РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВА САЛЛАМ – ЮКСАК БАЛОҒАТ ВА ФАСОҲАТ СОҲИБИ
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳамадонга шундай мактуб ёзган эдилар: «Албатта, сизлар Ҳамадоннинг фараъи (ернинг тепаликлари), вуҳоти (пастликлари), азози(бирор киши эгалик қилмайдиган бепоён қаттиқ ерлари)га эгалик қиласизлар. Ўша жойларнинг алофи (ўт-ўланлар)да подаларингиз ўтлайди ҳамда афолари(бирор киши эгалик қилмайдиган, кимсасиз жойлари)да подаларингизни боқасиз. Модомики (Ҳамадон халқи) аҳду паймон ва омонатларини (закотларини) топширар эканлар, Ҳамадоннинг дафъилари (туя, қўйлари) ва суромлари(хурмо дарахтлари ёки хурмо мевалари)гина бизга тегишлидир. Садақанинг салб (тишлари тўкилган қари туялар), ноб (қари туяларнинг урғочиси), форидуд дожин (қари сигир), кабшул ҳаворийи (катта ёшли қўчқор) уларникидир. Зиммаларида садақанинг солиғи (ёши олтига тўлган қўй ва сигир) ва фориҳи (беш ёшли туя ва отни бизларга юбориш вазифаси) бор».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Наҳд аҳлига ҳам шунга ўхшаш мактуб ёзганлар: «Аллоҳим, уларнинг маҳди(қаймоғи)га, мазқи(қоришма сути)га баракот бер. Подачиларини дусур (унумдор, серҳосил ерлар)га юбор, подачининг самади(оз миқдордаги суви)ни мўл-кўл қилиб бер ҳамда моллари ва фарзандларига барака ёғдир. Ким намозни адо қилса, у (комил) мўмин бўлади, ким закотни берса, ғофил бўлмайди, ким «Лаа илааҳа иллаллоҳ» деб гувоҳлик берса, мусулмон бўлади. Эй Наҳд уруғи, сизлар учун вадоиъуш–ширк (урушдан кейинги ўзаро келишилган аҳду паймонлар) ва вазоиъул мулк (мулк солиқлари) лозимдир. Намоз борасида дангасалик қилманглар, закотни ман қилманглар ҳамда ҳаётда ҳақ йўлдан оғманглар».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам наҳдликларга фарз топшириқ борасида ҳам қуйидагича мактуб ёзганлар: «Фориз (қари сигир), фариш (ёш сигир), зул инонир-рукуб (миниладиган туя), филвуз-зобис (миниш қийин бўлган тойчоқ) сизларгадир. Модомики ичингизда римоқ (нифоқ, мунофиқлик) сақлаб юрмасангиз (яъни, қалбларингиз ҳаққа бўйсунишдан бош тортмас экан), рибоқ (арқон) узмас экансиз (ўртамиздаги келишувни бузмас экансиз), сизларнинг сарҳларингиз (кундузи яйловда ўтлаб юрадиган подаларингиз) ман қилинмайди (ўтлашдан тўсиб қўйилмайди), толҳингиз (мевасиз дарахтларингиз) кесилмайди, шунингдек, даррингиз (сут берувчи чорваларингиз) ҳам яйловдан тўсилмайди. Ким (бизнинг айтганларимизга) амал қилса, келишувни бажарган бўлади. Ким келишувдан бош тортса, унинг зиммасига (закотдан ташқари жазо ўлароқ олинадиган) зиёда нарса юкланади».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Воил ибн Ҳужр орқали Яман подшоҳларига бир неча мактублар юборганлар. Уларнинг бирида шундай ёзилади: «Бир тиъада (қирқта қўй ёки бешта туядан) миқваратил алёт (нуқсонли, озғин) ҳам бўлмаган, зоннок (семиз) ҳам бўлмаган битта қўй, сабажа (ўртача қўй), суюбдан (қазилма конлардан) бешдан бири берилади. Ким бикр билан зино қиладиган бўлса, уни юз марта фасқоъуҳу (дарра уринглар), бир йилга фаставзуҳу (сургун қилинглар), ким жувон билан зино қиладиган бўлса, уни азомим (тошлар) билан фазрожуҳу (тошбўрон қилинглар). Динда тавсим (айб ва уялиш ҳамда Аллоҳнинг ҳадларини адо қилишда дангасалик) йўқдир, Аллоҳ таолонинг фарзларида ғумма (беркитиш, тараддудланиш) ҳам йўқдир. Ҳар бир маст қилувчи нарса ҳаромдир. Воил ибн Ҳужр ақёлга (Ҳазрамавт подшоҳларига) тараффул (бошчилик) қилади».
Юқорида матни келтирилган мактубларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан хитоб қилинаётган қавмлар ва подшоҳларнинг сўзлашган тили, балоғату фасоҳати биз билган ҳозирги араб тилидан фарқли бўлган. Яъни, уларнинг шевасида турли фарқлар бор эди. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам инсонлар учун нозил бўлган Қуръони каримни уларнинг ҳолатларига мос равишда, истеъмоллари, одатий сўзлашадиган сўзларига қараб баён қилганлар.
Атийя Саъдийдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Устун, олий қўл мунтия (берувчи) қўлдир. Остки, қуйи қўл эса мунтот (олувчи) қўлдир», деганлар. Ўшанда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам биз билан ўз лаҳжамизда гаплашган эдилар».
Бир куни Омирий розийаллоҳу анҳу савол сўраш мақсадида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келди. Шунда у зот (араб тилидаги «хоҳлаган нарсангни сўра» маъносини англатадиган «сал ъаммаа шиъта» дейиш ўрнига) «сал ъанка», дедилар. Пайғамбар алайҳиссалом ишлатган бу ибора Омирий розийаллоҳу анҳунинг лаҳжасига мос келар эди.
Сийрат уламолари Пайғамбар алайҳиссаломнинг кундалик турмушда, инсонлар билан муомалада ишлатган гап-сўзлари, ваъз-насиҳат қилганларида айтган ҳикматли гаплари ва гўзал иборалари, қўйингки, шу борадаги барча маълумотларни тўплаб, жуда кўп китоблар ёзганлар. Севимли Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг муборак ҳадисларини ўзида мужассам этган китоблар оламига кирар экансиз, ўзингизни худди мевали дарахтлари кўп бўлган гўзал бир боққа киргандек ҳис қиласиз. Қалбингиз хотиржамлик ва сурурга тўлганидан, бу оламдан асло чиқиб кетгингиз келмайди. Қуйида биз ҳам Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ана шу бўстондан терилган мевалар янглиғ пурмаъно сўзлари ва гўзал насиҳатларидан баъзиларини сиз азизларга ҳавола қиламиз:
• «Амаллар ниятга боғлиқдир».1
• «Амал қилувчи фақат ният қилганига эришади. Мўминнинг нияти амалидан яхшироқдир».2
• «Уруш ҳийладир».3
• «Жиноятчи фақат ўз зарарига жиноят қилган бўлади».4
• «Ҳақиқий жасоратли ва кучли киши – одамлар устидан ғолиб бўлган киши эмас, балки ўз нафси устидан ғолиб бўлган кишидир».5
• «Кураги ерга тегмаган паҳлавон эмас. Ҳақиқий паҳлавон ғазаб келган вақтда уни енга олган кишидир».6
• «Эшитилган хабар кўрганчалик эмасдир».7
• «Мажлислар(да айтилган гап-сўзлар) омонатдир».8
• «Бало тилга боғлиқдир».9
• «Ёмонликни тарк қилиш ҳам садақадир».
• «Бахилликдан ҳам ёмонроқ иллат бўлиши мумкинми?»10
• «Ҳаёнинг турган-битгани яхшиликдир».11
• «Ёлғон қасам ичиш юртни саҳро ҳолатига олиб келади».12
• «Қавмнинг саййиди (бошлиғи) уларнинг хизматчисидир».13
(Давоми кейинги сонда)
1 Икки шайх ривояти.
2 Имом Табароний ривояти.
3 Икки шайх ривояти.
4 Имом Аҳмад ва Ибн Можа ривоятлари.
5 Ибн Ҳиббон ривояти.
6 Икки шайх ривояти.
7 Имом Аҳмад ва бошқалар ривояти.
8 Уқайлий ривояти.
9 Ибн Абу Шайба ва бошқалар ривояти.
10 Имом Бухорий ривояти.
11 Муттафақун алайҳ.
12 Фирдавснинг «Муснад»ида ривоятқилинган.
13 Абу Абдурроҳман ас-Суламий ривояти.
Саййид Муҳаммад Ҳасанийнинг «Икки олам сарвари» китобидан
Ғиёсиддин ҲАБИБУЛЛОҲ таржимаси
“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 17-сонидан