Мақолалар

Имом Раббоний айтади

Чоп этилди Noyabr 20, 2020 Имом Раббоний айтадиda fikr bildirishni o'chirish

Имом Раббоний Аҳмад Сирҳиндий ҳазратлари (вафоти 1034/1625) “Раббоний илҳомлар” асарида ёзади:

“Мушоҳада қилиш, кўриш, билиш мумкин бўлган, ваҳм ва хаёлга сиғадиган “илоҳ”га асло сиғинмайман! Чунки кўринадиган, билинадиган, тасаввур қилинадиган нарса (ўша) кўрувчи, билувчи, ваҳимага тушувчи каби кейинчалик яратилгандир!..

“Олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир” ҳадиси асосида набийлардан мерос қолган ҳукм ва сирларга доир илм икки турли: ҳукмларга доир ва сирларга доир… Пайғамбарларга ворис бўлган киши ҳар иккисидан ҳам улуш олган бўлиши лозим. Фақат биттасидан улуш олган киши ворис бўлолмайди. Асл вориснинг ўлим қолдирган ҳамма нарсада манфаати бўлади, яъни ибрат ва ҳикмат олади…

Аллоҳга дўстликнинг биринчиси Аллоҳнинг дўстлари бўлмиш пайғамбарларга хос яқинликдир. Иккинчиси эса инсонларнинг Аллоҳ билан бевосита дўстлиги. Бу дўстлик бир неча тўсиқлар билан тўсилган. Бу тўсиқлар сонини одамларнинг ўзи орттириб, Аллоҳ билан дўстлигини заифлаштирадилар. Ҳолбуки, Аллоҳга элтувчи йўллар инсоннинг ичида бўлган латоиф сони қадар. Инсонда етти латифлик бор. Иккиси инсоннинг танаси ва нафсидир. Яъни, менинг етти исмимдан бири жасадим, иккинчиси нафсимдир. Булар халқ олами дейилади. Булар борлиқ оламидир. Қолган бештаси қалб, руҳ, сир, ҳофий ва аҳфо дейиладиган инсондаги маънавий унсурлардир. Таассуфки, одамлар халқ оламига назар ташлаб, амр оламини унутишади. Бунинг давоси комил муршидга боғланиш, унинг маънавий тарбиясидан баҳраманд бўлишдир.

Аллоҳнинг лутфи билан билдимки, кўрилган, билинган нимаики бўлса Аллоҳдан ғайри, яъни У эмас. Улар илоҳий борлиқ тушунчаларидан узоқ тутилиши лозим. Аллоҳ таолони бу яратиқлар мисолида тасаввур қилиб бўлмайди. У бизнинг кўриш ва билиш имконимиздан муназзаҳ, кашф ва мушоҳадамиздан узоқдир…

Ҳақ таоло Самиъ (эшитувчи) ва Басийр (кўрувчи)дир. Ундан бошқа комил эшитувчи ҳам, кўрувчи ҳам йўқ. Ҳаёт, илм, қудрат, ирода, сўз каби турли сифатлар ҳам шундай. Маҳлуқотда бу сифатларнинг сурати, кичик бир нусхаси бор, асли эмас. Аллоҳ таоло яратган маҳлуқотида сифат асарлари борлиги учун маҳлуқотда ҳам бу сифатлардан сўз юритилади. Ҳолбуки, уларда сифатнинг асли йўқ. Демак, боқий маҳлуқот ҳам йўқ.(Эй Муҳаммад!) Албатта, Сиз ҳам ўлувчидирсиз, улар (мушриклар) ҳам ўлувчидирлар” (Зумар сураси, 30) ояти бунинг далилидир…”

…Имом Раббонийнинг илк асари “Рисолати исботун Набавия”дир. Шунингдек, “Радди равофиз”, “Мактуботи Қудсия”, “Ар-Рисолату таҳлилия”, “Рисолату мабда вал маод”, “Мукошафатул ғойбия”, “Адабул муридин”, “Таълиқот ала аворифул маориф”, “Шарҳу рубоият ли-Абдулбоқий” ва “Хатми Хожагон” номли асарлари ҳам ҳар бири алоҳида маъноларни шарҳлаган фазилатли хазиналардир.

Музаффархон АЪЗАМОВ,
Тошкент шаҳридаги “Пул емас ота” жоме масжиди имом-хатиби

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 16-сонидан