Бошқа дин вакиллари билан ҳамжиҳат яшаш: тажриба ва муаммолар
Бугунги кунда турли экстремистик гуруҳлар муқаддас динимиз номидан амалга ошираётган хунрезликлари сабабли баъзи мусулмон бўлмаганлар Исломни тор доирадаги қолоқ дин сифатида баҳолашади. Чунки турли ахборот воситалари орқали Ислом динига қарши турли кўринишларда глобал аксилташвиқотлар тарқатилмоқда.
Экстремистик оқимлар келтириб чиқараётган оқибатларнинг муҳокамасига бағишланган халқаро анжуманлар ўтказилмоқда. Айрим ёшларнинг динимиз ҳақидаги билимлари юзаки бўлгани боис мутаассиб ғоялар қаршисида иккиланиб қолишмоқда.
Айримлар Ислом динига нисбатан адоватда бўлиб, Исломга терроризм ва жоҳиллик тамғасини қўймоқда. Муқаддас динимиз шаънига ушбу бўҳтонни тўқиётганлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзга дин вакиллари билан адолат тамойиллари асосида тотув яшашга доир амалий суннатларини бутунлай назардан қочирмоқда.
Динимиз бизни ўзга дин вакилларига адолат билан муносабатда бўлишга буюриб, умумбашарий манфаатлар йўлида улар билан ҳамкорлик қилишдан қайтармайди. Мусулмонлар ва мусулмон бўлмаганлар орасида набавий суннат ўлароқ жорий бўлиб келаётган ушбу жараён Ислом динининг нурли тонги отган замонларданоқ бошланган эди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, бу мавзудаги маълумотларни уч фаслга бўлиб ўрганамиз.
Дарҳақиқат, Ислом дини ўзининг шонли тарихи давомида мусулмонларни ғайридинлар билан бир жамиятда ҳамжиҳат бўлиб яшашга даъват қилди. Айни шу ҳукмга далолат қилувчи бир қанча оятлар бор. Жумладан, Ҳужурот сураси 13-оятида бундай дейилади: «Эй одамлар! Биз сизларни бир эркак ва аёлдан яратдик ва сизларни ўзаро танишишингиз учун халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлигингиз энг тақводорингиздир».
Аслида ушбу ҳамжиҳатлик ва маданий алоқалар бутун инсоният тарихи давомида мустаҳкамланиб келган. Мазкур масалада мусулмон одам Ислом дини кўрсатмаларига мувофиқ, ҳатто ғайридин қўшниси билан ҳам яхши муомалада бўлган, унга зарар етказмаган. Гарчи унинг дину диёнати бошқа бўлса ҳам, унга яхши муносабатда бўлган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам оламларга раҳмат пайғамбари бўлиб келган даврдан эътиборан худди шу услубни бошлаб бердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этганларидан кейин эса у зотнинг саҳобалари Расулуллоҳнинг ушбу амалиётлари, суннатларини изчил давом эттирдилар. Улар мамлакатларни фатҳ қилар эканлар, ўзга дин вакилларидан бирортаси мусулмонлар ҳукми остида яшашдан оғринмади. Чунки улар мусулмонлар жамиятида яшаган пайтда ўзларининг иззат-нафси, аҳли оиласи, мол-мулклари ҳимоя остида эди.
(Давоми бор)
“Экстремистик ғояларни инкор қилишда шаръий далиллар” китобидан
Тоҳир ВОҲИДОВ таржимаси
“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 16-сонидан