Мақолалар

Тавба эшиклари очиқдир…

Чоп этилди Noyabr 21, 2020 Тавба эшиклари очиқдир…da fikr bildirishni o'chirish

Шайх Мутавалли Шаъровий ўзининг “Қуръон мўъжизалари” номли рисоласида қуйидагиларни айтади.

«Мен муҳим бир нарсани эслатиб ўтишни лозим топдим. (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам юборилгунига қадар) Олдинги умматлар замонида гуноҳга қўл урган одамлар учун дарҳол жазо берилар эди. Пайғамбарлар эса бунинг хабарини етказиб турар эдилар. Бу ҳақда Қуръони карим хабар беради: баъзи қавмлар сувга ғарқ қилинган бўлса, бошқаларини ер ютган ва яна баъзиларини даҳшатли қичқириқ тутган. Маймунга айлантириб қўйилган қавмлар ҳам бор. Шунингдек, уларга келган шариат жуда оғир бўларди. Масалан, гуноҳ содир қилган аъзони кесиб ташлаш, агар ўша аъзо кўз бўлса, уни ўйиб олиш, нажосат теккан жойни кесиб ташлаш, тавба қилиш учун ўзини ўлдириш, масжиддан бошқа ерда намознинг қабул қилинмаслиги, таяммум билан покланиб бўлмаслиги, рўзадор ифтор қилмай, ухлаб қоладиган бўлса, унинг учун кейинги ифторгача бирор таом ейиш ҳаром бўлиши, рамазон кечаларида аёли билан яқинлик қилишга рухсат йўқлиги, гуноҳи сабабли пок нарсалардан маҳрум қилиниши, закот молнинг тўртдан биридан олиниши, бир яхшиликка фақат битта савоб берилиши, кишининг тунда қилган гуноҳи тонгда эшигига ёзилиб қолиши, қасосда афвга ўрин берилмаганлиги, ҳайз пайтида аёлларни ажратиб қўйиш, гўштдаги ёғ ва томирларнинг ҳаром этилиши, шанба куннинг ҳаром қилиниши, тунги намознинг фарз бўлиши каби ишлар шулар жумласидандир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонасига келиб, бундай оғир ва машаққатли шариат кўтарилди. Чунки Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам оламларга раҳмат қилиб юборилган эди-да!

Биз сизни оламларга раҳмат қилиб юбордик(Анбиё сураси, 107-оят.)

Аллоҳ таоло илоҳий қонунларга хилоф қилганларни жазолашни Исломга ишониб топширди. Бунгача эса Аллоҳга осий бўлганлар – дунё ва охиратда азоб-уқубатга маҳкум бўларди. Ва ниҳоят, Аллоҳ таоло Ўзининг ҳабиби – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни бутун оламларга раҳмат қилиб юборди. Бу раҳматдан нафақат бани башар, балки бутун мавжудотлар ҳам насибадор бўлишди. Ҳаттоки, Аллоҳ таолога имон келтирмаган қанчадан-қанча инсонлар ҳам ана шу раҳмат соясида ҳаёт кечиришаётгани айни ҳақиқат. Шу сабабли умматнинг осийларини, ҳатто кофирларни ҳам жазолаш аввалги умматлардаги каби тезлаштирилмайди, балки тавба қилиб олишлари учун имконият берилади.

Шунингдек, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга туширилган шариат инсонларнинг тоқати даражасида этиб белгиланди. Бу ҳақда Қуръони каримнинг Бақара сурасида хабар берилади:

Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмас(286-оят).

Энди шариат аҳкомларини бажариш аввалги умматларга нисбатан бир мунча енгил қилиб берилдики, буни олдинги шариатларга таққослаб кўрилса, ҳаммаси равшан бўлади. Албатта, буларнинг ҳаммаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шарофатларидандир.

Анфол сурасининг 33-оятида Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

Модомики сен улар ичида экансан, Аллоҳ уларни азобламас. Модомики улар истиғфор айтар эканлар, Аллоҳ уларни азобламас”.

Зеро, Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни мўминлару кофирлар ўртасини ажратмасдан, бутун оламларга раҳмат қилиб юборди. Токи абадий ҳаётда авф этилишлари учун уларнинг олдида гуноҳлардан тавба қилиб олиш эшиги очиқ турсин.

Мана шу “Сизни оламлар учун раҳмат қилиб юбордик” оятининг маъносидир».

Азизбек ХОЛНАЗАРОВ тайёрлади.

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 17-сонидан