Мақолалар

Ражо мақоми

Чоп этилди Noyabr 20, 2020 Ражо мақомиda fikr bildirishni o'chirish

“Ким Аллоҳга рўбарў бўлишдан умидвор бўлса, албатта, Аллоҳнинг “муддат”и келувчидир. У ўта эшитувчидир, ўта билувчидир” (Анкабут сураси, 5-оят).

“Ражо” сўзи луғатда умидворлик маъносини англатади. Истилоҳдаги таърифи қуйидагича: Роғиб раҳматуллоҳи алайҳ: “Сурур бағишловчи нарсанинг ҳосил бўлишини тақозо қилувчи ишонч ражодир”, деган.

Яъни, қалбда бир ишонч бор. У қалбни сурурга тўлдирадиган нарса ўзига етишига ишонади. Ўша ражо дейиляпти. Масалан, банда жаннатга кириш истагида. Жаннат қалб сурури. Шуни умид қилиш ражодир.

Имом Қушайрий: “Қалбнинг келажакда эришадиган маҳбубига боғланиши ражодир”, деган.

Бошқа бир таърифда: “Ражо Аллоҳ таолонинг фазли карамидан умидвор бўлишдир”, дейилган.

Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Ёки у кечалари ибодат қилиб, сажда этган, бедор ҳолида охиратдан қўрқиб, Раббининг раҳматидан умидвор бўлган одамга тенгми?! Сен: «Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлармиди?!» – деб айт” (Зумар сураси, 9-оят).

Орзу қилиб, дангасалик қилиш таманний дейилади. Ражо – умидворликда эса жидду жаҳд қилиш бор. Иккисининг фарқи шу. Мўмин киши амалларини гўзал қилиб, гуноҳларига тавба қилади ва Аллоҳнинг раҳматидан умидвор бўлади. Қуруқдан-қуруқ “Аллоҳ кечиримли зот-ку”, деб хотиржам-лоқайд юриш ражо эмас.

Муоз ибн Жабал розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Уфайр номли эшакда Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг орқаларига мингашиб борар эдим. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

“Эй Муоз, Аллоҳнинг бандаларидаги ҳаққи нима­ю, банданинг Аллоҳдаги ҳаққи нима эканини биласанми?”, дедилар.

Аллоҳ ва Расули билувчидир, дедим. “Албатта, Аллоҳнинг бандаларидаги ҳаққи уларнинг Аллоҳга ибодат қилишлари, Унга бирор нарсани ширк келтирмасликларидир. Бандаларнинг Аллоҳ азза ва жалладаги ҳаққи эса, ким Унга бирор нарсани шерик келтирмаса, ўшани азобламаслигидир”, дедилар.

Эй Аллоҳнинг Расули, одамларга башорат берайми?, дедим.

“Уларга башорат берма, яна суяниб қолишмасин”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий ривояти).

Бошқа бир ривоятда: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Шайбанинг эшигидан саҳобалар олдига кирди. Уларни кулиб ўтирганини кўриб, “Куляпсизларми? Мен билган нарсаларни билганингизда эди, кулгингиз кам, йиғингиз кўп бўларди”, деб кетдилар. Кейин ортларига қайтиб «Жибрийл алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг: “Бандаларимга айт, Мен Ғофурур Раҳим (Кечирувчи ва Меҳрибон) ман”, деганини айтди», дедилар” (Рисолатул Қушайрия).

Юқоридаги ҳадислар банданинг “Аллоҳ жазоси шиддатли, азоби қаттиқ Зот” эканидан ноумид бўлиб қолмасликлари учундир. Бир умр гуноҳ қилган киши: “Шунча гуноҳ қилдим. Бўларим бўлди, дўзахийга айландим”, деб қолиши мумкин. Бунга ўхшаш ҳолатни кўзимиз билан ҳам кўрганмиз. Ўша пайтда у Аллоҳ таолонинг кечиримли зотлигини билса, яхши амалга интилади. Йўқса, аввалги ҳолида қолиб, азобга дучор бўлади. Ражо шунинг учун керак. Шунингдек, унга ўта суяниб ҳам қолмаслик лозим. Шу сабаб хавф ва ражо бирга зикр қилинади.

Рузаборий айтади: хавф ва ражо қушнинг қанотига ўхшайди. Қанотлар тенг бўлса, уча олади. Биттаси нуқсонли бўлса, парвоз ҳам нуқсонли бўлади. Иккиси ҳам бўлмаса, мушукка ем бўлади.

Абу Усмон Мағрибий бундай дейди: “Ким нафсини умидворликка буриб қўйса, тўхтайди. Ким нафсини хавфга бурса, ноумид бўлиб қолади. Шунинг учун иккиси ҳам бўлиши керак”.

Уламолар: “Хавф афзалми, ражо афзалми?” деган саволга бундай жавоб беришган:

“Бу савол нон афзалми ёки сув, деганга ўхшайди. Бу ҳолатда очга нон, чанқаганга сув афзал деб жавоб берилади. Иккиси ҳам бор бўлса, қай бири ғолиб эканига қаралади. Очга нон, чанқаганга сув тавсия қилинади”.

Руҳий тарбияда бундай дейилади: “Одамларнинг кўпчилиги учун ражодан кўра, хавф муносиброқ. Чунки уларнинг ичида маъсият ғолиброқдир”.

Инсон Аллоҳдан қўрқишдан кўра, Унга суянишга мойилроқ. Шу сабаб кўпроқ хавфда турилса, хавф ва ражо баробар бўлади.

Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўлим тўшагида ётган ёш йигитнинг олдига кирдилар ва:

“Ўзингни қандай ҳис қиляпсан?”, дедилар. “Аллоҳдан умидим бор, эй Аллоҳнинг Расули. Ва албатта, гуноҳларимдан хавфдаман”, деди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бу иккови мўмин банданинг қалбида бунга ўхшаш ҳолатда жам бўлса, албатта, Аллоҳ унга умид қилган нарсасини беради ва хавф қилган нарсасидан сақлайди”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Шоҳ Кирмоний айтади: “Ражонинг аломати тоатнинг гўзаллигидадир”. Абдуллоҳ ибн Хубайқ айтади: Ражо уч хил бўлади:

Банда бир яхши амал қилиб, қабул бўлишини умид қилади.

Яна бир банда ёмон амал қилиб, унинг кечирилишини умид қилади. Ёлғончи банда. У давомли гуноҳ қилиб юради ва унинг кечирилишидан умид ҳам қилади.

Ражо мақомида ҳам бандалар даражага бўлинади: Авомнинг даражаси. У яхши оқибатдан умид қилади. Хослар даражаси. Аллоҳнинг розилиги ва Унга яқин бўлишдан умид қилади. Хослар хоси даражаси. Улар Аллоҳни кўриш ва Унинг сирлари маърифатида тараққий қилиш пайида бўлишади.

Аллоҳ азза ва жалланинг азобидан фориғ, раҳматидан қувилган эмасмиз. Ҳали имконимиз бор.

“Рисолатул қушайрия” ва “Руҳий тарбия” китоблари асосида
Абдуллоҳ АЛИҚУЛОВ тайёрлади.

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 16-сонидан