Аллоҳ коинотни беҳуда яратмаган
«Осмонлар ва Ернинг яратилишида, тун ва куннинг ўрин алмашиб туришида ақл эгалари учун аломатлар бордир. Улар туриб ҳам, ўтириб ҳам, ётиб ҳам Аллоҳни зикр этадилар ва осмонлару Ернинг яратилиши ҳақида фикр юритадилар (ва дуо қиладилар:) “Эй Раббимиз! Бу (коинот)ни беҳуда яратмагансан. Сен (айблардан) пок Зотдирсан. Бас, бизни дўзах азобидан сақлагин! Эй Раббимиз! Кимни Сен дўзахга киргизсанг, албатта, уни хор қилган бўласан. Золимларга эса ёрдамчилар йўқдир. Эй Раббимиз! Биз “Раббингизга имон келтиринг!” деб, имонга чорлаган жарчини (Муҳаммадни) эшитдик ва дарҳол унга имон келтирдик. Эй Раббимиз! Бизнинг гуноҳларимизни кечир, хатоларимизни ўчир ва бизларни солиҳ кишилар қаторида вафот эттир! Эй Раббимиз! Яна бизларга (барча ўтган) пайғамбарларингга (уларнинг воситаси ила умматларига) ваъда қилган нарсаларингни (савоб ва ёрдамингни) ато эт ва бизларни қиёмат кунида шармисор қилмагин! Албатта, Сен ваъдага хилоф қилмагайсан”» (Оли Имрон сураси, 190–194-оятлар).
“Осмонлар ва Ернинг яратилишида ақл эгалари учун аломатлар бордир”. Ойша розийаллоҳу анҳо ривоят қилади: «Ушбу ояти карима нозил бўлганда Набий алайҳиссалом намоз ўқиш учун турдилар. Билол розийаллоҳу анҳу азон айтиш учун келиб, у зот алайҳиссаломнинг йиғлаётганларини кўрди ва: “Ё Расулуллоҳ, Аллоҳ таоло аввалги ва охирги гуноҳларингизни кечирган бўлса, нима учун йиғлаяпсиз?” деб сўради. Набий алайҳиссалом: “Эй Билол, шукр қилувчи банда бўлмайинми?! Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло бу кеча менга: “Осмонлар ва Ернинг яратилишида, тун ва куннинг ўрин алмашиб туришида ақл эгалари учун аломатлар бордир…” оятини нозил қилди. Ушбу оятни ўқиб, у ҳақда фикр юритмаган кишига вайл бўлсин”, дедилар».
Уламолар айтишади: “Набий алайҳиссаломга эргашган ҳолда (тунда) уйғониб, уйқуни ўчириш учун юзни қўл билан силаб, сўнг тунги намозни мана шу ўн оятни ўқиш билан бошлаш мустаҳабдир”. Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳар кеча Оли Имрон сурасининг охирги ўн оятини ўқир эдилар” (Имом Қуртубий ривояти).
“Улар туриб ҳам, ўтириб ҳам, ётиб ҳам Аллоҳни зикр этадилар”. Аллоҳ таоло Одам боласи холи бўлмайдиган уч ҳолатни зикр этмоқда. Ойша онамиз розийаллоҳу анҳо ана шу уч ҳолатни умумлаштириб: “Набий алайҳиссалом ҳар он Аллоҳ таолони зикр этар эдилар” (Имом Муслим ривояти), деган. Яъни, Пайғамбаримиз алайҳиссалом турган, ўтирган, ётган ҳолларида ҳам зикрдан тўхтамаганлар.
Аллоҳ таоло бандаларини барча ҳолатда, ҳеч бир истисносиз, зикрга буюради: “Аллоҳни кўп зикр қилингиз” (Аҳзоб сураси, 41-оят). “Биз яхши амалларни қилган кишининг мукофотини зое қилмасмиз” (Каҳф сураси, 30-оят). Ушбу оятлардан маълум бўладики, Аллоҳ таолони ҳар бир ҳолатда зикр қилган киши иншоаллоҳ, ихлосига яраша ажр олади.
“Зикр этадилар”. Зикр тил орқали ёки фарз, нафл намозларини ўқиш билан амалга ошади. “Фикр юритадилар”. Аллоҳ таолонинг қудрати, махлуқотлари ҳақида фикр юритадилар.
Набий алайҳиссалом Аллоҳ таоло ҳақида тафаккур қилаётган бир қавм ёнидан ўтдилар ва бундай дедилар: “Яралмишлар ҳақида тафаккур қилинглар. Яратувчи ҳақида эмас. Сабаби, сизлар Яратувчини мукаммал таний олмайсизлар” (Имом Қуртубий ривояти). Киши фақат махлуқотлар борасида фикр юритиши, ўйлаши мумкин.
“Осмонлару Ернинг яратилиши ҳақида фикр юритадилар (ва дуо қиладилар)”. Ҳикоя қилинишича, Суфёни Саврий раҳимаҳуллоҳ Иброҳим мақоми орқасида икки ракат намоз ўқиб, сўнг бошини кўтаргач юлдузларни кўриб, беҳуш йиқилди. Узоқ вақт ғам чекиш, тафаккур қилиш туфайли аҳволи оғирлашарди.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: «Набий алайҳиссалом айтадилар: “Киши уйғонаётганда бошини кўтариб: “Сени Раббим ва яратувчим деб гувоҳлик бераман. Ё Аллоҳ, мени афв эт”, деса, Аллоҳ таоло унга назар солиб, гуноҳларини кечириб юборади”, дедилар» (Имом Қуртубий ривояти). Яна у зот алайҳиссалом: “Тафаккурга ўхшаш ибодат йўқдир”, деб марҳамат қилганлар. Бошқа бир ҳадисда: “Бир соатлик тафаккур, бир йиллик (нафл) ибодатдан афзалдир”, дейилади. Ибн Қосим раҳимаҳуллоҳ Моликдан ривоят қилади: «Умму Дардодан: “Абу Дардонинг энг кўп қиладиган иши нима эди?” деб сўрашди. У: “Энг кўп тафаккур билан машғул бўларди”, деди».
Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ: “Бир соатлик тафаккур, тунги (нафл) намоздан афзалдир”, деган.
“Эй Раббимиз! Бу (коинот) ни беҳуда яратмагансан”. Яъни: “Беҳикматга яратмагансан. Балки уни Қудратинг ва Ҳикматингга далил қилиб яратгандирсан”. “Сен (айблардан) пок Зотдирсан”. Мусо ибн Талҳа айтади: «Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан “Субҳоналлоҳ”нинг маъносини сўрашди. У зот алайҳиссалом: “Аллоҳ таолони нуқсонлардан пок деб ёд этишдир”, дедилар».
“Бас, бизни дўзах азобидан сақлагин!” “Эй Раббимиз! Кимни Сен дўзахга киргизсанг, албатта, уни хор қилган бўласан”. Муфаззал раҳимаҳуллоҳ: “Ҳалок этган”, деб тафсир қилган. Бир ўринда: “Уни фош этган ва узоқлаштирган бўласан”, дейилган. Саид ибн Мусайяб айтади: “Ушбу оят дўзахдан қайтиб чиқмайдиган кофирларга хосдир. Шунинг учун Парвардигор: “Золимларга эса ёрдамчилар йўқдир”, демоқда.
«Эй Раббимиз! “Биз Раббингизга имон келтиринг!” деб, имонга чорлаган жарчини (Муҳаммадни) эшитдик», яъни Муҳаммад алайҳиссаломни. Ушбу фикрни Ибн Масъуд, Ибн Аббос ва бошқа муфассирлар айтишган. Қатода ва Муҳаммад ибн Каъб Қурзий бундай дейди: “Оятдан Қуръон назарда тутилмоқда. Сабаби, мушрикларнинг барчалари Набий алайҳиссаломни эшитишмаган. Аллоҳ таолонинг мўмин жинлар ҳақида берган хабари бунга далилдир: “Дарҳақиқат, бизлар ажиб бир Қуръонни эшитдик. У тўғри йўлга ҳидоят қилади” (Жин сураси, 1–2-оятлар). Уларнинг ушбу фикрига олимлар: “Ким Қуръонни эшитса, Набий алайҳиссаломни учратгандек бўлади, гўё”, деб жавоб беришади.
“Эй Раббимиз! Бизнинг гуноҳларимизни кечир, хатоларимизни ўчир”. “Кечир ва ўчир” яъни, “беркит”. “Ва бизларни солиҳ кишилар қаторида вафот эттир!”
“Эй Раббимиз! Яна бизларга (барча ўтган) пайғамбарларингга (уларнинг воситаси ила умматларига) ваъда қилган нарсаларингни (савоб ва ёрдамингни) ато эт”. Яъни, пайғамбарлар ва фаришталарнинг мўминлар учун айтган истиғфорлари. Фаришталар Ер юзидагилар (инсонлар) учун истиғфор айтишади. Нуҳ алайҳиссаломнинг мўминлар учун қилган дуоси. Иброҳим алайҳиссалом ҳамда Набий алайҳиссаломнинг умматлари учун қилган дуолари.
“Ва бизларни қиёмат кунида шармисор қилмагин!” Бизни азоблама, ҳалок этма, айбларимизни фош қилма. “Албатта, Сен ваъдага хилоф қилмагайсан”. Агар: “Пайғамбарлар ушбу дуоларидан нимани назарда тутишмоқда? Ахир, биз Аллоҳ таолонинг ваъдага хилоф қилмаслигини биламиз-ку?” дейилса, бундай жавоб берилади: “Аллоҳ таоло имон келтирган бандага жаннатни ваъда қилгани маълум. Ушбу дуодан мақсад хор бўлмайдиган, иқобга учрамайдиган бандалари қаторида бўлишни Аллоҳдан сўрашдир.
“Тафсири Қуртубий” асосида
Иномжон ХУДОЁРОВ тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 17-сонидан