Мақолалар

Луқмони Ҳакимнинг насиҳатлари

Чоп этилди Noyabr 21, 2020 Луқмони Ҳакимнинг насиҳатлариda fikr bildirishni o'chirish

Луқмон Аллоҳ таоло ҳикмат берган киши бўлиб, тўлиқ исми Луқмон ибн Анқо ибн Садундир. Ҳикмат бу илм-маърифат, тўғрисўзлик, ҳар ишни ўз ўрнига қўя билишдир. Манбаларда айтилишича, қора танли ҳабаший бўлса ҳам, қалби оқ-беғубор, лаблари дўрдоқ бўлса ҳам, юмшоқ гапирадиган донишманд бўлган экан. Қуръони каримда бу киши ҳақларида алоҳида оятлар нозил қилинган бўлиб, ўғлига қилган насиҳатлари келтирилади. Келинг, уларни кўриб чиқамиз:

1-насиҳат

Эсланг, Луқмон ўғлига насиҳат қилиб, деган эди: «Эй ўғилчам! Аллоҳга ширк келтирмагин! Чунки ширк улкан зулмдир» (Луқмон сураси, 13-оят).

Ибн Касир ўз тафсирларида айтишича, у инсонларнинг унга энг меҳрибонроғи, энг севимлироғи бўлиб, ўзи билган нарсаларнинг энг афзалини ўғлига ҳадя қилиб, насиҳат қилади. Бу насиҳатларининг биринчиси ёлғиз Аллоҳга ибодат қилиб, У Зотга ҳеч нарсани шерик қилмасликдир. Кейин огоҳлантириб, ширк зулмларнинг энг каттаси эканини таъкидлайди.

2-насиҳат

(Луқмон яна деди): «Эй ўғилчам! Шубҳа йўқки, агар хантал (ўсимлигининг) уруғидек (яхши ёки ёмон амал қилинадиган) бўлса, бас, у (амал) бирор харсанг тош ичида ё осмонларда ёки ер остида бўлса, ўшани ҳам Аллоҳ келтирур. Зеро, Аллоҳ лутфли ва огоҳ Зотдир (Луқмон сураси, 16-оят).

Бу оятда Аллоҳ таолонинг бандаларни ҳар бир қилган ва қилаётган ишларидан хабардор эканлигига эслатма бордир. Яъни, яхши иш қилсалар ҳам, ёмон ишларини ҳам Аллоҳ таоло кўриб, билиб турувчидир ва У Зотдан ҳеч нарса яширин қолмайди. Ҳаттоки, қоронғу тунда қора тош устида ўрмалаётган қора чумолини ҳам кўриб туради, ўрмалаётган товушини эшитиб туради.

Қуртубий айтадиларки, ривоят қилинишича, ўғли отасидан: “Аллоҳ таоло денгизни тубидаги донни ҳам биладими?”, деб сўраган экан, Луқмони Ҳаким ўғилларига ушбу оят билан жавоб берибдилар. Агар фарзанд Аллоҳ таоло доимо уни кўриб, кузатиб турганини ҳис қилиб яшаса, ундан ҳеч қачон ёмонлик чиқмайди.

3-насиҳат

«Эй ўғилчам! Намозни баркамол адо эт, яхшиликка буюр ва ёмонликдан қайтар ҳамда ўзингга етган (балолар)га сабр қил! Албатта, мана шу пухта ишлардандир». (Луқмон сураси, 17-оят).

Ибн Касир айтадилар, яъни намозни ўз шартларига риоя қилган ҳолда, фарзларига амал қилиб, ўз вақтида ўқинг, яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтаришни эса, тоқатингиз даражасида қилинг. Инсонлардан келадиган мусибатлар, озорларга сабр қилинг. Болаларни сабрли бўлишга ўргатиш унинг келгусида иродаси мустаҳкам шахс бўлиб вояга етишида муҳим аҳамиятга эгадир.

4-насиҳат

Одамларга (кибрланиб) юзингни буриштирмагин ва Ерда керилиб юрмагин! Чунки, Аллоҳ барча кибрли, мақтанчоқ кимсаларни суймас. (Луқмон сураси, 18-оят).

Бу оятдаги маъно: кибрли бўлма, Аллоҳнинг бандаларини ҳақорат қилма, улар билан гаплашганингда юзингни бурмай, қовоғингни ўймай, балки очиқ юз билан гаплашгин демакдир. “Ерда керилиб юрмагин” ояти ҳақида Қуртубий ҳеч бир ишга машғул бўлмай, бекорчиликдан хурсанд бўлиб юрмаслик деб ҳам тушунтирганлар.

5-насиҳат

«(Юрганингда) ўртаҳол юргин ва овозингни паст қилгин! Чунки овозларнинг энг ёқимсизи эшаклар овозидир». (Луқмон сураси, 19-оят).

Қуртубий айтадилар, Луқмони Ҳаким ўғлини ёмон хулқлардан четлатиб, амал қилиш қилиш керак бўлган гўзал хулққа буюради ва “ўртаҳол юргин” дейди. Яъни, бу секин ва тез юришни ўртасидадир. Шунингдек, тавозели ва камтар бўлиб юришни ҳам ифодалайди. Овозингни паст қилгин яъни, овозингни муболаға қилиб кўтармагинки, чунки эҳтиёждан ортиқ баландлатиб гапириш кишиларга азият беради. Овозларнинг хунуги эшакнинг ҳанграгандаги овози бўлиб, сўзлашувларда овозларини меъёридан ортиқ баландлатиб юборадиганлар ҳолати шунга ўхшатилган.

Хулоса қиладиган бўлсак, бу насиҳатлар Луқмоннинг ўғлига айтилиши билан бирга барча мўмин-мусулмонлар ҳам ўрганиб олиб, уларга амал қилишлари зарур бўлган насиҳатлардир. Ушбу оятлардаги Луқмони Ҳакимнинг насиҳатлари фарзандларимизнинг эътиқоди, ибодати, руҳий ва ижтимоий тарбияси ҳамда гўзал ахлоқий тарбияси масалаларини қамраб олган. Тарбиямизнинг қанчалик кенг қамровли бўлиши эса, фарзандимизнинг шунчалик етук шахс бўлиб камолот топишини белгилаб беради.

Адина САЙДАҲМЕДОВА,
“Хадичаи Кубро” аёл­қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасаси катта ўқитувчиси

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 16-сонидан