Мақолалар

Ўтмишда мадраса таълими

Чоп этилди Noyabr 21, 2020 Ўтмишда мадраса таълимиda fikr bildirishni o'chirish

Мадрасалар ҳақидаги дастлабки маълумот X асрда яшаган Муҳаммад Наршахийнинг “Бухоро тарихи” китобида учрайди. Мадрасалар Шарқ меъморчилик санъатининг ажойиб анъаналарини ўзида мужассамлаштирган. Одатда улар тўртбурчакли бўлиб, атрофи девор билан ўралган. Ўртада айвон, ҳовлининг гир айланаси бўйлаб дарсхона, мударрис, масжид имоми, мутавалли учун хоналар қурилган. Ҳужраларнинг эшик ва деразалари мадраса ҳовлисига қараган. Деразаларга ойна қўйилмай, юпқа оқ қоғоз ёпиштирилган. Иссиқ овқат ҳужрадаги ўчоқда тайёрланган. Қишда ҳужраларга сандал ўрнатилган. Ҳар бир мадрасада албатта ён-атрофдаги намозхон аҳоли ҳам сиғадиган масжид бўлган. Мадрасалар кўпинча уни қурган одам, жой номи ёки охирги марта таъмир қилган кишининг исми билан аталган.

Шайхулислом ва қозикалон мадрасалар устидан умумий раҳбар ҳисобланган. Аълам хон хазинасидан маош олган ва мадрасада ўқув жараёнини бошқарган. Мутаваллибоши эса мадрасанинг хўжалик фаолиятини назорат қилиб борган ва вақф мулкидан маош олган. Бу мансабдорлар хон ёки вилоят ҳокими томонидан тайинланган.

Илм олиш истагидаги ҳар бир киши мулкий ҳолатидан қатъий назар, мадрасага кириб ўқиши мумкин бўлган. Ҳозирги Ўзбекистоннинг барча шаҳар ва қишлоқларида ўнлаб мадрасалар қурилган ва ишлаб турган. Уларни уч тоифага бўлиш мумкин. Хонлар, capoй амалдорлари қурдирган йирик мадрасалар “хон мадрасалари” дейилган. Мисол учун, Тошкентдаги Бароқхон ва Қўқонда 1858 йили Худоёрхон қурдирган Али мадрасалари хон мадрасаларидир. Диний раҳнамолар, эшонлар, пирлар қурдирганлари эшон мадрасалар дейилган. 1458 йили Тошкентда Хўжа Аҳрор Валий, 1841 йили Андижонда Халфа Азиз эшон қурдирган мадрасалар шулар сирасига киради. Йирик ер эгалари, бойлар, савдогарлар қурдирган мадрасалар хусусий мадрасалар бўлган. Бундан ташқари, вақф мулкининг миқдори, даромади ва ҳужраларнинг сонига қараб, мадрасалар йирик, ўрта ва масжид мадрасаларга ҳам бўлинган.

Мадрасаларда ўқитиладиган илмларнинг тўлиқ тизими XI-XII асрларда шаклланган. Мадрасаларнинг ўқув дастуридан араб тили грамматикаси, морфологияси (сарфи), синтаксиси (наҳви), этимология, нотиқлик, дин тарихи, қироат илми ва мунозара маданияти, илоҳиёт ва қонуншунослик, ҳадис, фиқҳ, ақоид, мерос тақсимоти, фалсафа, мантиқ, риёзиёт (математика), жўғрофия, геометрия, тиб илми, кимё ва бошқа фанлар ўрин олган.

Талабаларга фиқҳ (ислом ҳуқуқшунослиги) мукаммал ўргатилган. Ислом фиқҳи мусулмонларнинг ҳуқуқ ва бурчларини баён қилиб, шахсий ва жамият ҳаётидаги тартибларни қарор топтирган. Бу илм ҳаётдаги ҳамма масалаларни аниқ ва тушунарли ечиб берган.

Мадрасаларда мантиқ илмларнинг дебочаси деб қаралган. Бу фан “Шамсия” ва “Сулла” асарлари асосида ўргатилган. Эътиборга сазовор жойи шундаки, мадрасаларда қадимги юнон ва ҳинд фалсафаси асосида шаклланган фалсафа дарсини ўқитиш алоҳида ўрин эгаллаган. Жумладан, Садриддин Тафтазонийнинг “Таҳзиб”, Умар Насафийнинг метафизика негизида ёзилган илми нужум, яъни астрология ва космографияга оид “Ҳикматул-айн” асари, шунингдек, фалсафа ўрганилган. Ўқиш жараёнида талабалар Навоий, Фузулий, Бедил, Саъдий Шерозий, Машраб, Сўфи Оллоёр каби кўплаб машҳур шоирларнинг девонларини қунт билан ўрганган. Мадрасаларда ҳадис ва Қуръон тафсирига оид Имом Бухорий, Имом Термизий, Қози Байзовий ва Маҳмуд Замахшарий китобларини ўқитишга алоҳида аҳамият берилган.

Мадрасаларда аниқ дарс жадвали бўлмаган. Дарс вақти ҳам мударрис ва талабаларнинг ўзаро келишуви асосида белгиланган. Дарслар асосан бомдод намози ўқилганидан сўнг бошланган. Ўқув ҳафтаси иккига – таҳсил (шанба, якшанба, душанба, сешанба) ва таътил (чоршанба, пайшанба, жума) кунларига бўлинган. Мадрасаларда ўқиш 20-25 йилга чўзилса ҳам, ўзлаштириш талаби қаттиқ бўлиб, агар талаба бир китобни яхши ўрганиб, синовдан ўтмаса, унга навбатдаги босқичда ўқиш насиб этмаган.

Хивада мадраса битирувчиларини имтиҳон қилувчи махсус комиссия бўлган. Бу комиссияга хоннинг ўзи ёки тахт вориси раислик қилган. Унинг таркибига эса қозикалон, ўрда қозиси ва хон томонидан тайинланган одамлар, ҳаммаси бўлиб 21 киши кирган. Хоннинг шахсан ўзи иштирок этган бу имтиҳонда синовдан ўтувчи матнни бехато ва тутилмасдан ўқиб бериши, атай қолдирилган хатоларни тузатиши шарт бўлган.

Бухорода эса Шарқнинг асосий ҳуқуқшунослик китоби бўлган “Ҳидояи шариф”ни араб тилида ўқиш ва мазмунини тушунтириш бўйича танлов ўтказилган. Дарвоқе, Амир Темур ҳам “Ҳидоя”ни яхши ўқиган ва ўрганганларни рағбатлантириш мақсадида алоҳида вақф мулки жорий этиб, унинг даромадидан илмли талабаларга мукофотлар берган…

Мадрасада таълим берувчи мударрислар сони турлича бўлган. Андижондаги “Жомеъ” мадрасасида 5, Самарқанддаги “Улуғбек” мадрасасида 10 нафар мударрис ишлаган. Мадрасаларнинг катта-кичиклиги, вақф мулки ва талабалар сонига қараб бир, икки мударрис ишлайдиган мадрасалар ҳам бўлган.

Мадрасаларнинг асосий қисми йирик шаҳарларда жойлашган. 1875 йили Фарғона водийсининг гавжум шаҳарлари – Андижон, Қўқон, Марғилон, Наманган ва Ўшда 182 та мадраса бўлиб, уларда 10391 талаба таълим олган. 1916 йили фақат Бухоронинг ўзида олий, ўрта ва қуйи тоифадаги 200 та мадраса бор эди. Бундан ташқари, кичикроқ шаҳарлар ва қишлоқларда ҳам мадрасалар бўлган. ХХ аср бошларида Шаҳрисабз шаҳрида бошланғич мактаблардан ташқари, олтита, Китобда учта мадраса фаолият кўрсатган. Хивада эса мадрасалар сони 65 та бўлган. 1917 йилги Октябрь тўнтаришига қадар мадрасалар ва улардаги талабалар сони деярли шу микдорда сақланиб келган.

Абдураҳим ҲАСАНОВ,
тарих фанлари номзоди, доцент

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 16-сонидан