Сўраган эдингиз…
Савол: Мен ишим юзасидан сафарда кўп бўламан. Намоз пайти бўлганда машинада ўтирган ҳолатимда намозларимни ўқиб оламан. Чунки машинадан тушиб намозларни адо этадиган бўлсам, вақт кўп кетиб қолади. Шу ишим тўғрими?
Жавоб: Мусофир киши беш вақт фарз ва витр намозини енгил машина ёки юк уловларида узрсиз ўтириб ўқиши жоиз эмас. Сабаби, бундай намоз ўқилганда намознинг тик туриш, руку, сажда каби фарз амалларини ерга тушиб бажаришга қодир бўлатуриб бажармаган ҳисобланади. Натижада, ўқилган намоз дуруст бўлмасдан қолади.
Ибн Умар розийаллоҳу анҳумо айтадилар: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам сафар пайтида уловлари қаерга қараб кетишидан қатъи назар, фарзлардан бошқа намозларни имо-ишора билан улов устида ўқир эдилар” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
“Ал-Мавсуатул фиқҳийя ал-Кувайтийя” китобида бундай дейилган: “Ҳанафийларнинг наздида фарздан бошқа вожиб амаллар ҳам бор. Масалан, витр намози. Витр намозини узрсиз улов устида ўқиш жоиз эмас. Шунингдек, тиловат саждасини ҳам улов устида адо қилиш жоиз эмас”.
Уламоларимиз юқоридаги маълумотларга суяниб, фарз ва вожиб ҳамда жаноза намозларини енгил ёки юк авто уловларида узрсиз ўтириб ўқиш дуруст эмас дейдилар. Фиқҳий китобларимизда қуйидаги узрли ҳолатларда сафарда фарз намозларни уловда ўқиш мумкин экани айтиб ўтилган:
1. Уловдан тушса, ер лой ёки сув бўлиб, ерда намоз ўқишга умуман шароит бўлмаса;
2. Уловдан тушса, ўзига, молига ёки уловига йиртқич, ўғри ёхуд душман томонидан тажовуз қилиши хавфи бўлса;
3. Уловдан тушса, беморлиги зиёда бўлса ёки кексалиги сабабли уловга қайта минишида қаттиқ машаққат юзага келса (“Муҳит”, “Фатавои Ҳиндийя”).
Демак, фарз ва вожиб намозларини юқорида зикр қилинган узрлардан бири топилса, мусофир киши машинада ўтириб, имо-ишора қилиб адо қилиши мумкин. Узр сабабли улов устида ўқилган намозни узр кетгандан кейин қайта ўқилмайди. “Хулосатул фатаво” китобида фарз ва вожиб намозларни узр сабабли уловда ўқиётган киши имкон бўлса, албатта, қиблага юзланиб ўқийди. Мабодо, қиблага юзланишнинг имкони бўлмаса, улов кетаётган тарафга қараб намозини адо этиши мумкин дейилган. Аммо узрлардан бири топилмасдан туриб машинада ўтириб фарз ва вожиб намозлар ўқилса намоз дуруст бўлмайди.
Шунингдек, мусофир киши сафари давомида фақат нафл намозларни барча автоулов турларида, хоҳ у енгил ёки юк машина бўлсин, хоҳ сувда юрувчи ёки ҳавода учувчи восита бўлсин, ўтириб, имо-ишора қилиб ўқишига шариатимиз рухсат беради. Бу ҳақда Жобир ибн Абдуллоҳ розийаллоҳу анҳумо айтадилар: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам нафл намозларини улов минган ҳолатларида қиблага йўналмасдан ҳам ўқир эдилар” (Имом Бухорий ривояти).
Нафл намозларини улов устида ўқиш ҳақида «Ал-Мавсуъатул фиқҳийя ал-Кувайтийя» китобида шундай дейилган: “Мусофир киши нафл намозларни улов қайси тарафга қараб кетишидан қатъи назар, улов устида ўқиши жоиз эканига уламолар иттифоқ қилганлар”.
“Ҳидоя” китобида фарздан олдинги ва кейинги суннатлар ҳам нафллар қаторига киради дейилган. Лекин Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ: “Бомдоднинг суннатини уловдан тушиб ўқиш афзал, чунки у бошқаларига нисбатан таъкидлироқ”, деганлар. Валлоҳу аълам.
Савол: Ҳаммомга бавл қилса васвас касалига учрайди деб эшитганман, шу ҳақда маълумот берсангиз?
Жавоб: Ғусл қилинадиган жой – ҳаммомга бавл қилиш (сийиш) макруҳ амал ҳисобланади. Чунки Абдуллоҳ ибн Муғаффал розийаллоҳу анҳу Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан ривоят қилган ҳадисда бундай дейилади: “Бирортангиз ювинадиган жойида бавл қилмасин! Чунки аксар васваса касалликлар шундан келиб чиқади” (Имом Термизий ривояти).
Бошқа бир ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Бирортангиз ювинадиган жойида бавл қилмасин! Чунки аксар васвасалар шундан келиб чиқади”, деганлар.
Ушбу ҳадиси шарифнинг шарҳида Аллома Мулла Али Қори бундай дейдилар: “Уламолар бавл қилиш қайтарилган ўринлар ҳақида ихтилоф қилганлар. Улардан баъзилари сув оқиб кетадиган йўли (қувури) бўлмаган юмшоқ ер назарда тутилган, дейдилар. Чунки ювиниладиган юмшоқ ердаги бавл ўша жойда ўрнашиб қолади. Қаттиқ ердаги бавл эса бир жойда турмай, оқиб кетади ва устидан сув қуйиб юборилса, бавл бутунлай йўқолади. Баъзилари бу гапнинг бутунлай тескарисини айтиб, ювиниладиган қаттиқ жойга бавл қилинганда қайтиб, баданга сачраши эҳтимоли бор, юмшоқ ерда бундай бўлмайди, дейдилар. Афзалроғи, ҳадиси шарифни қандай бўлса, шундай тушунишдир. Чунки васвасага дучор бўлиш юмшоқ ёки қаттиқ ерга бавл қилишга хослаб қўйилмаган. Ювиниладиган ҳар икки хил ерга бавл қилганда ҳам васвасага сабаб бўлиши мумкин” (“Мирқотул мафотиҳ”).
“Дуррул мухтор” китобида бавл ва ҳожатга тааллуқли макруҳ амаллар саналиб, жумладан, қуйидагилар айтиб ўтилган:
– она фарзандини қибла тарафга қаратиб тўсиши;
– ой ва қуёшга юзланган ҳолда ҳожат чиқариш;
– сувга ҳожат чиқариш, қудуқ, анҳор, ҳовуз, булоқларнинг бир четига ҳожат чиқариш;
– мевали дарахт остига; экинзорга; соя берувчи дарахт остига; масжид атрофига; ҳайитгоҳ атрофига; қабристонларга; чорвалар юрадиган жойларга; йўлларга; шамол эсадиган тарафга; сичқон, илон, чумоли кабиларнинг инига; ер тешикларига; узрсиз тик турган ҳолда; ёнбошлаган ҳолда; яланғоч ҳолатда; таҳорат оладиган жойга ёки ғусл қиладиган жойга бавл қилиш – буларнинг барчаси макруҳ ҳисобланади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати
“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 17-сонидан