Энг гўзал хилқат
«Қасамёд этурман анжир ва зайтун билан, Тури Синин (тоғи) билан, мана шу тинч-осойишта шаҳар (Макка) биланки, ҳақиқатан, Биз инсонни хушбичим ва хушсурат (шаклда) яратдик. Сўнгра (қариган сари), уни асфаласофилинга (қомати хам бўлишга) қайтардик. Илло, имон келтирган ва яхши амалларни қилганларга битмас-туганмас ажр (мукофот) бордир. Бас, (эй инсон!) Шундай бўлгач, жазо (куни)ни инкор этишга сени нима мажбур этмоқда?! Ахир, Аллоҳ (ўша кунда) ҳукм чиқарувчиларнинг адолатлиси эмасми?!» (Тин сураси).
“Қасамёд этурман анжир ва зайтун билан” Ибн Аббос, Ҳасан, Мужоҳид, Икрима розийаллоҳу анҳум ва бошқалар: “Анжир – биз истеъмол қиладиган мева. Зайтун – ёғ олинадиган неъмат. Аллоҳ таолонинг ушбу сўзи далил: “Яна (Биз сизлар учун) Тури Сайно (тоғи)дан чиқадиган ёғ ва егувчилар учун нонхуруш ҳолда ўсадиган бир дарахтни (зайтунни яратдик)” (Мўминун сураси, 22-оят)”.
Абу Зарр розийаллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга зайтун ҳадя қилинди. У зот алайҳиссалом: “Сизлар ҳам енглар”, деб ундан тановул қилдилар. Сўнгра: “Агар жаннатдан мева тушган, деб айтолганимда эди, ўша мана шу (зайтун) дердим. Чунки жаннат мевалари данаксиз бўлади. Истеъмол қилинглар, сабаби зайтун бавосилни тўхтатади, бўғин оғриқларида ёрдам беради”, деб марҳамат қилдилар.
Муоз ибн Жабал розийаллоҳу анҳу зайтун новдасидан мисвок тутди ва: «Мен Набий алайҳиссаломнинг бундай деганларини эшитдим: “Зайтуннинг мисвоки қандоқ ҳам яхши. У муборак дарахтдандир. Оғизни хушбўй қилади. Тиш касаллигини кетказади. У менинг мисвоким ва мендан олдин ўтган набийларнинг мисвокидир”».
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумо: “Тин – Нуҳ алайҳиссалом Жудий тоғида қурган масжид, зайтун – Байтул Мақдис масжиди”, деб тафсир қилган. Имом Заҳҳок: “Тин – Масжидул Ҳаром, зайтун – Масжидул Ақсо”, деган. Ибн Зайд: “Тин – Дамашқ масжиди, зайтун – Байтул Мақдис масжиди”, деган. Қатода: “Тин – Дамашқ жойлашган тоғ, зайтун – Байтул Мақдис жойлашган тоғ”, деб фикр берган. Каъбул Аҳбор, Қатода, Икрима ва Ибн Зайд: “Тин – Дамашқ, зайтун – Байтул Мақдис”, дейишган. Бу Имом Қуртубийнинг ҳам хулосасидир. Икрима розийаллоҳу анҳу: “Тин ва зайтун Шомдаги икки тоғдир”, деб тафсир қилган.
Аллоҳ таолонинг анжир билан қасам ичиши унинг жаннатда Одам алайҳиссалом учун парда бўлгани туфайлидир. Бунга ушбу ояти карима далил: “Ва ўзларини жаннат япроқлари билан тўса бошладилар” (Тоҳо сураси, 121-оят). Ўша анжирнинг япроғи эди.
Зайтун билан қасам ичди, чунки у муборак дарахтдир: “Муборак зайтун дарахти (мойи)дан ёқилур. Унинг мойи (мусаффолигидан), гарчи унга олов тегмаса-да, (атрофни) ёритиб юборгудекдир” (Нур сураси, 35-оят). Зайтун Шом ва мағрибликларнинг энг кўп истеъмол қиладиган нонхўрагидир. Ундан ёғ олинади, таом тайёрлашда фойдаланилади. Шунингдек, қорин, яра ва жароҳатларни даволашда қўлланилади. Набий алайҳиссалом: “Зайтунни истеъмол қилинглар, у билан хушбўйланинглар (хушбўй ёғ суртиш), албатта, у муборак дарахтдандир”, деб марҳамат қилганлар.
“Тури Синин (тоғи) билан”. Ибн Абу Нажиҳ Мужоҳиддан ривоят қилади: “Тур – тоғ, Синин – сурёний тилда “муборак” маъносини беради”. Икрима ва Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумо бундай дейишади: “Тур – тоғ, синин – яхши”. Қатода розийаллоҳу анҳу: “Синин – муборак, пок”, деган. Икрима: “Аллоҳ азза ва жалла Мусо алайҳиссаломга нидо қилган тоғдир”, деган. Амр ибн Маймун айтади: “Умар ибн Хаттоб розийаллоҳу анҳу билан хуфтон намозини ўқидим. Тин сурасини ўқиди”.
“Мана шу тинч-осойишта шаҳар (Макка) биланки”. Оятда Макка назарда тутилмоқда. Аллоҳ таолонинг: “Биз (Маккани) осойишта ҳарам қилиб қўйганимизни кўрмадиларми?!” (Анкабут сураси, 67) оятига биноан у омонлик диёридир. Айримлар: “Тин – Дамашқ, Зайтун – Байтул Мақдис. Аллоҳ таоло Дамашқдаги тоғ билан қасам ичмоқда. Чунки у Исо алайҳиссаломнинг бошпанаси, Байтул Мақдис эса бошқа пайғамбарлар алайҳимуссаломнинг мақомидир. Макка билан қасам ичиши эса, у Иброҳим алайҳиссаломнинг қадамжоси ҳамда Муҳаммад алайҳиссаломнинг уйидир”, деб ушбу оятни ҳужжат қилишади.
“Биз инсонни хушбичим ва хушсурат (шаклда) яратдик. Сўнгра (қариган сари), уни асфаласофилинга (қомати хам бўлишга) қайтардик”. Оятдаги “инсон”дан мурод кофирдир. Бир ўринда: “Валид ибн Муғира назарда тутилган”, дейилади. Бошқа бир ўринда: “Калда ибн Усайд”, дейилган бўлса, “Инсондан мурод Одам алайҳиссалом ва унинг зурриётларидир”, деганлар ҳам бор. “Хушбичим ва хушсурат (шаклда)”. Аллоҳ таоло инсонларни тик ҳолда юрадиган қилиб яратди. Бу барча муфассирларнинг фикридир. Чунки бошқа мавжудотларни юзтубан яратгандир. Ибн Аъробий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Аллоҳ таоло инсондан кўра гўзалроқ мавжудот яратмади. Парвардигор уни билимли, истаган нарсасига эришадиган, сўзловчи, эшитувчи, тадбир қилувчи, ҳаким этиб яратди”.
“Сўнгра (қариган сари), уни асфаласофилинга (қомати хам бўлишга) қайтардик” Яъни, инсоннинг умри поёнига етиб, қариб, мункиллаб қолади. Қуввати кетиб, заифлашади. Бора-бора аввалги ҳолига, яъни гўдаклигига қайтади. Бу фикрни Заҳҳок, Калбий ва бошқалар айтишган. Мужоҳид раҳимаҳуллоҳ: “Сўнгра (қариган сари), уни асфаласофилинга (қомати хам бўлишга) қайтардик” оятини “кофирни дўзахга қайтардик”, деб тафсир қилади. Бир ўринда бундай келади: «Аллоҳ таоло муборак сифатлар билан сифатлагач, инсон Унга осий бўлди, туғёнга кетиб, ўзини олий санади. Ҳатто: “Мен сизларнинг олий Парвардигорингиздирман”, деди» (Нозиёт сураси, 24-оят). Парвардигор бандасидан буни эшитгач, уни асфаласофилинга қайтарди.
“Илло, имон келтирган ва яхши амалларни қилганларга битмас-туганмас ажр (мукофот) бордир”, яъни ушбу зотларга Аллоҳ таоло яхшиликлар ёзади. Гуноҳларини ўчиради. Ибн Аббос айтади: “Қарилик ёшига етганлар кексаликда қилган амаллари сабаб ҳисоб-китобга тортилмайди. Имом Заҳҳок Ибн Аббосдан ривоят қилади: “Агар банда ёшлигида кўп намоз ўқиган, кўп рўза тутган ва кўп садақа берган бўлса, сўнгра заифлашиб, илгаригидек амал қилолмаса, Аллоҳ таоло уни худди ёшлигидагидек каби ажрлантиради” Ҳадиси шарифда: “Банда сафарга чиқса ёки бетоб бўлса, Аллоҳ таоло муқим ва соғломликда амал қилгани каби ажр ёзади”, деб марҳамат қилинган. Ибн Умар розийаллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадисда Набий алайҳиссалом: “Умри узайиб, амали гўзал бўлганлар саодат қучсинлар”, деб марҳамат қилганлар.
Бас, (эй инсон!) Шундай бўлгач, жазо (куни)ни инкор этишга сени нима мажбур этмоқда?! Айтиладики: “Бу ерда хитоб кофиргадир. Аллоҳ таоло инсонни энг гўзал суратда яратиб, кейин асфаласофилинга қайтаришини билиб туриб ҳам, нима нарса уни қайта тирилиш ва жазо кунини инкор этишга мажбурламоқда. Дарҳақиқат, Муҳаммад алайҳиссалом сизларга бу ҳақда хабар берди-ку?” Бошқа бир ўринда бундай келади: “Бу ерда хитоб Набий алайҳиссаломгадир. Яъни, Аллоҳ таолодан келган нарсада ишонч билан тур. Албатта, Парвардигор ҳукм чиқарувчиларнинг энг адолатлисидир”. Қатода ва Фаро айтишади: “Яъни, Эй Расул, Инсонни яратишдаги қудратимизни намоён этганимиздан кейин ҳам қиёмат куни, жазо ёки савоб ва иқоб масаласида ким сизни ёлғончига чиқара оларди?”
“Ахир, Аллоҳ (ўша кунда) ҳукм чиқарувчиларнинг адолатлиси эмасми?!” Ушбу оят ўқилганда Ибн Аббос ва Али ибн Абу Толиб розийаллоҳу анҳумо: “Ҳа, мен унга гувоҳларданман”, деб айтишарди.
Тафсири Қуртубий асосида
Юлдуз КОМИЛ тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 16-сонидан