Мақолалар

Иқола

Чоп этилди Noyabr 25, 2020 Иқолаda fikr bildirishni o'chirish

“Иқола” сўзи луғатда бўшаш, бўшатиш маъноларини англатади.

Шаръий истилоҳда эса икки шартномачи – сотувчи ва харидор ўртасидаги шартнома, келишувни бузишга иқола дейилади. Ушбу сўз асосан савдо келишувида қўлланиб, бу амалиёт келишув битганидан кейин сотувчи ва харидорнинг розилиги билан амалга оширилади. Бир томон савдони бекор қилиб, иккинчи томоннинг унга рози бўлиши иқола ҳисобланади.

Иқола мандуб амал бўлиб, унинг дуруст бўлиши томонларнинг розилигига боғлиқдир. Иқола амалиёти савдо ташкилотлари ўртасида тузилган шартномани бекор қилишда ҳам татбиқ этилади.

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким мусулмоннинг (савдодаги) қайтишини кечирса, Аллоҳ унинг қоқилишини кечиради”, дедилар (Имом Абу Довуд ва Ибн Можа ривояти).

Харидор сотиб олган молини сотувчига қайтариб олиб келиб: “Молингизни олиб, пулимни қайтариб берсангиз”, деса, сотувчи рози бўлиб пулини қайтариб берса, у (сотувчи) ҳадисдаги ваъдага сазовор бўлади.

Лекин сотилган нарса сигир, қўй ё эчки каби ҳайвон бўлиб, харидор қўлида туғиб – кўпайса, уни иқола қилиб бўлмайди.

Икки шерик ўртасидаги мулкни сотишгач, улардан бири харидор билан келишиб, молни ўзига олмоқчи бўлса, у шеригининг розилигини олиши керак бўлади. Чунки шариатга кўра, сотиб олиш ҳуқуқи биринчи бўлиб эски шерикка берилади.

Молга айб етиб ўзгармаган бўлса, келишилган нархдан қиммат ёки арзонроққа иқолани шарт қилиш ботилдир. Аммо молга айб етган бўлса, харидор олдинги қийматидан камроқ беришни шарт қилиши жоиз. Масалан, юз мингга сотилган буюмни харидор сотувчига қайтариб олиб келди. Буюмга харидорнинг қўлида нуқсон етган ҳолатда сотувчи: “Буюмга нуқсон етгани учун уни юз эмас, саксон мингга қайтариб оламан”, дейишга ҳақли бўлади.

Демак, харидор қўлида сотилган нарсанинг бир қисми талафотга учраса, қолган қисмини иқола қилиш мумкин. Аммо унинг ҳаммаси ҳалок (яъни, синиб, бузилиб, йўқолиб, оқиб, ёниб, эриб кетадиган) бўлса, иқола қилиб бўлмайди. Лекин сотувчининг сотган моли эвазига олган пул ё унинг ўрнини босадиган нарсани ишлатиб юбориши иқола қилишга халақит бермайди. Харидор сотиб олган молни йўқ қилган бўлса, иқола қилиб бўлмайди.

Иқолани унинг аввалги нархи мислидаги эвазга ҳам қилиш мумкин. Яъни, савдо сўмда амалга оширилган бўлса, уни иқола қилишда ўша нарх муқобилидаги бошқа пулга келишиш жоиз.

Манбалар асосида Абдуллоҳ АЛИҚУЛОВ тайёрлади.

“Ислом нури” газетасининг 2020 йил 18-сонидан


Fatal error: Uncaught wfWAFStorageFileException: Unable to save temporary file for atomic writing. in /home/hidoyatu/public_html/wp-content/plugins/wordfence/vendor/wordfence/wf-waf/src/lib/storage/file.php:35 Stack trace: #0 /home/hidoyatu/public_html/wp-content/plugins/wordfence/vendor/wordfence/wf-waf/src/lib/storage/file.php(659): wfWAFStorageFile::atomicFilePutContents('/home/hidoyatu/...', '<?php exit('Acc...') #1 [internal function]: wfWAFStorageFile->saveConfig('livewaf') #2 {main} thrown in /home/hidoyatu/public_html/wp-content/plugins/wordfence/vendor/wordfence/wf-waf/src/lib/storage/file.php on line 35