Мақолалар

Ҳазрат Бешир ота

Чоп этилди Noyabr 19, 2020 Ҳазрат Бешир отаda fikr bildirishni o'chirish

Юртимиз қадимдан буюк олим ва алломалари билан, валийлари билан дунёга довруғ таратган. Бугунги кунда ана шу улуғ зотларни дунё аҳли танимоқда. XIV–XV асрларда яшаган улуғ валий зот, каромат соҳиб ҳазрат Бешир шундай улуғ зотлардан биридир.

У зотнинг асл исми Султон Саид Аҳмад, куняси – шайх Бузруквор Ҳазрат Беширдир. Яқинда бу улуғ зотнинг ҳаёти, фаолияти ҳақида “Мир ҳақиқат” номли қўлёзма топилиб, у араб ёзуви, форс тилида ёзилган. Уни тарихчи олим Аҳмад Чориев нашрга тайёрлади.

Қўлёзмада айтилишича, Ҳазрат Бешир ота 1368 йили таваллуд топган. Бу пайтда отаси Шайх Ҳасан тўқсон ёшда, онаси Биби Малоҳат саксон ёшда бўлган. Кексалик туфайли бўлса керак, волидаларига сут келмайди, гўдак сутсиз вояга етади, шу сабабли “бешир”, яъни “сутсиз” деган ном олади. Маълумотлар кўрсатадики, буюк авлиё Амир Темур салтанати даврида камолга етган. У тариқатда Аҳмад Яссавийга туважжуҳ этган. Аммо асосий шиори “Дил ба ёру даст ба кор” бўлган. Минглаб муридлари бўлган, ҳалол меҳнат эвазига яшашни ҳаёт қонунига айлантирган. Қўлёзмада шундай лавҳалар бор: “Нақлдурким, ҳазрат шайх Бузруквор неча йиллар Башир қишлоғида турдилар. Одамлар Шайхи Бузрукворни ниҳоятда ҳурмат қилар эдилар… олти мингга яқин муриди хос бўлдилар. Ўзбеклар, тожиклар, қозоқлар, туркманлар, хитойлар бор эди. Бориш-келиш ниҳоятда яхшиланди…”

Қишлоқнинг ўртасида, юз метрлар чамаси баландликда Ҳазрат Бешир отага атаб мақбара қурилган. Дастлаб оддий синчкорлик кўринишида бўлиб, ўтган асрда, аниқроғи, 1997 йил вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан қайта таъмирланди. Мақбара кўтарилишда чап томонда Мўғулистон подшоси Саид Жамолиддинга атаб ёдгорлик ўрнатилган. Чамаси у улуғ авлиёга қўл бериб, мурид бўлган. Мақбаранинг остида XV асрнинг йигирманчи йилларида бунёд этилган чиллахона бор. Чиллахона яшаш учун қулай ва мустаҳкам қилиб ер бағридан кавланган. Чиллахона ўртасида тупроқдан устун қолдирилган. Маълумотларга кўра, бу чиллахонани Бешир отага замондош Абу Бакр Китобий Ҳазрат Охунд кавлаган.

Пастликда 600 йиллик чинорлар остидан шифобахш булоқ суви қайнаб оқиб туради. Ривоят қилишларича, Ҳазрат Бешир ота сут ўрнига ушбу булоқ сувидан ичиб вояга етган. Бу ерда “Ҳазрат Бешир ота” жоме масжиди ҳам фаолият кўрсатиб келмоқда. Кенг ва шинам қилиб қурилган ушбу масжид зиёратгоҳ ҳуснига ҳусн қўшиб турибди. Зиёратгоҳни ободонлаштириш борасида кўпгина ишлар амалга оширилди ва келгусида янада обод қилиш учун улкан ишлар режалаштирилмоқда. Бугунги кунда юртимизнинг барча вилоятларидан ҳамда чет мамлакатлардан сайёҳлар ва зиёратчилар келиб туришади.

Абдурашид РАҲИМОВ,
“Ҳазрат Бешир ота” жоме масжиди имом ноиби

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 15-сонидан