Зайдул Хойр (розияллоҳу анҳу)
Зайд ўзида шижоат ва пешқадамлик, саховат ҳамда ҳалимликни жамлади. Жазолашга қодир бўлса-да, афвни афзал кўрди. Исломни қабул қилгач, гуноҳ ва маъсият ишларга йўламади. У ҳақда Набий алайҳиссалом: “Эй Зайд, сен қандоқ яхши инсонсан-а?!” деб марҳамат қилганлар.
Зайд ибн Муҳайҳил ибн Зайд Тоий, Набҳаний. Яъни, Зайдул Хойр ёки Зайдул Хойл. Куняси: Абу Муканнаф. Жоҳилиятда Зайдул Хойл исми билан танилган. Сўнгра Набий алайҳиссалом уни Зайдул Хойр, деб атаганлар. Ушбу саҳоба жоҳилият замонидаги аслзодалардан, эркакларнинг кўрками, хилқати энг мукаммали, қомати энг узуни, буюк чавандоз ҳамда тенги йўқ мерган эди. От минганида оёқлари ерга судралиб турарди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида хабар топиши билан маркабини ҳозирлаб, Зир ибн Садус, Молик ибн Жабир, Омир ибн Жувайн каби қавмининг буюкларини тўплади ва уларга Ясрибга бориш, Набий алайҳиссалом билан учрашиш таклифини айтди. Қавмининг саййиди ва буюк чавандози бўлгани боис, Исломни қабул қилса, у билан бирга қавмининг улуғлари ва уларнинг оила аъзолари ҳам динга киришади, деб ҳисобларди.
Зайдул Хойл Тойи қабиласининг бир неча улуғларини тўплаб, Ясрибга йўл олди. Шаҳарга кирибоқ, тўғри Пайғамбаримиз алайҳиссалом масжидларига келди. Маркабларни эшик оғзига боғлади.
Уларнинг бу ташрифлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг минбарда туриб, саҳобаларга жума хутбасини ўқиётганларига тўғри келди. Уларни Набий алайҳиссаломнинг сўзлари ва саҳобаларнинг у зотга қаттиқ боғланганлари ҳайратга солди. Набий алайҳиссалом ушбу қавмнинг масжидга биринчи бор келганини билиб, гапларини улар томон бурдилар ва: “Мен сизга Аллоҳни қўйиб, ибодат қиладиган Уззодан ҳамда ҳар бир ибодат қиладиган нарсангиздан яхшиман. Шунингдек, қора туядан афзалман” (Ҳар асрнинг энг қимматбаҳо нарсаси бўлади. Ўша вақтда қора туя энг қимматбоҳо нарса ҳисобланган).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг гаплари Зайдул Хойлнинг ва у билан бирга келган кишиларга турлича таъсир этди. Шунинг учун улардан баъзилари ҳаққа жавоб қилишса, айримлари юз ўгириб, қайтишди. Зир ибн Садус ортга қайтганлардан бўлди. Унинг қалбига ҳасад оралади. Шерикларига: “Араблар устидан ҳукмронликни қўлга киритадиган кишини кўрмоқдаман. Аллоҳга қасам, ҳеч қачон ўзимни унга топшириб қўймайман”, дея юрти Шомга қайтиб кетди. Ўша ерда сочини олиб, насронийликка кирди.
Аммо Зайд билан қабиладошларининг ҳолати аксинча кечди. Ҳали Пайғамбаримиз алайҳиссалом каломларини тугатиб улгурмасларидан бурун Зайд мусулмонлар жамоаси орасига кирди ва: “Эй Муҳаммад, Аллоҳдан Ўзга илоҳ йўқ эканига ва Сиз Унинг расули эканингизга гувоҳлик бераман”, деб баралла шаҳодат келтирди.
Набий алайҳиссалом Зайдга юзланиб: “Сен кимсан?” деб сўрадилар. У: “Зайдул Хойл ибн Муҳайҳилман”, деб жавоб қилди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Балки сен Зайдул Хойл эмас, Зайдул Хойрсан. Яшаб турган тоғу тошингдан бу ерга келтирган ва қалбингни Исломга мойил этган Зотга ҳамд бўлсин”, деб марҳамат қилдилар.
Зайд розияллоҳу анҳу Исломга киргач, қавмдошлари ҳам динни қабул қилишди. Кейин Набий алайҳиссалом уни уйларига бошлаб бордилар. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ҳам бирга эди. Ҳужраи саодатга киришганда Пайғамбаримиз алайҳиссалом Зайдга болиш узатдилар. Зайд Набий алайҳиссалом ҳузурларида суяниб ўтиришга ҳаё қилди. Динга кирганига ярим соат ёки ундан кўпроқ вақт ўтган бўлса-да, одоб сақлади ва: “Ё Расулуллоҳ, ҳузурингизда ёнбошлаб ўтиролмайман”, деб болишни қайтарди. У зот алайҳиссалом унга қайтаравердилар. Охири тинчланиб олишгач, ораларида суҳбат бошланди.
Зайд розийаллоҳу анҳу: “Ё Расулуллоҳ, сиз сабаб чўлу адирларни босиб ўтдим. Кечаларни тонгларга, тонгларни кечаларга уладим. Аллоҳ таоло яхши кўрадиган ва ёмон кўрадиган кишиларнинг аломатлари ҳақида сўраш учун келдим”, деди. Набий алайҳиссалом: “Қандай тонг орттирдинг, эй Зайд?”, деб сўрадилар. Зайд: “Яхшиликни яхши кўриб, унга амал қилувчини ҳам яхши кўриб, бирон яхшилик қилсам, ажр олишни истаб тонг оттирдим. Яхшилик қилолмаслик мени хафа қилади”, деди. Набий алайҳиссалом: “Мана шу Аллоҳ таоло яхши кўришининг ва яхши кўрмаслигининг белгиларидир”, дея жавоб бердилар.
Набий алайҳиссалом: “Эй Зайд, бирон кишини сифатлашган бўлса, кўрганимда ўзгача бўлиб чиққан. Фақат сен сифатлашгани каби бўлдинг”, деб мақтадилар. Сўнг яна сўзларида давом этиб: “Эй Зайд, сенда Аллоҳ ва Расули яхши кўрадиган икки хислат бор”, дедилар. Зайд: “Улар қайсилар”, деб сўради. Набий алайҳиссалом: “Бардошлилик ва ҳалимлик”, дедилар. Бу сўзларни эшитиб Зайд: “Мени Аллоҳ ва расулига севимли қилган Зотга ҳамду сано бўлсин”, деди. Сўнг Набий алайҳиссаломга юзланиб: “Ё Расулуллоҳ, менга уч юзта отлиқ аскар беринг. Румга ғазот уюштириб, уларни тор-мор этаман”, деди.
Набий алайҳиссалом унинг бу ҳимматини юқори баҳолаб: “Эй Зайд, Сен қандоқ яхши инсонсан-а? ” деб мақтадилар.
Зайд юрти Наждга қайтишни ният қилгач, Набий алайҳиссалом у билан видолашганлар. Сўнг: “Бу қандай одам бўлди-я? Агар унга Мадина вабоси етмаса, кўпдан-кўп ишларни амалга оширармиди?!” дедилар.
Ўша вақтда Мадинада безгак вабоси тарқаган эди. Ҳали узоққа кетиб улгурмасидан бурун Зайд вабога чалинди. У оила-аҳлига етиб олишни, Аллоҳ таоло яқинларини унинг қўли билан Исломга киритишини хоҳларди. Лекин насиб бўлмади. Йўлининг бир қисмида сўнгги нафасини олди. Исломи билан ўлими орасида гуноҳ қилишга етарли фурсат бўлмади.
Манбалар асосида
Мунибахон ЖАЛОЛИДДИН қизи таржимаси
“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 17-сонидан