Мақолалар

Ҳабашистонга иккинчи ҳижрат

Чоп этилди Noyabr 28, 2020 Ҳабашистонга иккинчи ҳижратda fikr bildirishni o'chirish

(Давоми. Бошланиши ўтган сонларда).

Шу билан болани бозорга чиқариб, йироқ­дин келган бир савдогарга олти юз танга баҳода сотдилар. Шу куниёқ савдогар уни кемасига олиб жўнади. Нақ шу кечқурунда ёмғир ёғиб эди, подшоҳни булутдан тушган яшин сўқиб ўлдирди. Бу ҳодиса бўлгандин кейин ҳабаш халқи унинг болаларидин бирини ўрнига кўтармоқчи бўлдилар. Қарасаларким, ўн икки ўғилнинг бириси ҳам бу ишга ярамас чиқди. Ҳар тарафда қўзғолонлар кўтарилиб, халқ ичи булғанди. Давлат арбоблари бу ҳақда чора тополмай, шошилиб қолдилар. Шу чоғда алардин бировлари туриб:

– Эрталабки сотган боланглар – сизларнинг подшоҳинглар. Ундин ўзга бу авлод ичида ҳукумат бошқарувчилик киши йўқдир. Иш улғаймасдин илгари ул болани топишимиз керак, бўлмаса мамлакатимизда, харобалик бошланади, – деди. Шунинг билан бир қанча давлат кишилари савдогар кемасининг кетидан етиб, ани қайтардилар. Кечагина ўзлари ўлдирмоқчи бўлган, сўнгра чет эл аҳлига сотиб юборган боланинг бошига тож қўйиб, тагига тахт ясаб, бутун ҳабаш халқи ани подшоҳ қилиб кўтардилар. Нажоший шу воқеани эскариб, муҳожир саҳобалар билан бўлган музокарада юқоридаги сўзни айтган эди. “Худо мени подшоҳ қилишда пора олмади, ҳеч кимнинг сўзига кирмади”, деганининг маъноси шу экан. Сўнгра Нажошийни сотиб олган савдогар, кейинидин келиб, уни сотганлар билан кўришди.

– Олган молимни ёки пулимни беринглар, бўлмаса ўзига арз қилурман, – деди. Улар:

– Сенга ҳеч нарса бера олмаймиз, арз қи­ламан десанг, тўсмаймиз, – дедилар. Сав­догар тўғри подшоҳ олдига кириб, саломдин сўнгра:

– Мен бозорда бир жамоадин олти юз тангага бир ғулом сотиб олиб эдим. Алар ғуломни бериб, пулимни олдилар. Ғуломим билан йўлга чиққанимда, орқамдин бориб, ани қайтариб келдилар, – деб ўзига киноя қилди. Подшоҳ ҳам:

– Савдогарнинг пули ўзига топширилсин ёки олган ғуломини қўлига берилсин, ҳар жойга олиб кетса, ҳақлидур, – деб ҳукм чиқарди. Бу эрса Нажошийнинг биринчи чиқарган ҳукми адолати эди. Шунинг учун уни Аллоҳ таоло муҳожир саҳобаларга меҳ­рибон қилиб, аларни ҳамиша ўз ҳимоя­сида асради. Шу орқали жаноби Пайғамбаримизнинг назари илтифотларига кирди. Шунинг натижаси бўлса керакки, саодати азалий ёр бўлиб, ёлғиз ўзи бутун аҳолисига қарши туриб, подшоҳлигини қизғанмасдин, ҳеч бир махлуқдин қўрқмасдин, Холиқи Акбарнинг ўзига такя қилиб (ишониб), подшоҳлик тахтида турган чоғида очиқдан-очиқ Ислом динини қабул қилди. Ҳазрат Жаъфар қўл­ларида шаҳодат айтиб, имонга мушарраф бўлди. Ҳабашистон подшоси Нажошийнинг имонга келиши воқеасини ўз ўрни келганда яна баён қилурмиз, иншоаллоҳ.

Яна ўз сўзимизга келайлик. Шунинг билан Қурайш қавмлари юборган вакиллар Амр ибн Ос, Абдуллоҳ ибн Рабиъа мақсадларига етолмай, ноумид қайтишдилар. Бунинг устига ҳазрати Умар ила амир Ҳамзанинг Исломга мушарраф бўлишлари ила Ислом дини ривожланишга бошлади. Мўминлар Пайғамбаримиз бошлиқ, ибодатларини Каъба қошида ошкора қилдилар. Ҳазрати Умар Исломни қабул қилиши билан:

– Сўз тарқатишда Қурайш қабиласи ичида энг ортиқ одам кимдур? – деб сўради. Анда Жамил ибн Маъмар деган кишини кўрсатдилар. Ҳазрати Умар анинг билан эрталаб кўришиб:

– Эй Жамил, хабаринг борми, мен Ислом динига кириб, Муҳаммадга имон келтирдим, – деди. Ҳеч сўз қайтармасдин Жамил Қурайш раислари ўлтирган жойга қараб жўнади. Орқасидин ҳазрати Умар ҳам юрди. Жамил Байтуллоҳ олдида туриб, борлик товуши ила:

– Эй халойиқ, огоҳ бўлинглар! Умар ўз динини ташлаб Муҳаммад динига кирди, – деб қаттиқ қичқирди. Ҳазрати Умар эса орқадин туриб:

– Бу ёлғон айтди, мен мусулмон бўлдим. Аллоҳнинг борлигига, анинг бандаси Му­ҳаммаднинг ҳақ пайғамбарлигига гувоҳлик бериб, имон келтирдим, – дейиши билан атрофда турган мушриклар анинг устига ҳужум қилдилар. Ҳазрати Умар ҳам аларга қарши гоҳи уриб, гоҳи суриб юриб, кун туш бўлди. Охири қаттиқ чарчаганликдин бир жойда ўтирди.

– Энди қўлларингдан ҳар на келса, аяманглар. Бу йўлдин қайтиш йўқ, бўлганим шу, – деб қараб турди. Худо ўнглаб шу орада Қурайш раисларидин Ос ибн Воил деган одам ясанган-тусанган ҳолда савлат билан кириб келди. Ҳазрати Умарнинг атрофида ёмон кўз билан ҳурпайишиб, қараб туришган кўпчилик халққа анинг кўзи тушди.

– Бу нечук ҳолдур? – деб алардин сўради.

– Умар Муҳаммадга имон келтирибдур, – дедилар. Анда Ос ибн Воил айтди:

– Эй халойиқ! Бир одам ўзи суйган ишига кирмишдур, анинг учун сизларга [нега] бунча ичкуйгулик бўлди? Бу ҳам Қурайшнинг Бани Адий уруғидин бўлган бир ўғилдур, алар буни бу ҳолда кўрсалар, розилик бериб, қараб туришарму? Тарқалинглар бунинг устидан, – деб бир ҳайқириб эди, ҳазрати Умарни қоплаб турган қалин халқдин бир киши қолмай тарқалишдилар. Бу баҳона билан Аллоҳ таоло ҳазрат Умарни мушриклар озоридин қутқазди.

Давоми бор

Алихонтўра СОҒУНИЙнинг

“Тарихи Муҳаммадий” асаридан.

“Ҳидоят” журналининг 2020 йил 7-сонидан