Уламолар ҳурматга муносиб
Қуръони каримда илм ва уламолар энг олий мақомга қўйилган. Ҳадиси шарифларда ҳам илм, уни талаб қилиш, уламолар ҳақида кўплаб маълумотлар келган. Буларнинг ҳаммасини жамлаб, Исломнинг илмга бўлган муносабати ҳақида тасаввур ва шунга яраша аҳкомлар чиқарилган.
Мусулмонлар ўз ҳаётларида Қуръон ва суннат таълимотларига амал қилиб яшаган пайтларида илм нурини бутун оламга тарқатган. Ёшу қари, эркагу аёл бешикдан то қабргача илм талаб қилиш ўзи учун фарз эканини тўла ҳис қилган ҳолда умр бўйи ўзини толиби илм ҳисоблаб яшаган. Ана ўша даврни яхшилаб ўрганган ғарблик инсофли шарқшунослардан бири Ислом умматини бутунича мадрасага қатнайдиган уммат деб васф қилган.
Бу жуда ҳам тўғри васф. Ҳамма бутунича ислом шариати бўйича ҳаёт кечирган вақтда Ислом нуридан баҳраманд бўлган ҳар бир ўлкада илм-фан, маърифат ва маданият гуллаб-яшнаган. Илмнинг ҳар бир соҳасида оламшумул кашфиётлар қилинган, улкан алломалар етишиб чиққан.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Албатта, Аллоҳдан бандалари ичидан фақат олимларигина қўрқарлар» (Фотир сураси 28-оят). Яна Аллоҳ таоло: «Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўладиларми?» (Зумар сураси 9-оят).
Ҳадиси шарифларда ҳам олимларнинг фазли кўп айтилган. Муовия розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди. Албатта, мен тақсимловчиман, холос, Аллоҳ беради. Албатта, бу уммат Аллоҳнинг иши (қиёмат) келгунча Аллоҳнинг амрида қоим бўлади. Уларга хилоф қилганлар зарар етказа олмайди”, дедилар» (Имом Бухорий ривояти).
Дин олими Ислом таълимотларини кишиларга етказиш орқали кўп яхшиликларни амалга оширади. Ундан ва у тарғиб қилган яхшиликлардан ҳамма фойда топади. Чунки Ислом таълимотлари бутун мавжудотлар учун кони фойдадир. Шунинг учун ҳам ҳамма мусулмон олимнинг ҳаққига яхшиликлар тилаб, Аллоҳ таолога дуолар қилади. Унга доимо яхшилик етиши тарафдори бўлади. Ихлосли мусулмонлар қадимдан бу улкан маънони яхши тушуниб, унга амал қилиб келганлар. Улар ўз уламоларини ғоятда ҳурмат қилганлар, эъзозлаганлар. Ҳар бир ишни улардан сўраб, шариатимизга мослаб бажаришга ҳаракат қилганлар. Биз ҳам уламоларимизнинг ҳурматларини жойига қўйишимиз лозим. Уламоларимизни ҳурмат қилсак, Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг меросхўрларини ҳурмат қилган бўламиз. Биз уламоларимизни ҳурмат қилсак, ўзимизни икки дунё саодатига чақираётган кишиларни ҳурмат қилган бўламиз. Шу йўл билан ҳар биримиз пайғамбарлар қолдирган меросдан олишга ҳаракат қилайлик, Улуғ насибага эришайлик!
Абдусамад ТОЖИДДИНОВ,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси магистранти
“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 15-сонидан