Мақолалар

Одоб олтиндир

Чоп этилди Noyabr 19, 2020 Одоб олтиндирda fikr bildirishni o'chirish

Инсонни Аллоҳ таоло яратади, ота-онаси томонидан тарбияланади. Унга аввал ҳалол луқма, кейин одоб бериш ота-онанинг бурчидир.

“Унвонул баён” китобида бир донишманднинг ўгити келтирилади. “Гапнинг яхшиси – қисқа ва аниқликка далолат қиладигани. Гапнинг чўзилгани малоллантириб қўяди. Одоб билан озиқлансанг, шифо бўлади, у билан ифорлансанг, хушбўйлиги атрофга таралади. У билан ўзингни суғорсанг, нафи етади.

Нафс одоби дарс одобидан хайрлироқдир. Ҳозиржавоблик – яхши кўмакчи. Одобни касб қилган яхши насаб ҳосил қилади. Одобсиз ақл шармандалик, ақлсиз одоб ҳалокатдир. Одоб бошоқлари олтин зарраларидир. Эркаклар зийнати чиройли амалдир. Аёллар зийнати кийган кийимидир. Эркаклар зийнати одоб, аёллар зийнати тилладир. Ақлингни ўтин алангалатгани каби алангалат”.

Халифа Ҳорун Рашид янги сарой бино қилишни ихтиёр этди. Унинг истаги бўйича сарой ўртасига тўғри устун қўйиш зарурати туғилди. Халифанинг буйруғига кўра, устунбоп ёғочни қидира-қидира Бағдодга яқин қишлоқдан топишди. Устунбоп ёғоч Бағдодга келтирилганда, Ҳорун Рашид ёнида амалдорларини олиб, устун кўрмоқ мақсадида қурилиш майдонига келди. Амалдорлар орасида донишманд Баҳлул ҳам бор эди. У устунга яқин келиб, энгашди-да, нимадир деб пичирлади. Сўнг янада энгашиб, устунга қулоғини тутди.

Унинг қилиғидан барча таажжубланди. Халифа бу ҳаракатнинг сабабини сўради. Донишманд бундай жавоб берди: «Мен устундан: “Ўзинг бир ёғоч бўлсанг-да, халифа жаноблари сенга пешвоз чиқиб, кўргани келдилар. Бундай иззат ва ҳурматга лойиқ бўлишинг сабаби недир?” деб сўраган эдим, бундай жавоб қайтарди: “Мен эгри бўлмадим, тўппа-тўғри ўсдим, тўғрилигим туфайли шундай иззатга муносиб кўрилдим. Эгри бўлсам, майдалаб, ўтин қилиб ёқиб юборардилар. Тўғри ўсганим учун мени экиб, парваришлаган кишининг хонадонини ҳам безайдирман”».
Байт:

Эгриликдан бўл йироқ,
қил тўғриликни ихтиёр,
Тўғри бўлсанг, эй ўғил,
бахт-саодат сенга ёр.

Инсон гўзал одоби билан камолот чўққиларига чиқади, ҳар доим ардоқланади.

Ш. ЗИЁЕВ, Тошкент шаҳридаги
“Ал-Бадр” жоме масжиди имом ноиби

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 15-сонидан