Мақолалар

Гуноҳлар бадбўй ҳидга ўхшайди

Чоп этилди Noyabr 21, 2020 Гуноҳлар бадбўй ҳидга ўхшайдиda fikr bildirishni o'chirish

Ҳорун Рашиднинг дўсти Баҳлул Доно: “Эй халойиқ, гуноҳ ва ёмон ишлардан узоқ бўлинг!” деб барчага насиҳат қилар эди. Айримларга бу насиҳат ёқмади. Шу боис улар Ҳорун Рашидга: “Дўстингизнинг насиҳатларидан тўйиб кетдик. Биз гуноҳ қилсак, унга нима? Ҳар бир қўй ўз оёғидан осилади”, деб шикоят қилишди.

Ҳорун Рашид бир қўйни сўйдириб, кўчага остириб қўйди. Бир неча кун ўтгач, қўй сасий бошлади. Халқ яна Ҳорун Рашиднинг олдига келиб: “Бу қўйни олиб ташланг. Сассиқ ҳид бизни безор қилди”, деди. Ҳорун Рашид: “Сизга нима, ҳар бир қўй ўз оёғидан осилади”, деди.

Одамлар хатоларини англаб етиб, бошлари эгик ҳолда ортларига қайтишди. Гуноҳлар бадбўй ҳидга ўхшайди. Яхши инсонлар жаҳолатга, ҳаром ишларга қаршилик қилиб, жасорат кўрсатишмаса, дунё ёмонликларга тўлиб, сасиб кетади. Шунинг учун ҳар биримиз яхшиликка чақириб, ёмонликлардан қайтариб туришимиз зарур.

Шу йил 15 августдан карантин талаблари юмшаб, одатий ҳаёт тарзига қайтганимиздан хурсанд бўлдик. Тўйлар, маърака-маросимлар қила бошладик. Лекин биз беш ойлик карантиндан хулоса чиқармадик. Авваллари тўйларимиздаги исрофгарчилик, шуҳратпарастлик, хўжакўрсинлар, “Мен сенга тегмайман, сен менга тегма” , “Ҳар бир қўй ўз оёғидан осилади” қабилида иш олиб борганимиз оқибатида яна вирус билан касалланиш ҳолатлари кўпаймоқда.

Яна оддий никоҳ тўйларимиз учун 20-30 миллион сўм сарфлай бошладик. Тўйдан кейинги йиғинлар: “Келин салом”, “Чорлар”, “Қуда тушди”, “Бешик тўй”, “Той базми”, келин-куёвларнинг туғилган кунларидаги совға-саломлар, хуллас, буларни санасак тугамайди. Гўёки биз дунёга фақат тўй-томоша қилиш учун келгандекмиз.

Айрим оилаларнинг ажралиб кетишига бир тоғора табака сабаб бўлаётгани аччиқ ҳақиқат. Фарзандларимизга, оилаларга муносабатимиз шу даражада бўлиб қолдими? Беморлиги туфайли дорихоналардан қарзини узолмаётган, фарзандларини уйлантира олмаётган, институтга ўқишга кириб, ўқув-шартнома пулларини тўлолмай юрганлар бор.

Дабдабабозликка, кимўзарга мусобақалашмасдан, тўйларимизни ихчамлаштириб, муҳтожларнинг ҳолидан хабар олсак, ҳам оxиратга захира тайёрлаган бўламиз, ҳам бугунги коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиб, ўзимизнинг, оиламизнинг саломатлигини таъминлаган бўламиз.

Дилшод ПЎЛАТОВ,
Паркент туманидаги “Бобомочин” жоме масжиди имом-хатиби

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 16-сонидан