РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВА САЛЛАМ – ЮКСАК БАЛОҒАТ ВА ФАСОҲАТ СОҲИБИ
• «Илмнинг фазилати ибодат фазилатидан яхшироқдир».1
• «Савоби энг тез етадиган яхшилик – ўзгаларга яхшилик қилиш ва силаи раҳмдир (яъни, яқинлар билан қариндошлик ришталарини боғлаш). Жазоси ва азоби тез келадиган ёмонлик эса бировга зулм қилиш ва қариндошликни узишдир».2
• «Баъзи баён (нутқ)ларда сеҳр, баъзи илмларда жаҳолат, баъзи шеърларда эса ҳикмат бор».3
• «Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар уларга бепарводир: сиҳат-саломатлик ва бўш вақт».4
• «Макр-ҳийла ва фирибгарликнинг олиб борадиган жойи жаҳаннамдир».5
• «Маслаҳат сўралувчи киши унга омонат топширилган (холис маслаҳат бериши омонат) одамдир».6
• «Надомат – тавбадир».7
• «Яхшиликка сабаб бўлган одам худди уни қилган одам кабидир».8
• «Бир нарсани яхши кўришинг сени кўр ва кар қилиб қўяди».9
• «Энг яхши мол – ухлаганингда ҳам оқиб турувчи булоқдир». Бу ҳадиснинг маъноси: Мол-мулкнинг энг яхшиси манфаати доимий бўлганидир, у худди одамлар ичсин деб текинга топшириб қўйган булоқ кабидир. Эгаси ухлаб ётса ҳам, булоқ кечаю кундуз оқаверади, савоби ҳам эгасига ёзилаверади.
• «Энг афзал мол – кўп болаловчи бия ва четларига хурмо экилган йўлакдир».10
• «Амали ортга сурган одамни насаби олдга сура олмайди».11
• «Бир-бирингизни зиёрат қилиб туринглар, ўзаро муҳаббат зиёдалашади».
• «Бу дин мустаҳкамдир. Сен унга мулойимлик ила киргин».12 Бошқа бир ривоятда қуйидаги зиёдалар келтирилган: «Бошқалардан узилиб ўзи ёлғиз қолган киши кўзлаган жойига етиб бора олмайди, туясини ҳам соғ қолдирмайди».13 Ҳадиснинг маъноси: Ёлғиз қолган киши олдиндагиларга етиб олиш мақсадида уловини аямай, унга тоқати етмайдиган нарсаларни юклайди. У бу ҳолатида қанча шошилмасин, на кўзлаган ерига етиб олади ва на туяси соғ қолади.
• «Оқил одам – ўзини сарҳисоб қилиб, ўлимдан кейинги ҳолатни ўйлаб амал қиладиган кишидир. Ожиз одам эса ҳавойи нафсига эргашиб, Аллоҳ таолодан кўп нарсани умид қиладиган хомхаёл кишидир».14
• «Қалбингиз бир (ёмон) нарсага тараддудланса, уни тарк қилинг (қалбда кечадиган турли васвасаларга эътибор берманг)».15
• «Аёлга чиройи, моли, дини ҳамда насаби учун никоҳланилади. Сен диндорини танлагин, барака топкур».16
• «Қиш фасли мусулмоннинг баҳоридир. Қисқа кунларида рўза тутади, узун тунларида бедор бўлади».17
• «Қаноатли бўлиш битмас-туганмас мол, йўқ бўлмайдиган хазинадир».18
• «Истихора қилган ноумид бўлмайди, маслаҳат қилган надомат чекмайди, иқтисод қилган фақир бўлмайди».19
• «Инфоқда (сарф-харажатда) иқтисод қилиш ҳаётнинг ярмидир, инсонларга дўстона муносабатда бўлиш ақлнинг ярмидир, гўзал савол бериш илмнинг ярмидир».20
• «Аллоҳ розилиги йўлида қилинган чора-тадбир каби ақлли тадбир йўқ. Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсалардан тийилишдек тақво йўқ».21
• «Ҳақиқий мусулмон – тили ва қўлидан бошқа мусулмонлар омонда бўлган кишидир. Ҳақиқий муҳожир – Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан ҳижрат қилган (яъни, ўша нарсаларни тарк қилган) кишидир».22
• «Омонатдорлиги йўқ кишининг имони йўқ, аҳду паймони йўқ кишининг дини йўқ».23
• «Қадрдон дўстларга гўзал муомалада бўлиш имондандир».24
• «Кишининг чиройи тилининг фасоҳатидадир».25
• «Иккита еб тўймас очкўз бор. Бири – толиби илм, яна бири – дунёни талаб қилувчи».26
• «Нодонликдан ортиқ фақирлик йўқ. Ақлдан азизроқ бойлик йўқ, ужб (ўзига-ўзи қойил қолиш)дан тубанроқ йўқ».27
• «Гуноҳ унутилмас, яхшилик ўчмас, Дайён Зот ўлмас. Қандай хоҳласанг, шундай бўл».28
• «Илмга ҳалимлик қўшилганидан гўзалроқ нарса йўқ».29
• «Ризқни ердан изланглар».30
• «Дунёда худди мусофир ёки йўловчидек бўлгин, ўзингни қабр аҳлларидан деб ҳисобла».31
• «Яхшилик ва мурувватли ишлар ҳалокатли, ёмон ишлардан сақлайди, махфий садақа бериш Раб таолонинг ғазабини сўндиради, силаи раҳм қилиш умрни зиёда қилади».32
• «Афвли, кечиримли бўлиш бандага азизликни зиёда қилади, тавозели бўлиш мартабасини юксалтиради, ҳеч бир мол садақа туфайли камайиб қолган эмас».33
Мазкур ҳадислардан ташқари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг фазилатлари, маърузалари, хутбалари, дуолари ҳамда аҳдномалари ҳақида жуда кўп ровийлар бир-бирларидан ривоятлар келтирганлар.
Шак-шубҳа йўқки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам барча соҳада, хусусан фасоҳат ва балоғат соҳасида ҳам бирор киши ета олмайдиган юксак даража эгаси ҳисобланганлар ва бу борада барчага ўрнак бўлганлар.
1 Имом Табароний ва бошқалар ривояти.
2 Имом Аҳмад ва Имом Термизий ривояти.
3 Имом Абу Довуд ривояти.
4 Имом Бухорий ривояти.
5 Имом Байҳақий ва Баззор ривояти.
6 Имом Аҳмад ва бошқалар ривояти.
7 Имом Табароний ва Имом Аҳмад ривояти.
8 Аскарий ва Имом Табароний ривояти.
9 Имом Аҳмад, Абу Довуд ва бошқалар ривояти.
10 Имом Аҳмад ва бошқалар ривояти.
11 Имом Муслим ривояти.
12 Имом Аҳмад ривояти.
13 Баззор ривояти.
14 Имом Аҳмад, Имом Термизий, Имом Ҳоким ривоят қилган. Имом Ҳоким саҳиҳлар қаторига киритган.
15 Имом Табароний ривояти.
16 Муттафақун алайҳ.
17 Имом Байҳақий ва бошқалар ривояти.
18 Имом Табароний ва бошқалар ривояти.
19 Имом Табароний ривояти.
20 Имом Байҳақий ва бошқалар ривояти.
21 Имом Байҳақий ривояти.
22 Муттафақун алайҳ.
23 Имом Аҳмад ва бошқалар ривояти.
24 Имом Ҳоким «Мустадрак»ида ривоят қилган.
25 Қузоъий ривояти.
26 Имом Табароний ва бошқалар ривояти.
27 Имом Ибн Можа ривояти.
28 Фирдавс «Муснад»идаги Имом Дайламийнинг ривояти.
29 Аскарий ривояти.
30 Абу Шурайҳ ривояти.
31 Имом Байҳақий ва бошқалар ривояти.
32 Абу Шурайҳ ривояти.
33 Имом Муслим ривояти. Бошқа муҳаддислар ҳам турли лафзлар билан ривоят қилишган.
Саййид Муҳаммад Ҳасанийнинг «Икки олам сарвари» китобидан
Ғиёсиддин ҲАБИБУЛЛОҲ таржимаси
“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 18-сонидан