тезроқ қабул бўлади?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Қайси дуо тезроқ қабул бўлади?” деб савол берилганда, у зот: “Тун охирининг ўртасида ва фарз намозлари ортидан қилинган дуо”, деб айтдилар. (Имом Термизий ривояти)

Фаришталар кимнинг ҳаққига дуо қилади?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:“Бир мусулмон бошқа бир мусулмонни эрталаб кўргани борса, то кеч киргунича етмиш минг фаришта унинг ҳаққига дуода бўлишади. Агар кечқурун кўргани борса, то эрталабгача етмиш минг фаришта унинг ҳаққига дуода бўлишади. Ҳамда бу кишига жаннатда териб, йиғиб қўйилган мева бўлади”, дедилар. (Имом Термизий ривояти)

Қайси пайтдаги дуо рад қилинмайди?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Азон билан иқома орасидаги дуо рад қилинмайди”, дедилар. (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти)

Дуонинг ижобатига нима тўсқинлик қилади?

Саъд ибн Абу Ваққос розийаллоҳу анҳу: “Ё Расулуллоҳ, нима қилсам Аллоҳ дуойимни ижобат қилади?” деди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Эй Саъд, ҳаромдан сақлан, чунки қоринга бир луқма ҳаром кирса, унинг дуоси қирқ кунгача қабул бўлмайди”. (Имом Табароний ривояти)

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кишини зикр қилдилар: “Узоқ сафар қилади. Ҳориб чарчайди. Чангу ғуборга беланади. Икки қўлини чўзиб: “Эй Раббим, эй Раббим”, дейди. Ҳолбуки, таоми ҳаромдир, ичимлиги ҳаромдир, либоси ҳам ҳаромдир, ҳаромдан ғизолангандир. Унга қандай ижобат қилинсин?!», дедилар. (Имом Муслим ривояти)

Дуо қачон ижобат бўлади?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бирортангиз модомики, шошилиб: “Дуо қилдим, ижобат бўлмади”, демас экан, унга ижобат қилинади”, дедилар. (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти)

Қайси дуо афзал?

Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб: “Ё Аллоҳнинг Расули! Дуонинг қайсиси афзал?” деди. “Аллоҳдан дунё ва охиратда афв ва офиятни сўра”, дедилар. У эртаси куни ҳам келиб: “Ё Аллоҳнинг Набийси! Дуонинг қайсиси афзал?” деди. “Аллоҳдан дунё ва охиратда афв ва офиятни сўра. Агар сенга бу дунёда ҳам, охиратда ҳам афв ва офият берилса, нажот топган бўласан”, дедилар. (Имом Бухорий ривояти)

Қачон кўп дуо қилиш керак?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимни қийинчилик ва ғам-ғуссалар пайтида Аллоҳ дуосини ижобат қилиши хурсанд қилса, хотиржам пайтида дуони кўпайтирсин”, дедилар. (Имом Термизий ривояти)

Дуода нималарни сўраш мумкин?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизлардан бирингиз Раббисидан ўзининг барча ҳожатини сўрасин. Ҳатто, ковушининг тасмасини ҳам”, дедилар”. (Имом Термизий ривояти)

Дуо садақа ўрнига ўтадими?

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: «Қайси бир мусулмон кишининг берадиган садақаси бўлмаса, дуо қилаётган пайтда: “Аллоҳим! Ўзингнинг банданг ва Расулинг Муҳаммадга салавот юборгин, мўмин-мўминаларга, муслим-муслималарга ҳам салавот юборгин”, десин. Бу унга закот ўрнига ўтади». (Имом Бухорий ривояти)

Саидхон қори Ҳакимжон Махсум тайёрлади

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 15-сонидан